Ўзбекистон | 16:58 / 31.07.2017
69853
3 дақиқада ўқилади

«Охирги огоҳлантириш»: Имтиҳонга шпаргалка ёки телефон олиб киришга уринганлар четлатилади

31 июль куни Тошкент давлат юридик университети қабул комиссияси ва имтиҳон жараёнларига масъул қилиб тайинланган ходимлар ўртасида назорат йиғилишлари бўлиб ўтди. Айтиш керакки, бу йилги имтиҳонда текшириш, кузатиш ва назорат ишларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари, ички ишлар ходимлари, божхона, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати ҳамда университет ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинган. Абитуриентлар икки тартибда ташқи ва ички назоратдан ўтказилади.

Аввал хабар берилганидек, бу йил давлат тест имтиҳонларида шаффофликни таъминлаш ва адолат мезонларига сўзсиз амал қилишга эришиш мақсадида «Ўзэкспомарказ»нинг 4та павильонида Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширган абитуриентлардан тажриба-синов тариқасида янги шаклдаги имтиҳон ўтказилмоқда.

Ушбу университетда ташқи назоратда абитуриентлар 3 босқичда текширувдан ўтказилади. Махсус замонавий текширув жиҳозларидан тортиб ҳар бир абитуриент масъуллар томонидан индивидуал текширувдан ўтказилади. Абитуриент ёнидан тақиқланган буюмлар яъни, ўқув қўлланма, мобил телефон, шпаркалка ва ҳоказо предметлар топилса ёки яширин тарзда тақиқланган буюмларни ўзи билан имтиҳонга олиб киришга уриниш аниқланса, имтиҳондан сўзсиз четлаштирилади. 

Аҳамиятли жиҳати «Ўзэкспомарказ» ҳудудида бу ҳақда абитуриентларни огоҳлантирувчи баннерлар қўйилган. Хусусан, имтиҳон олинадиган павилионга яқин ҳудудда сўнгги огоҳлантирув тариқасида қизил чизиқ ҳам тортилган. 

Ички назоратда эса абитуриентлар имтиҳон жараёнида Тошкент давлат юридик университети ва прокуратура ходимлари томонидан қатъий назоратда бўлади.  

Таъкидлаш керакки, мазкур тест синовларида замонавий технологиялардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, назорат-кириш нуқталарида абитуриентларда тақиқланган воситаларни аниқлашга қаратилган бир қанча металл буюмларини аниқловчи ускуналар (металл детекторлар) ўрнатилган. Иккинчидан, биноларда 100дан ортиқ видео кузатув камераси ишлаб турибди. Тест синовларидаги жараёнларни «Ўзэкспомарказ» ҳудудига кириш жойларида ўрнатилган учта йирик LED (4м*3м) экранлари ёрдамида абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларига тўғридан-тўғри кузатиш имконига эга. Шунингдек, тест синовларини ўтказиш жараёнини тўғридан-тўғри эфирга узатишга эришилмоқда. 

Маълумот ўринда айтиш керак, тест синовлари ўтказиладиган павильоннинг ҳар бири 1000дан 1500 нафаргача абитуриентни қамраб олади. Уларга барча шароитлар яратилган, яъни павильон ҳарорати, абитуриентлар учун ичимлик суви, ручка, титул варақасини тўлдириш тартиби бўйича маълумот, тиббий хизматлар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари «Кун.uz» сайти орқали онлайн узатиб борилади.

Мавзуга оид