Ўзбекистонда имтиҳонлар куни
1 август куни Ўзбекистондаги барча олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотига кўра, жорий йилда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 729 минг 947 абитуриент ҳужжат топширган. Бу 1 ўринга ўртача 10,9 абитуриентни ташкил этади.
«Кун» мухбирлари Юридик университет, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университетда бўлиб, жараённи ёритишди.
Бу йилги имтиҳонларда олийгоҳларда шаффофликни таъминлаш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари бутунлай янгича шаклда ташкил этилди.
Бу йил давлат тест имтиҳонларида шаффофликни таъминлаш ва адолат мезонларига сўзсиз амал қилишга эришиш мақсадида «Ўзэкспомарказ»нинг 6та биносида ахборот технологияларидан кенг фойдаланилди. Павильонларда 75та видеокузатув камералари ўрнатилди, улар орқали имтиҳон жараёни жонли эфирда узатиб борилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов университетга кириш имтиҳонлари жараёнини кузатиш учун ташриф буюрди. Унга Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамроҳлик қилди. Бош вазир тест синовлари ўтказилаётган хоналар ва жараён билан яқиндан танишган. Тегишли раҳбарларга кўрсатмалар берган. Бундан ташқари, Абдулла Арипов Ўзбекистон Миллий университетига ҳам ташриф буюрган. Бош вазир у ерда ҳам ўтказилаётган имтиҳонлар жараёни билан танишди.
Бу йилги имтиҳонда текшириш, кузатиш ва назорат ишларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари, ички ишлар ходимлари, божхона, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати ҳамда университет ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинди. Абитуриентлар икки тартибда ташқи ва ички назоратдан ўтказилди.
Ташқи назоратда абитуриентлар 3 босқичда текширувдан ўтказилди. Махсус замонавий текширув жиҳозларидан тортиб ҳар бир абитуриент масъуллар томонидан индивидуал текширувдан ҳам ўтказилди. Ёнидан тақиқланган буюмлар топилган абитуриентлар имтиҳондан сўзсиз четлаштирилди. «Ўзэкспомарказ» ҳудудида бу ҳақда абитуриентларни огоҳлантирувчи баннерлар қўйилди. Очиқ ҳудудда «Шпаргалка, валюта ва бошқа буюмларни ўз ихтиёрингиз билан топширишингиз керак. Тегишли ходимлар томонидан топилса, далолатнома тузилади ва тестдан четлатиласизлар», дея эълон бериб борилди. Абитуриентлар жуда жиддий тарзда назоратдан ўтказилди, уларнинг ҳаттоки оёқ кийимлари ҳам ечилиб, тегишли тартибда текширилди.
Бироқ, баъзи «уддабурон» абитуриентлар шунча огоҳлантиришлар қилинганига қарамай, турли шпаргалка ва коммуникация алоқаларини ўзлари билан бирга олиб киришга уринди.
Абитуриентлардан бири Юридик университет ҳудудида имтиҳонда электрон воситадан фойдаланишга уринганида қўлга тушишига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов гувоҳ бўлиши эса кун воқеасига айланди. Арипов абитуриентлардан бирининг шаффоф микроқулоқчин орқали қўнғироқларни қабул қилиш имконини берувчи қўлбола қурилма ёрдамида тест топшириш қоидаларини бузмоқчи бўлганига гувоҳ бўлганди. Унинг механизмини ўрганган бош вазир: «Юридик университетда нима қиласан, ТАТУга бормайсанми», дея ҳазил ҳам қилди.
Видео: Арипов тестга олиб кириш учун электрон қурилма ясаган абитуриентга маслаҳат берди
Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязовнинг «Кун» мухбирига айтишича, 217 абитуриент имтиҳонда қатнашмаган. Улардан 124 нафари ёнидан текширув пайтида тақиқланган буюмлар аниқланги учун далолатнома тузилиб, имтиҳондан четлаштирилган. Қолганлари эса имтиҳонга келмаган. Шунингдек, ўз ихтиёри билан шпаргалкаларини топширган 39 нафар абитуриентга нисбатан ҳам далолатнома тузилган, лекин улар имтиҳонга қўйилган.
Бундан ташқари, ТАТУ ва ЎзМУда ҳам абитуриентлар фириб ишлатишга уринган ҳолатлар кузатилган. Тошкент ахборот технологиялари университетида илк бор қўлланилган абитуриентларни имтиҳонга киритишда биометрик назорат тизими ўз самарасини берди. Бу ерда 4 нафар абитуриент биометрик тизимдан ўта олмаган. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган. Шунингдек, имтиҳон вақтида ташқаридан ёрдам олишга ҳаракат қилган 3 абитуриент (улар имтиҳон савол варақаларини деразадан ташқарига улоқтирганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан аниқланган) имтиҳондан четлатилган.
Ўзбекистон Миллий университетида эса «ақлли» технология иш берди. Технология фириб бермоқчи бўлган 4 абитуриентни аниқлади. Бунгача ушбу технология туфайли 188 нафар абитуриент имтиҳонда иштирок этишдан воз кечганди. Имтиҳон вақтида эса кузатувчилар 77 нафар абитуриентни аудиториядан четлатди.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
14:24 / 06.11.2024
“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози
21:49 / 04.11.2024