Жамият | 14:56 / 04.08.2017
25245
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимликка эътирозлар ҳаққонийми?!

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Озодлик” радиосининг  “Facebook”  саҳифасида эълон қилинган  Тошкент шаҳридаги 9 қаватли собиқ ётоқхоналардан бирида оиласи билан истиқомат қилаётган фуқаролардан бирининг ёндош очиқ хонада очиқ электрошчит туфайли юзага келаётган муаммолари  ўрганиб чиқилди, деб хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Ўрганиш жараёнида ушбу  ётоқхона  Яшнобод тумани, Авиасозлар 2-даҳаси, 37 уй, яъни собиқ Авиасозлар бирлашмасининг 22-сонли  тўққиз қаватли ётоқхонасининг 103-хонаси бўлиб чиқди. Хонадон эгаси Муқаддас Ҳайдарова оиласи билан 2015 йилнинг 2 февралидан буён жойда истиқомат қилиб келиши маълум бўлди. Фуқаро мурожаатида билдирилган салбий ҳолатлар, жумладан М.Ҳайдарова эгаллаб турган хонага туташ бўлган электрошчит бутун бинони электр қуввати билан таъминловчи шчит ҳисобланади. Унинг алоҳида ёпиқ кичик хонада бўлиши бино лойиҳасида белгиланган. Масала жойга чиқиб ўрганилганда электрошчитхона эшиги йўқлиги ҳамда қаровсиз аҳволда эканлиги ўз тасдиғини топди. Мутахассислар томонидан ушбу салбий ҳолат тезда бартараф этилди. Шчитхонанинг ташқи кўриниши тўлиқ тартибга келтирилиб, унинг кириш қисмига қулфли эшик ўрнатилди.

“Лекин фуқаронинг шаҳар ҳокими қарори билан уйнинг ярми олиб қўйилмоқчи деган даъволари мантиққа зид. Чунки, бу каби қарор умуман қабул қилинмаган, қабул қилиниши ҳам мумкин эмас. Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарорига асосан фуқароларга 2018 йил 1 июлигача уй-жойларни хусусийлаштириш имконияти берилгани тушунтирилган. Бунга ётоқхоналарда доимий яшаб келаётган фуқаролар тоифаси ҳам киради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Озодлик” мурожаатлар ичига чуқурроқ кириб, билдирилган эътирозлар ҳаққонийлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг эълон қилинишини мақсадга мувофиқ деб биламиз”, - дейилади шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

 

Мавзуга оид