Ўзбекистон | 17:25 / 07.08.2017
14107
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Пленуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VIII Пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати Кун.uz’га маълум қилди.

Очиқ мулоқот тарзидаги пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар вакиллари билан биргаликда, илк бора партиянинг 194 та туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳам қатнашдилар.

Мақсад - Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаcидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар, уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб олиш, шунингдек, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари билан жойлардаги ҳақиқий ҳолат юзасидан очиқ фикр алмашишдан иборат бўлди.

Сиёсий партиялар ва парламент фаолиятининг танқидий-таҳлилидан сўнг ўтган вақт мобайнида партиянинг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан жойлардаги ҳолат, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаолиятидаги камчиликлар танқидий ўрганилиб, дастлаб, партиянинг маҳаллий ва минтақавий ташкилотлари Ижроия қўмиталари йиғилишларида муҳокама қилинди. Пленум кун тартибидан ана шу ўрганишлар сарҳисоби юзасидан ҳам масалалар муҳокама қилинди.

Партия раҳбари, аввало, Президент томонидан сиёсий партияларнинг фаолиятига нисбатан билдирган танқидий фикрлардан хулоса чиқариш лозимлиги, ҳақиқатан партия фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар, хусусан, партия Сайловолди дастуридаги ваъдаларни бажариш, партия электорати бўлган пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ногиронларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, “Мурувват”, “Саҳоват”, “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада сифатли ташкил этиш, шунингдек, пенсионерларни дори-дармон билан таъминлаш бўйича кутилган натижаларга эришилмаганини таъкидлади.

Йиғилишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда энг муҳим, энг долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда ўз вақтида билдириб бориш партия олдида турган энг муҳим устувор вазифа эканлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш жараёнида партиянинг позицияси аниқ белгилаб олиш, ушбу фаолиятни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, муайян қонуннинг ижро этилиши ҳолатини назоратга олиш амалиётини ҳамда партиянинг аҳоли, хусусан электорат билан тизимли мулоқотини йўлга қўйиш фаол муҳокамаларга сабаб бўлди.

Пленумда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларига алоҳида вазифалар тақсимланди. Шунингдек, партиянинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, электорат манфаатларидан келиб чиқиб соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, партия дастурини қайта кўриб чиқиш ва бу жараёнга сиёсатшунослар, хуқуқшунослар, экспертлар, депутатлар ҳамда партия фахрийларини кенг жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш шартлиги қайд этилди.

Очиқ суҳбат, муҳокама ва аниқ таклифлар асосида ўтказилган йиғилишда усвор вазифаларни амалга ошириш бўйича партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида:

– партиянинг аҳоли, хусусан электорат билан тизимли мулоқотини йўлга қўйиш;

– партиянинг уюшмаган, бандлиги таъминланмаган ёшлар билан ишлаш аҳволини тубдан ўзгартириш, улар билан яқиндан, бевосита иш олиб борилишини жадаллаштириш чораларини кўриш;

– партияда кадрлар ва захира кадрлар билан ишлашни тубдан такомиллаштириш;

– республика, вилоятлар, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорликни ошириш, аҳоли, хусусан, партия электоратини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш масалалари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, шунингдек энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини ишлаб чиқиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида, партия раҳбарияти ва фаолларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олинди. Ишчи гуруҳларга:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, шунингдек энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини ишлаб чиқиш;

- партия позициясини фракция ва партия гуруҳлари йиғилишларида, ОАВда аниқ баён этиш;

- қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини кучайтириш бўйича вазифалар топширилиши таъкидланди.

Пленумда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш мақсадида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳларининг ижрочи котиблари лавозимлари жорий этилиши белгиланди. Ижрочи котиблар Ҳаракатлар стратегиясини ҳамда йил номлари билан боғлаб қабул қилинадиган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий Кенгашлар ҳамда партия гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган Иш режалар ижросини мунтазам мониторинг қилиб бориши, маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан партия гуруҳларининг ягона позициясини ишлаб чиқиши, партия гуруҳи билан партия ўртасидаги самарали алоқани йўлга қўйишга кўмаклашиши ва бошқа бир қатор муҳим вазифаларни бажаришга масъул эканликлари таъкидланди.

Республиканинг барча ҳудудларидан келган партия вакиллари имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини батафсил ўрганиш, бунда, ногиронларнинг соғликларини тиклаш учун берилаётган имтиёзли нафақа пулларини ўз вақтида берилиши, ногиронлик аравачаси, протезларга, эшитиш аппаратларига, қўлтиқтаёқларга бўлаётган эҳтиёжларни қондирилишида партиянинг вазифалари, амалий ҳаракати қандай бўлиши кераклиги ва бошқа йўналишлар бўйича таклифлар билдирдилар.

Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши пленумининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Мавзуга оид