Жамият | 22:46 / 11.08.2017
16518
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги шоирлар боғига бахшилар ҳайкали қайтди

Самарқанд шаҳридаги «Шоирлар боғи»да атоқли халқ бахшилари Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоир Жомурод ўғлининг реставрация қилинган ҳайкаллари очилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.

Унда вилоят жамоатчилиги вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзолари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев, шоира Зулфия Мўминова, халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабов, профессор Ахтам Ўролов ва бошқалар ватанпарварлик, инсонийлик, эзгулик ва меҳр-оқибатни тараннум этган бахши шоирлар қолдирган бой маънавий мерос ҳақида тўхталдилар. Мустақиллик йиллари мамлакатимизда бахши, жировлар мактаблари, уларнинг асл маънавий илдизлари тикланиб, тарбия омили сифатида янгича руҳда изчил ривожланаётганини эътироф этдилар.

Таъкидландики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эл манфаати, унинг фаровон турмуши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кундан-кун ҳис этяпмиз. Мамлакатимизнинг буюк оқинлари ҳисобланган тўрт бахши шоир ҳайкалларининг қайта тикланиши ҳам халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида қилинган эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

— Мен Ислом шоир ва Пўлкан шоир асарлари таъсирида ижодга кириб келганман, – дейди шоира Зулфия Мўминова. — Уларнинг шогирдлари Отаёр ва Амирқул Пўлкандан сабоқ олганман. Ислом отанинг ўғли Зиёдулла ака ҳам Ўзбекистон халқ бахшиси унвонини олганди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили сайловчилар билан учрашувда билдирган таклифи асосида шоирлар боғига янгича мазмун-моҳият бағишлангани бугун биз, ижод аҳлини илҳомлантирмоқда.

Маросимда йиғилган бугунги авлод бахшилари Ислом ва Пўлкан шоир, Эргаш Жаманбулбул ўғли ҳамда Фозил Йўлдошнинг гўзаллик, жисмоний ва маънавий камолот, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, садоқат, муҳаббат, мурувват, яхшилик сингари инсоний фазилатлар мадҳ этилган достонларидан парчалар ижро этдилар.

— Юртимизда Самарқанд бахшичилик мактабининг ўзига хос ўрни бор, — дейди қашқадарёлик Ўзбекистон халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабов. — Ҳатто ЮНЕСКОда Қўрғон бахшичилик мактаби тилга олинган. Мен ҳам бу мактабдан кўп нарсани ўрганганман. Юртбошимизнинг ташаббуси билан очилаётган ушбу мажмуа биз, бахшилар учун абадият тимсоли бўлиб қолади, албатта.

Мавзуга оид