Жаҳон | 22:57 / 14.08.2017
13504
2 дақиқада ўқилади

Антарктида музликлари остида 90 вулқон борлиги аниқланди

Фото:Mark Ralston/Pool Photo via AP, File

Эдинбург университетининг тадқиқотчилар гуруҳи Антарктиданинг ғарбий қисмидаги муз қалқон остида 91 вулқон яширинганини аниқлади. Геологларнинг фикрича, бу сайёрадаги энг йирик вулқонлар камари бўлиши мумкин. Британиянинг The Guardian газетаси шу ҳақида хабар берди. 

"Биз ҳайратдамиз. Бунчалик кўп бўлишини кутмаган эдик. Антарктида ғарбида бизга маълум бўлган вулқонлар сони икки баробарга кўпайган", - деди музликлар бўйича мутахассис Роберт Бингэм. Бунга қадар бу минтақадаги олимлар 47 вулқонни аниқлашганди. 

Манбага кўра, икки километрли муз қалқон остида аниқланган вулқонларнинг баландлиги 100 метрдан 3850 метргачани ташкил қилади. 

"Биз шунингдек Росса музлиги шельфи остида яширин,  денгиз тубида янада кўп вулқон борлигини тахмин қиляпмиз. Шу боис бу ерни - дунёдаги энг катта вулқонлар концентрацияси аниқланган минтақа дейиш мумкин, ҳатто Африканинг шарқий қисмидан ҳам кўпроқ", - қўшимча қилди Бингэм. 

Энди мутахассислар вулқонлар қанчалик фаол эканини аниқлашни режалаштиришмоқда. 

Мавзуга оид