Light | 12:05 / 14.08.2017
38611
5 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг юқори технологик 15 шаҳри ҳақида

Бутун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, келгуси 35 йил ичида Ер юзи аҳолисининг 2/3 қисми шаҳарларда муқим яшай бошлайди. Айни кўрсаткич рақамларда 2,5 миллиард инсон ҳақида кетаётганини билдиради. Бунда, юқори технологик ечимлар билан жиҳозланган инфратузилмага эга шаҳарларгина қулай яшаш шароитини тақдим этиши мумкин.

Келажакда энг яхши яшаш шароитларни тақдим этиши мумкин бўлган шаҳарлар рўйхатини тузиш учун, инновацион муҳит ривожланишини тадқиқ этувчи 2thinknow ходимлари 10та омилга кўра текширув ишларини ўтказди. Шундан сўнг бундай шаҳарлар сирасига 85та маскан киритилган бўлиб, уларнинг энг кучли ўнбешталигини Нидерландия пойтахти Амстердам якунлаган.

15. Амстердам, Нидерландия

2025 йилдан бошлаб шаҳар маъмурияти кўчаларда бензин, дизель ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан ҳаракатланувчи автомобилларни сақлашни тақиқлаб қўйган. Шаҳарда яратилган энергия тежамкор тизим, молиявий технологик ечимлар ва ёқимли табиат атроф-муҳити барчани бирдек бу ерда яшашга ундайди.

14. Ванкувер, Канада

Кўпчилик наздида Канада совуқ ва музлар ўлкаси каби гавдаланади, аммо 2014 йили CBS телеканали намойиш этган лавҳада мамлакат йирик шаҳарларидан бири Ванкувер аллақачон шимолий силикон водийсига айлангани тасвирланган. Шу кунларда Ванкувер шаҳрида 600дан ортиқ рақамли медиа ёки 2 миллиард АҚШ долларига тенг сармояга эга компаниялар фаолият олиб боради.

13. Стокҳольм, Швеция

Келгуси 5 йил ичида Стокҳольм шаҳри нақд пул муомаласи ҳамда углеводород ёқилғисидан батамом воз кечишини маълум қилди. Бу эса том маънода рақамли ислоҳотларнинг энг йириги деб атаса бўладиган ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Стокҳольм шаҳри ҳозирги кунларда венчур сармоялари киритилаётган шаҳарлар қаторида етакчи ўринларда тилга олинади.

12. Токио, Япония

Япония пойтахти метроси кунига 2,3 миллиард йўловчига хизмат кўрсатади. Токио бундай ривожланиш маррасига транспорт ва инфратузилма соҳасидаги техно ислоҳотларсиз эриша олмас эди. 2020 йилги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўраётган Токио учун бундай йирик тадбир ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслиги аниқ.

11. Даллас, АҚШ

2016 йил кузатувчилар томонидан тузилган рўйхатда 28-поғонада қайд этилган Техаснинг Даллас шаҳри қисқа муддат ичида кўплаб стартап лойиҳаларини ўзига жалб эта бошлади. Жанубий шаҳар ривожланиш кўрсаткичи бўйича пойтахт Колумбия округини ортда қолдириб кетган.

10. Чикаго, АҚШ

Мафия гуруҳларининг юрти бўлиб келган Чикаго эндиликда урбан инновациялар маконига айланмоқда. Ўрта ғарбий ҳудудда бундай технологик ўзгаришлар ва шароитларнинг кўпайиши, аслида, кутилмаган ҳолат бўлса ҳам, Иллинойс штатида технологик ҳаётнинг келажаги бор.

9. Торонто, Канада

Шу ўринда Cисcўнинг юрти бўлмиш Торонто шаҳри ҳақида эслаб ўтиш жоиз, деб билдик. Боиси бугунги кунга келиб, Канадада АКТ соҳасининг етакчи компанияларининг 30 фоизи мана шу шаҳарда жойлашган.

8. Сингапур

Бу митти шаҳар-давлат ҳудудида ўзингизни бошқа оламда ҳис этишингиз учун арзирли сабаблар бор. Маҳаллий маъмурият нуфузли компаниялар билан ҳамкорликда оммавий транспорт воситаларидан фойдаланишни ривожлантириш йўлида катта лойиҳаларга қўл урмоқда.

7. Бостон, АҚШ

Мўъжазгина Америка шаҳрида дунёга машҳур Ҳарвард, Массачусетс, Тафт сингари университетлар биотехника, робототехника соҳаларида улкан зафарларга эришмоқда.

6. Сеул, Корея

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида яратилган транспорт, хизмат кўрсатиш, инфратузилма ҳамда молиявий соҳадаги барча муассасалар тўлиқ электрон шаклда хизмат кўрсата олади. Бу ҳақиқатан келажак шаҳри. 2thinknow мутахассисларининг айтишича, айнан шу шаҳарда энг кўп технологияга оид патентлар расмийлаштирилади.

5. Тэйбэй, Тайван

Asus, Acer ва Gigabyte каби йирик компанияларга «бошпана» бўлган Тэйбэй шаҳрида саноат дизайни ҳеч қаерда такрорланмаса керак. Унда фаолият олиб бораётган стартап лойиҳаларнинг келажаги юқори қийматда баҳоланмоқда.

4. Лос-Анжелес, АҚШ

Ҳолливуд ва унинг тармоқ соҳалари эвазига ривожланаётган Лос-Анжелес шаҳри АКТ соҳасидаги мутахассислар осон иш топиши мумкин бўлган минтақа ҳудудларидан бири ҳисобланади.

3. Лондон, Буюк Британия

Европадаги энг катта сармоя талаб этувчи лойиҳа, CrossRail'ни бошлаб юборган Лондон сўзсиз энг яхши транспорт тизимига эга шаҳарлардан биридир. 2018 йилга қадар унда мавжуд 30 метро бекатига яна 10та янги қурилаётганлари уланади.

2. Нью-Йорк, АҚШ

Шерлар шаҳрининг технологик қуввати анча эскириб қолган, аммо 2013 йилдан ишга тушган LinkNYC лойиҳаси кутилмаганда катта натижаларни кўрсатмоқда. Айни пайтда шаҳар технологик тизимларининг мулоқотини таъминлаш учун 500та нуқтада бепул wi-fi тўлқинлари ишлаб турибди.

1. Сан-Франциско, АҚШ

Силикон водийси, дунё технологик инқилоблари яратиладиган маскан, албатта, Сан-Францискосиз бу рўйхатни тасаввур ҳам қилиб бўлмаса керак.

Мавзуга оид