Жаҳон | 20:39 / 17.08.2017
30984
3 дақиқада ўқилади

Яна икки ўлим: Саудия Арабистони сўнгги тўрт ойда уч шаҳзодасидан айрилди

Фото: Reuters

Пайшанба куни эълон қилинган шаҳзода Бандар ибн Фаҳд ибн Саъд Ол Сауднинг ўлими Саудлар қироллик оиласининг сўнгги тўрт ойда учинчи бор ўз ўғлонларидан айрилаётганини англатади.

Саудиянинг SPA янгиликлар агентлининг тарқатган хабарига кўра Бандар ибн Фаҳд ибн Саъд ибн Абдурроҳман Ол Сауд чоршанба куни оламдан ўтган. Унинг ўлими сабаблари очиқланмаяпти.

Исмсиз тош...

Бугун кечқурун Ар-Риёзнинг марказий масжидларидан бирида жаноза намози ўқилади ва кафанланган шаҳзода ерга қўйилади. Ультраконсерватив қиролликда қабул қилинган қоидаларга кўра, марҳумнинг инилари ва жиянлари уни ортиқча дабдабаларсиз дафн этишади ва қабрига бир дона исмсиз тош қўйишади.

Марҳум шаҳзода ҳақида кўп нарса маълум эмас. У Саудия Арабистони асосчиси қирол Абдулазиз Ол Сауднинг тўғридан-тўғри авлоди эмас, шу сабабли у тахтга ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмасди. Тўғридан-тўғри авлодлардан фарқли ўлароқ, қирол Абдулазизнинг жиянлари «Қирол ҳазрати олийлари» унвонидан маҳрум, уларга шунчаки «Жаноби олийлари» деб мурожаат қилишади. Eremnews ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, марҳум шаҳзода маҳаллий футбол клубларидан бири — «Ал-Ҳилол»нинг раҳбариятида ишлаган ва Саудия Арабистонининг қарор чиқарувчи доираларидан йироқда бўлган.

Яна икки ўлим

Шуниси эътиборлики, ўн кунча муқаддам 8 август куни Саудия Арабистони қироллик оиласи яна бир шаҳзода — Салмон ибн Абдуллоҳ ибн Туркий Ол Сауднинг вафотини эълон қилган эди. Eremnews марҳумнинг яқинларига таяниб, шаҳзода 26 ёшда бўлгани, ўлимига эса юрак хуружи сабаб бўлганини хабар қилган эди.

Шу йилнинг май ойи бошларида 92 ёшида яна бир шаҳзода — қироллик асосчисининг ўғли Машал ибн Абдулазиз Ол Сауд ҳаёт билан видолашган эди. Шаҳзода Машал турли йилларда мудофаа ва авиация вазири лавозимида ишлаган, шунингдек Саудия Арабистонида нуфузи жуда юқори бўлган қасамёд кенгаши раҳбари бўлиб ишлаган.

ОАВларнинг маълумуотига кўра, Саудия Арабистонида 5 мингдан зиёд шаҳзода яшайди. Уларнинг бир қисми қироллик асосчисининг тўғридан-тўғри авлодлари ҳисобланади ва юқори даражадаги давлат лавозимларида ишлашади.

Мавзуга оид