Жаҳон | 18:40 / 18.08.2017
7164
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ГФРдаги туркияликларни Меркель ва Шульцга овоз бермасликка чақирди

Фото: AA

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Германияда яшаб келаётган туркияликларни мамлакатнинг амалдаги канцлери, ХДИ/ХИИ (Христиан демократик иттифоқ/Христиан ижтимоий иттифоқ) партиялар альянси раҳбари Ангела Меркель ва ИДП (Ижтимоий-демократик партия) етакчиси Мартин Шульцга овоз бермасликка чақирди. Бу ҳақида Hurriyet Daily News хабар берди. 

"Бугунги кунда Германияда "Агар Туркияни танқид қилсак, кўп овоз олишимиз мумкин" дейишмоқда. Мен Германиядаги барча фуқароларимни ҳеч қачон бу партияларни қўллаб-қувватламасликка чақираман. ХДИ, ГИДП (Германия ижтимоий-демократик партияси) ёки "Яшиллар"ни қўллаб-қувватламанг. Уларнинг бари - Туркиянинг душманлари, - деди Эрдўған Истанбулда журналистларга мурожаат қилар экан. 

У ГФРдаги туркларни Туркияга нисбатан ёвларча муносабатда бўлмаган партияларга овоз беришга чақирди. 

Бундестаг сайловлари 24 сентябрь куни бўлиб ўтади. Infratest Dimap институтининг ARD телеканали ва Welt газетаси буюртмасига биноан ўтказилган сўнгги сўровнома маълумотларига кўра, ҳозирча ХДИ/ХСИ партия альянси устунликка эга бўлмоқда, сўроқ қилинганларнинг 39 фоизи шу партия учун овоз беришга тайёр. Социал-демократлар 24 фоиз овозни қўлга киритишган. Эркин демократлар, "Яшиллар" ва "Германия муқобили" - 8 фоиздан, "Сўллар" - 9 фоиз овоз тўплашди. 

Мавзуга оид