Жамият | 19:03 / 21.08.2017
28340
2 дақиқада ўқилади

KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор

KUN.UZ таҳририяти томонидан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри, “Кунчиқар” маҳалласи, Чоштепа қишлоғида истиқомат қилувчи 22 яшар Жаҳонгир Ибрагимовнинг даволаниши юзасидан хайрия акцияси уюштирилган эди.

Орадан деярли бир ой вақт ўтиб, биз Ибрагимовлар хонадони билан яна боғландик. Маълум бўлишича, мақола эълон қилинган куни, яъни 22 июлда Жаҳонгир билан Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати ЎзЛиДеП аъзоси Йўлдашев Мўминжон Шокиржонович боғланган ва протезлардан бирини ўз маблағи ҳисобидан олиб беришини айтган. Ўша куни Жаҳонгир отаси Усмон ака билан пойтахтга йўл олган. Депутат томонидан беморнинг протези учун 3000 АҚШ доллари, дори-дармонлар учун 5 млн. сўм ва ота ва боланинг меҳмонхонада истиқомат қилиш харажатлари қопланган. Жаҳонгир шифокорлар кўригидан ўтказилгач, 25 июль куни Тошкент тиббиёт академиясида операция қилинган.

Айни кунларда у Шаҳрисабзда. Аҳволи яхши. Шифокорларнинг маълум қилишича, 7 ойдан сўнг унинг иккинчи оёғида ҳудди шундай жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Унгача у шифокорлар кўригидан ҳар икки ойда ўтиб туриши лозим.

Шу кунга қадар Жаҳонгирнинг номига очилган ҳисоб рақамига 7 млн. 145 минг сўм, пластик картага эса 14 млн. сўмдан зиёд маблағ келиб тушган. Шифохона харажатлари ва даволаниш учун мазкур маблағлардан фойдаланилмоқда. Йигитнинг ўзи ва оила аъзолари мазкур ишда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган барча-барчадан чин юракдан миннатдор ва ҳақларида дуода. Хайрли ишни сўнгига етказиш улкан савоб, деганларидек Жаҳонгирнинг иккинчи оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун бироз маблағ етишмай турган экан. Моддий томондан имконияти борлар унга ёрдам беришса, мақсадга мувофиқ бўлар, бошланган хайрли тадбир чиройли якун топган бўларди.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид