Жаҳон | 13:08 / 22.08.2017
21183
2 дақиқада ўқилади

АҚШ иқтисодиёти қуёш тутилиши туфайли 700 млн долларни йўқотди

Фото: Reuters

АҚШда кузатилган қуёш тутилиши компанияларга 694 млн доллар миқдорида зарар келтирди. Сабаби ходимлар ишларини ташлаб, бу ҳолатни кўришга ошиққанлар, дейилади Challenger, Gray & Christmas компанияси ҳисоботида.

Экспертларнинг баҳолашича, америкаликлар қуёш тутилишини кузатиш учун ўртача 20 дақиқа вақт сарфлашган. Шу билан бирга, тутилиш яхшироқ кўринган штатлар бу ерларга атайлаб келган сайёҳлардан миллионлаб доллар олишган.

USA Today тахминича, Теннеси штатидаги Нэшвилл шаҳри душанба куни 50-70 минг атрофида сайёҳни қабул қилган бўлиб, улар 15-20 млн доллар сарфлашган. Жанубий Каролина штати даромадлари 43 млн долларга етган бўлиши мумкин, Айдахо штатининг жануби-шарқига эса нақ 500 мингга яқин киши борган.

Таъкидланишича, 700 млн доллар рақами АҚШдаги иш берувчиларга қимматроққа тушадиган бошқа ҳодисалар билан таққослаганда анча кам. Масалан, талабалар жамоалари ўртасида баскетбол бўйича чемпионатнинг финал босқичи (“март жиннилиги” деб аталувчи ҳолат) ҳар йили компанияларга 2 млрд долларга тушади. 

Аввалроқ АҚШда қуёш тутилишини томоша қилаётганларни автомобиль босиб кетгани хабар берилганди.

Мавзуга оид