Жаҳон | 18:30 / 26.08.2017
5375
2 дақиқада ўқилади

Трамп мигрантларга “ов эълон қилган” шерифни афв этди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп афв этиш ҳақидаги ўзининг биринчи буйруғини имзолади. У Аризона штатидаги Марикоп округи собиқ шерифи Жо Арпайога тегишли. Арпайо мигрантларга “ов уюштиргани” билан “машҳур бўлган”. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.

“Шуни мамнуният билан хабар қилмоқчиманки, ҳозиргина 85 ёшли америкалик ватанпарвар – шериф Жо Арпайони бутунлай афв этдим. У Аризонада тинчликни сақлаб турган”, - дея ёзган давлат раҳбари Twitter’да.

Трамп август ойи ўрталарида Fox News телеканалига берган интервьюсида, Арпайо ноқонуний муҳожирлик билан кураш учун кўп нарса қилганини маълум қилган. “У ўз мамлакатини яхши кўрарди, ҳамда мен у билан рўй берган ҳолатга эътиборсизлик билан қарай олмайман”, - деганди ўшанда президент.

Арпайо июль ойида судга ҳурматсизлик қилишда айбдор, деб топилган. Унга нисбатан якуний ҳукм октябрь ойида чиқарилиши лозим эди.

BBC News’нинг аниқлик киритишича, эркак лотин америкаликларни ноқонуний муҳожирликда гумонлаб, қўлга олиш билан шуғуллангани учун “машҳур бўлган”. 2013 йилда унинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний, деб тан олинган, бироқ у суднинг қарорига эътибор бермай, “ов уюштиришда” давом этган.

Мавзуга оид