Ҳонгконг ва Макаода тўфон сабабли 8-хавфлилик даражаси эълон қилинди
Хитойнинг Ҳонгконг ва Макао маъмурий туманларида ҳафта ичида иккинчи тўфоннинг яқинлашаётгани сабабли шторм хавфлилигининг 8-даражаси эълон қилинди. Бу ҳақда иккала туман метеорологик бюролари сайтларида маълум қилинган.
Об-ҳаво мутахассисларининг маълумотларига кўра, “Пакхар” деб номланган тўфон Макаодан жануби-шарқий томонда 80 км узоқликда қайд қилинган ва қитъа томон шиддат билан ҳаракатланмоқда.
South China Morning Post нашрининг маълум қилишича, Ҳонгконг халқаро аэропортида 50 га яқин рейс бекор қилинган.
Ер усти жамоат транспорти ҳаракати тўхтаб қолган, бироқ паром алоқаси фаолият кўрсатмоқда. Бутун кунга давлат идоралари офислари, банклар ва мактаблар ёпиб қўйилган. Ҳонгконгнинг баъзи кўприклари ҳам ёпилган.
Макао, Ҳонгконг ва Хитойнинг жанубий ҳудудлари 23 августда бу ерларга ёпирилган “Хато” тўфони оқибатларидан ҳанузгача ўзига келолмаяпти. Тўфон туфайли Макао ва Ҳонгконг раҳбарияти 1999 ва 2012 йиллардан бери биринчи марта шторм хавфлилигининг энг юқори – 10-даражасини эълон қилишганди. Охирги маълумотларга кўра, “Хато” 17 кишининг ҳаётини олиб кетди.
Макаода тўфон оқибатларини бартараф этиш учун тарихда илк маротаба Хитой армияси ҳарбийларини жалб қилишга тўғри келган.