Ўзбекистон | 23:15 / 28.08.2017
61403
6 дақиқада ўқилади

Нархоздан ниманинг иси келмоқда?

Бу хабар бир лаҳзада чақмоқдек чақнади ва юртимиз интернет оламини айланиб чиқди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг халқ тилида (ва оҳангида) «Нархўз» деб аталувчи Иқтисодиёт университетига қабул қилинган талабалар рўйхатини таҳлил қилгани ҳаммани ҳайратда қолдирди.

Йўналишларга кўра охирги қабул қилинган талаба билан омадсизлар рўйхатидаги биринчи абитуриент тўплаган баллар орасидаги тафовут «арзимас» 70, 90 ва ҳатто 103 баллни ташкил қилмоқда. Яна қабул қилинганларнинг ҳаммаси тартиб билан берилган рақамларга эга, яъни бир аудиторияда ўтирганлари кундек аён.

Балки бунга ўхшаш ҳолатлар аввал ҳам кузатилгандир, аммо бирор марта омма эътиборига ҳавола этилганини эслаш қийин. Жорий йилда тасодифми, қалам эркинроқ ўйноқлаб қолдими ёки имтиҳон олдидан казо-казолар чиқиб «Бу йил ҳаммаси шаффоф» (иддаони қаранг, «Бу йил!», олдинги йиллар қанақа эди?), «Ректорский?! Нима у?», «Сиз билимингизга ишонинг, қолган ҳаммаси бекор») дея ёқа йиртганлари учунми, бу ҳолат хурсандчиликдан лов-лов ёниб турган юзимизга бир челак муздек сув сепгандек шалвиратди, қўйди.

Ҳаммаси ёлғон экан!

Ёки энг камида ҳали ҳам эски тизимни сақлаб қолган ОТМлар ҳамон бор экан!

Энди нима бўлади? (тахминлар, албатта)

1. Энг аввало, кимлардир ҳаммасини бошлаган «айбдор» сифатида Хушнудбекка босим ўтказа бошлашади. Аввал нархўзнинг корчалонлари, бу иш бермаса, уларнинг турли ташкилотлардаги «окахон»лари дастлаб оддий қўнғироқ, кейинчалик юзма-юз учрашувда ҳаммасини очиқча «тушунтириб қўйишга» ҳаракат қилишади. Чунки Хушнудбек фақат дастлабки далилларни тақдим этди ва тугал мақолани кейинчалик эълон қилишини билдирди. Ўша мақола чиқмай қўя қолиши ва ишни “ёпди-ёпди” қилиши учун ҳамма чораларни кўришади. Энг осони сифатида ўз табиатларидан келиб чиқиб, яхшигина «соққа» таклиф қилишлари ҳам мумкин. Аммо биз Хушнудбек Худойбердиевга ишонамиз! Агар у пулнинг ортидан қувган инсон бўлганида, ҳозирги лаёқати билан аллақачон имконини топган бўларди;

2. Ҳар қанча бонг урилмасин, ҳеч нарса ўзгармайди. Ўша «супер ақллилар» ҳеч нарса бўлмагандай ўқишга келаверишади, «домулло»лар ҳеч нарса бўлмагандай ўқитишаверади. Таълим ҳам қабул қандай «шаффоф ва адолатли» бўлган бўлса, худди шундай давом этаверади;

3. Агар адолат бўлса, қабул қилинган шаввозлардан бутунлай воз кечилади ва кейинги ўриндагилар бирданига, имтиҳонсиз қабул қилинади. Шу ҳолатда етарли жазо ва тасалли таъминланиши мумкин. Ёки ўша «билимлилар» учун қайта имтиҳон ўтказилади (қайта имтиҳон услубини алоҳида ишлаб чиқиш лозим).

Нима қилмоқ керак?

1. Энг биринчи ўринда, биз ҳаммамиз бу мавзуни кўтарган Хушнудбекни қўллаб-қувватлашимиз лозим ва бу масала бўйича адолатли қарор кўрилгунича ҳамда айбдорлар қонун доирасида жазоланмагунларича тинчланмаслигимиз шарт. Керак бўлса, журналистлар ўзаро очиқ мулоқот ташкил қилиб, ўша қабулга барча мутасаддиларни таклиф қилишимиз лозим. Дарвоқе, бу борада давлат телеканаллари ва нашрлари ўз муносабатларини билдиришлари шарт. Чунки уларнинг мақолалари юқори доираларга бевосита етиб боради, қолаверса «бу йилги адолат» ҳақида энг кўп гапирган ва гапиртирган шулар эдилар;

2. Агар тизим ўзини ҳеч нарса бўлмагандай ва бу хабарлардан фойда йўқдай тутса, дарслар бошланган дастлабки кунларданоқ, ўша билимдон талабаларни (албатта уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда) бирма-бир суҳбатга чорлашимиз лозим. Қани, мард бўлсалар омма олдида ўзларини оқласинлар ёки катта ҳаётга дастлабки қадамларини ғирром билан ташлаган, деган тамға остида яшаб юраверсинлар. Ишонинг, давлатимиз ва жамиятимиз эртами кечми коррупция деган балони жиловлайди. Ҳар бир нуфузли ишга тайинланаётган мутахассиснинг ўтмишига назар солинади. Мана шу «билимдон шаввоз»лар ҳозир ўзларини оқлаб олмасалар, уларни «нархўздаги рўйхат» деган доғ ҳамиша таъқиб этаверади. Чунки энди нархўздаги «лимон»лар ҳиди босилиши қийин («лимон»дан кам эканлигига эса ишониш қийин);

3. Бордию мутасаддилар кўнглида эзгулик уйғонса ва улар қилган хатоларини тан олиб, тузатсалар, уларни олқишлаб қўйишимиз ҳамда маломат қилмаслигимиз даркор. Сабаби шунинг ўзи уларга катта сабоқ бўлади, қолаверса адолат қарор топгунча бўлган жараёнда фақат шафқатсиз жазо иш бермайди.

Энди бу ҳолатда «кичик» ньюанс юзага келади. Хабарни таҳлил қилсак маълум бўладики (албатта конкрет айбдор шахслар суд ҳукмига кўра аниқланади), узатиладиган узатилиб, олинадиган олиб қўйилган, берилган ваъдалар бажарилган. Энди узатилган қайтарилиш-қайтарилмаслиги, қабул қилинганларнинг кейинги тақдири нима бўлиши очиқ қолади. Буни ўзаро келишиб олишар, ахир улар қадрдонлар-ку?!

Аброр Зоҳидов,

журналист.

P.S. Мақола ёзилиш жараёнида бунга ўхшаш ҳолат Миллий Университетда ҳам кузатилгани маълум бўлди. Миллий Университетда-я!..

Мавзуга оид