Жаҳон | 10:58 / 29.08.2017
5627
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: араб-курд бўлинмалари Раққанинг 60 фоизини назорат қилмоқда

"Сурия демократик кучлари" ҳарбий коалицияси тузилмалари Раққа шаҳрининг 15 даҳасини террорчилардан озод қилди. Бу ҳақда ANF агентлиги хабар бермоқда. Маълумотларга кўра, СДК таркибига кирувчи араб-курд гуруҳлари мазкур шаҳарнинг 60 фоиз ҳудудини назорат қилмоқда

Шаҳарнинг ғарбий қисмидаги Ал-Барид, Хаттин, Нахда ва Дирия даҳаларида аёвсиз жанглар давом этмоқда. СДК жангчилари шаҳарнинг шарқий ярмида ИШИДнинг асосий кучлари (1,7 минг жангари) тўпланган қадимги қароргоҳни қуршаб олмоқда. Бу туман яхши ҳимояланган бўлиб, жангарилар ер ости туннелларидан фойдаланишади. Бу ҳудуд устидан назоратнинг қўлга киритилиши шаҳарни террорчилардан озод қилишни тезлаштиради. 

Фото: anfenglish.com

СДК Раққа марказида Мансур мавзесига ҳам кириб, соатли минора ўрнатилган ҳудуднинг ҳар бир қаричи учун жанг олиб бормоқда. Жангчилар террорчиларнинг қатор ҳужумларини қайтарган. 

Агентлик маълумотларига кўра, СДК бир кеча кундузда Раққада 48 жангарини йўқ қилган. Шаҳарни эгаллаш учун ҳужумлар 6 июндан бери давом этиб келади. Араб-курд бўлинмаларига АҚШ етакчилигидаги коалиция ҲҲК самолётлари ҳаводан кўмак бермоқда. 

Мавзуга оид