Ўзбекистон | 02:05 / 01.09.2017
14550
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда вилоят аҳли билан мустақиллик тантаналари нишонланди

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишланган, «Фидойинг бўлгаймиз сенинг, Ўзбекистон!» шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрамга вилоят ташкилот ва корхоналари, олий ўқув юртларидан талабалар ва ўқитувчилар ва вилоят меҳмонлари қатнашишди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев тадбирни кириш нутқи билан очар экан, мустақиллик йилларида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига эътибор қаратди. Куни-кеча Самарқандда якунланган «Шарқ тароналари» халқаро XI мусиқа фестивали, унинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирар экан, қадимий тарихга эга бўлган Самарқанднинг кундан кунга чин маънода шарқ гавҳарига айланиб бораётгани, вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янграб, сўнгра саҳнага самарқандлик таниқли хонандалар, раққосалар чиқиб келиб, байрамнинг маданий қисми бошланди. Саҳнада куйлаган ва рақсга тушган болажонлар, шунингдек, Самарқанд олий ҳарбий билим юрти курсантларининг чиқиши байрамга ўзгача файз бағишлади.

Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорларнинг ва рақс гуруҳларининг чиқиши байрамга йиғилганларга хуш кайфият улашди. Байрам тадбирлари мушакбозлик билан якунланди.

Байрам тантаналари 1 сентябр куни кундузи Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси эфирида вилоят аҳолисига намойиш этилади.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.Uzнинг Самарқанддаги мухбири.

Фотосуратлар муаллифники.

Мавзуга оид