Ўзбекистон | 21:36 / 03.09.2017
35935
7 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева Ислом Каримов мақбарасини қуришда ёрдам берган инсонларга миннатдорчилик билдирди

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva

Лола Каримова-Тиллаева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Самарқанддаги Ислом Каримов мақбарасининг қурилиш жараёнига тўхталиб, унда иштирок этган барча инсонларга, жумладан онаси Татьяна Каримова ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

"Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти – отамдан айрилганимизга бир йил бўлди...

Отам, васиятларига биноан, она шаҳарлари Самарқандда, улар учун азиз ва қадрли бўлган жойлардан бирида, Самарқанднинг энг қадимий ёдгорликларидан саналмиш Ҳазрат Хизр масжиди ёнида дафн этилдилар. Кеча Самарқандга бориб, отам қабрини зиёрат қилдик. Отам қабрлари устига бунёд этилган мақбаранинг барпо этилиши ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Қадимий Ҳазрат Хизр масжиди ЮНЕСКО ҳимоясида бўлганлиги учун, менинг олдимда, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили сифатида, мақбаранинг барча меъёрларга жавоб берган ҳолда қурилиши зарурлиги вазифаси турди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қараргоҳига тақдим этиш учун мақбаранинг лойиҳаси устида бир неча ой давомида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси билан биргаликда иш олиб бордик. Лойиҳа тасдиқлангандан сўнг Самарқандда хотира обидасининг қурилиши ишлари бошлаб юборилди.

Мақбарани лойиҳалаш ва қуриш жараёнида янги обида меъморий ечими Ҳазрати Хизр масжидига уйғун бўлишига, шу билан бирга, ЮНЕСКО бутунжаҳон мерос объекти тарихий кўринишини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Шарқ меъморчилик анъаналари асосида лойиҳаланиб бунёд этилган мақбарада ҳам ўрта асрлар, ҳам замонавий архитектура усуллари мужассам. Обида тузилишига кўра, XIV-XVIII асрларнинг бир бўлмали дахмаларини ёдга солади. Бундай мақбараларни Ўрта Осиёнинг кўплаб шаҳарларида учратиш мумкин.

Баландлиги 7,55 метр бўлган иншоотнинг гумбази Ҳазрати Хизр масжиди каби қиррадор сирли кошинлар билан қопланган. Мақбара пештоқини безашда эса ранго-ранг бўртма кошиндан фойдаланилган.

Иншоотнинг қуйи қисми тўқ яшил мармар, юқориси эса ўйма сополдан ишланган ироқи услубидаги белбоғ билан зийнатланган.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Мақбарага жануби-шарқий томондан кирилади. Обида эшиги устига Қуръони карим ояти араб тилида, сулс хатида нафис нақшу нигор уйғунлигида битилган. Оятнинг таржимаси бундай: “(Уларга) раҳмли Парвардигорлари томонидан салом (айтилур) (“Ёсин” cураси, 58-оят). Пештоққа эса “Нисо” сурасининг 113-114 оятлари кўрк бағишлаб турибди:

"Агар сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси Сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир".

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

"Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз".

Икки табақали эшикка Самарқанд ёғоч ўймакор усталари усулида Қусам ибн Аббос мақбарасидаги каби уч сатҳли нақш солинган. 

Пештоқлар марказидаги аркаларни ҳандасавий нақшли мармар панжаралар безаб турибди. Ички томондан эса уч қаватли шаффоф ойна ўрнатилган. Бу эса мақбара ичига ёруғликнинг бир маромда тушишини таъминлайди.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Мақбаранинг орқа девори аркасига “Шуаро” сурасининг 109-ояти битилган.

Мақбаранинг ички қисми анъанавий усулда безатилган. Иншоотнинг тўртала томонидаги ярим метрли ўйиқ меъморий шакллар унга айрича кўркамлик бахш этган. Пештоқ аркалари орасидаги мўъжаз қуббаларга кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан жило берилган.

Гумбаз ости айланасига кўрк бағишлаган ироқи услубидаги белбоғ XIV-XVIII аср Самарқанд ва Бухоро меъморчилигида кенг қўлланганини айтиш жоиз.

Иншоот ички қисмини безашда Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан келтирилган турфа рангдаги тошлар қадалган оқ мармар истифода этилган.

Ёруғлик туйнуклари теграси “гулдаста” деб аталган устунчалар билан ўралган.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Деворнинг пастки қисмига оч яшил рангли ақиқ ва гириҳ услубидаги мураккаб қирқма ҳандасавий нақшлар зийнат бериб турибди.

Марказий аркага сулс ва куфий хатида Қуръони каримнинг “Нажм”, “Анъом”, “Шўро”, “Фотир” сураларидан оятлар битилган бўлиб, улар зар билан қопланган.

Арка туйнукларини безашда эса ислимий услубидаги қирқма нақшлар ва турфа рангдаги қимматли табиий тошлардан фойдаланилган.

Гумбазнинг ички қисми кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан зийнатланган.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Обиданинг ички ва ташқи безагига оид ҳар бир бадиий элемент Ўрта Осиё ва Самарқанд анъанавий мактаб ва услубларига таянилган ҳолда махсус ишланган.

Мақбара ўртасидаги қабр тоши ақиқдан бўлиб, унинг теграсида Қуръон оятлари ва Амир Темур ҳамда темурийлар даврига оид ёзувлар битилган.

Меъморий мажмуани бунёд этишда кўрсатилган ёрдам учун Биринчи Президент беваси – ойим Татьяна Акбаровна Каримовага, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасига, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказига ҳамда Ёдгорликлар ва тарихий масканларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгашга (ИКОМОС) ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Отамнинг мақбараларини барпо этишда иштирок этган барча инсонларга, меъмор ва қурувчиларга самимий ташаккуримни билдираман". 

Фото: fb.com/@lola.karimova.tillyaeva 

Мавзуга оид