Жамият | 17:04 / 04.09.2017
5953
3 дақиқада ўқилади

Чирчиқда катта байрам тантанаси бўлиб ўтди

Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати

Чирчиқ шаҳридаги «Кимёгарлар» маданият саройида «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида катта байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Тантанали маросим иштирокчиларини вилоят ҳокими Шукурулло Бобоев энг улуғ, энг азиз байрам билан самимий қутлар экан, мамлакатнинг йирик саноат марказларидан бўлган вилоятда Президент ташаббусида тарихий янгиланиш жараёнлари кечаётгани, бу ислоҳотлар пировардида, ободлик ва фаровонликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилажагини таъкидлади.

Саҳна марказидаги улкан мониторда эришаётган ютуқ ва марралар, орзу умидлар рамзлари акс этган лавҳалар намойиши кўнгилларга диловорлик, шукуҳ ва ҳаяжон бахш этди. Вилоятнинг расмий маъмурий маркази - ободлик ва фаровонликнинг янги манзилига айланаётган Нурафшон шаҳрининг замонавий лойиҳаси ҳам намойиш этилди.

Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати
Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати
Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати

- Биз бугун шундай бир тарихий жараёнларни бошдан кечираётганимиз билан ҳар қанча ғурурлансак, ифтихор қилсак арзийди, - дейди байрам тадбирида иштирок этган тадбиркорлардан бири, "Дўстлик" ордени нишондори Комилжон Қосимов. - Не бахтки, муҳтарам юртбошимиз таклифи ва ташаббуслари билан Тошкент вилояти ҳам ўзининг маъмурий марказига эга бўлди. Унга Нурафшон, деб ном берилгани, жаннатмонанд вилоятимизга Яратганнинг нури, баракаси ёғилганининг бир дараги, бўлса ажабмас. Бизнинг азиз гўшамиз мамлакатимизнинг энг гўзал, энг замонавий, энг тараққий этган шаҳарларидан бирига айланишига асло шак-шубҳа йўқ. Мана кўрасиз, бир-икки йил ичида вилоятимиз қиёфаси тубдан ўзгаради, янги, замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларининг кўп қаватли, салобатли бинолари вилоят марказига ҳақиқий замонавий шаҳар тусини бериб, одамларимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошади, ҳаётимиз бунданда файзли бўлади.

Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати
Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати

Шу куни катта байрам дастурида иштирок этган санъат усталари, вилоят бадиий жамоалари ва иқтидорли ёшлар, ҳарбийлар ва спортчиларнинг саҳнавий чиқишларида, ижро этилган куй-қўшиқлар, шўх рақсларда, энг аввало, халқнинг айни бугунги миннатдорлик ва дахлдорлик кайфияти акс эттирилгани барчага манзур бўлди.

Шу куни айём шарафига байрам салюти отилди.

Мавзуга оид