Жамият | 11:54 / 05.09.2017
50486
2 дақиқада ўқилади

МХХ кўмир етказиб бериш корхонаси раҳбарини қўлга олди

Фото: Fotolia/sp4764

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат органлари ходимлари томонидан ўз лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Ушбу иш доирасида тезкор ходимлар «Сирдарёкўмиретказувчи» унитар корхонасининг Боёвут туман базаси мудири 40 ёшли Дониёр Сайфутдинов Сирдарё вилоятига олиб келинувчи ва болалар боғчалари, мактаблар, ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда шифохоналар учун кузги-қишки мавсумга мўлжалланган кўмирни доимий равишда ўғирлаш билан шуғулланиб келгани ҳақида маълумотни олишди.

«Сайфутдинов тахминан 65 тонна келувчи бир вагон кўмирни Боёвут туманида истиқомат қилувчи шахсга 16 миллион сўмга сотмоқчи бўлган. У пулларни кўмир базадан харидорнинг яшаш жойига етказиб берилганидан сўнг олиши керак эди», - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

МХХнинг Сирдарё вилояти бўйича ходимлари база директорининг ноқонуний фаолиятига барҳам бериш мақсадида махсус амалиёт ўтказишди, унинг давомида Дониёр Сайфутдинов 13 миллион сўмни олаётган пайтда ашёвий далил билан қўлга олинди. У ўз айбини тўлиқ тан олган.

Айни дамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси Сайфутдиновга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 167- (Ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш йўли билан ўғирлаш) ва 205-моддаси (Лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят ишини қўзғатиш масаласини кўриб чиқмоқда. 

Мавзуга оид