Спорт | 09:53 / 11.09.2017
57275
6 дақиқада ўқилади

Ҳаммасига Бабаян айбдорми?

Фото: Kun.uz

Ҳаммасига фақатгина Бабаян айбдорми? Жанубий Корея билан учрашув якунига етганидан сўнг хаёлимга келган фикрларнинг энг биринчиси шу бўлди. Тўғри, Самвел Бабаян футболимизда асосан менежерлик, жамоанинг ташкилотчилик ишлари билан шуғулланиб юрган. Бироқ, Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганида биргина Бабаяннинг айби бор, деб бўлмайди. Бунга Ўзбекистон футболидаги бутунбошли тизим жавобгар. Ҳа, обрўлироқ жойда ишлайдиган кишиларнинг эркатой ўғилларини истеъдодли болалардан устун қўйиб, футбол жамоасига қабул қиладиган, асосий таркибда майдонга туширадиган, болалар ўртасидаги мусобақаларда ёшни 2-3 баробарга камайтириб кўрсатадиган шу тизим аслида ҳаммасига айбдор.

Футбол қачон ривожланади? Қачонки коррупция, таниш-билишчиликдан холи бўлса. Қачон ҳақиқий истеъдодларга йўл очиб берилса, қачон ўша йигитларга хориждан таклиф тушса, бериладиган маблағлар ҳисобидан ўз чўнтагини қаппайтириш пайидан бўлмайдиган мураббийлар-у мутахассислар ишласа.

«Спорт» телеканалидаги шарҳловчилар Жанубий Корея билан ўйин якунида Самбел Бабаянни барчасига балогардон қилиб қўйишди. Тўғри, у ҳам жуда кўп хатоларга йўл қўйди. Сергеев, Лобанов каби «суюкли» футболчиларини майдонга туширавериб, мухлисларни бездириб юборгани бор гап. Аммо, агарда гап фақатгина мураббийда бўлганида, нима учун ўз даврида мақталган, сўнг эса яхшилаб сўкилган мутахассислар бизни ЖЧга олиб чиқа олмаган? Баъзи журналистлар айтганидек «футболимизнинг гўркови»га айланган Бабаяндан аввалги мутахассислар ҳам ўз ишини уддалай олмагач, қанча ҳақорат ва маломатларга учраганини кўпчилик яхши билади, менимча. Миржалол Қосимовнинг ўйиндан сўнгги матбуот анжуманида айтган «Болаларда айб йўқ, ҳамма айб менда» деган гаплари кишилар орасида кулги аралаш тилга олинганида ҳам барчасига фақатгина мураббийни айбдор қилгандик. Абрамов 2-3 ўйинда салбий натижа қайд этганидан сўнг унинг истеъфосини талаб қила бошладик. Балки ҳамма айб ўзимиздадир? Балки биз (қанчалик қўпол ва оғриқли бўлмасин - коррупция, таниш-билишчилик каби нарсаларнинг келиб чиқишига аслида ўзимиз сабабчимиз) айнан шунга лойиқдирмиз? Корея билан ўйиндан кейин Бабаянни бутун шаҳарга эшитиладиган қилиб сўкиб кетган мухлислар яна мағлубиятга фақатгина бир кишини масъул қилиб қўйишди. Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб бериш истагида бўлмай (чамамда – у руҳан бунга тайёр бўлмаган, умуман ўзгача кайфиятда интервью беришни режалаштирган), чиқиб кетган инсоннинг кетидан «беғараз» деб сўккан журналистлар ҳам...

Аслида футболимизда, ҳаётимизнинг барча соҳаларида бўлаётгани каби, туб ислоҳотлар даври келди. ЎФФ президентлигига бошқа шахс сайлангани билан у катта ўзгаришларни амалга оширмас экан, янги келган мураббийни ҳам «беғараз» деб сўкишда давом этаверамиз. Таниш-билишчилик, коррупция, деб аталмиш нарсаларни йўқотмас эканмиз, «футболимиз гўрковлари» ҳақида гапиришдан чарчамаймиз.

Бир нарса мени ҳайрон қолдиради: наҳотки шунча йил мобайнида болалар футболига ажратилган миллиардлаб сўм маблағ эвазига Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган, ЖЧга чиқиш каби халқимиз орзусини рўёбга чиқара оладиган 11 нафар азамат етишиб чиқмади? Аслида айнан шу масала устида бош қотириш керак!

Мен Бабаянни оқлаш фикридан йироқман. Юқорида айтганимдек, у ҳам ўзига яраша кўплаб хатолар қилди. Миллий терма асосий таркибида майдонга тушиши савол остида турадиган ўйинчиларга ишониб қўйди.

Бироқ, мен фақат бу масалага сал ўзгачароқ назар ташлашни таклиф қилаяпман, холос. Ўзбекистон ўртоқлик ўйинларида Осиё, Европа, Африканинг бир қадар савияли (Япония, Франция, Нигерия ҳақида гапириш умуман орзу!) терма жамоалари билан майдонга тушмаганида фақатгина у айбдор эмасдир? ЎФФда бу масала билан шуғулланадиган бошқа шахслар нега қўл қовуштириб туришди? Нима учун аслида менежерлик билан шуғулланган инсонни терма жамоага бош мураббий қилиб қўйишди? Федерацияда ишловчи баъзи шахслар футболимиз ҳақида жон куйдирадиган журналистларнинг устидан мазах қилиб ўтиришига сабаб нима? Балки, кимнидир сўкиш, нимададир айблашнинг ўрнига шу ҳақда бош қотириб кўрармиз?!

Футболимиз яна қачонгача шундай чалажон бўлиб қолади? Шу савол хаёлимда қарийб 15 йилдан бери бор. Яна камида шунча вақт сақланиб қолса ҳам ҳайрон бўлмайман. Наҳотки ўзимизда қўлидан иш келадиган яхши бир мураббий ва 11 нафар жонини фидо қилишга тайёр ватанпарвар футболчини топиш мушкул? Ўз вақтида ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қатнашиб келган йигитлар ҳозир қаерда? Нега улар инқирозга юз тутди? Бунга балки яна юқоридаги нарсалар сабабдир?

Яқинда Фарғонанинг «Нефтчи» клуби собиқ бош мураббийи Юрий Саркисяннинг KUN.UZ таҳририятига берган интервьюсида бир жиҳат эътиборни торди. У стадионлар нега бўш, деган саволга шундай жавоб берди: «Одамлар футбол кўриш учун келишади». Шу жавобнинг замирида жуда катта маъно, футболимиздаги асл муаммолар туб моҳияти ётгандек. 

Энг ташвишли жиҳати шуки, коррупция, таниш-билишчиликка оёғи тугул бутун гавдаси билан ботганлар бора-бора юрагида миллионлар ўйинига меҳри бўлган ёш болаларимизнинг ҳам кўнглини футболдан совутиб қўймоқда. Бизнинг авлод Ўзбекистонни жаҳон чемпионатида кўрмай ўтмоқда, ҳеч бўлмаса шу болалар ишончни йўқотмасин...

Отабек Назар

Мавзуга оид