Спорт | 15:50 / 12.09.2017
40774
16 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг яхши/ёмон касб

Таниқли баскетболчи Майкл Жордан бироз танаффусдан сўнг баскетболга қайтганида, АҚШ президенти Барак Обама мамлакатдаги ишсизлик ҳақида сўз юритаётиб, «мана, шу кунларда ишсизлик биттага камайди» деб ҳазиллашганди.

Айни дамда, янги иш ўринлари яратиш муҳим стратегик вазифамиз бўлиб турган пайтда, бизда ҳам жуда аҳамиятли бир иш ўрни бўш турибди. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлиги.  Бу қандай касб? Дунёдаги энг яхши касб деб эътироф этилишга лойиқми? Ёки аксинчами? Бу ҳақида яна эслаш пайти келди, шекилли. 

ОБРЎ-ЭЪТИБОР
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ўзбек футбол оламидаги энг машҳур шахсга айланиши аниқ. Сабаби, миллий биринчилик ўйинларига қизиқиш у даражада катта эмас. Моуриньо ёки Гвардиоланинг келиши Саутгейт шахсиятини газетанинг сўнгги бурчагига улоқтириб ташлар, Мадриднинг имижига мос келмаган мураббий узоқ йил Испания терма жамоасини бошқариб юрар, лекин бизда ундай эмас. Бир неча ўн минг мухлисга эга бўлган клубнинг ўзи йўқ, буни олий лига ўйинларига ташриф буюраётган мухлислар сонидан билиб олиш мумкин.

Фақат терма жамоа ўйинигина ўз атрофида ажиотаж қила олади, чипталар нархи бир неча минимал иш ҳақи суммасигача кўтарила олади. Фақат терма жамоа ўйинида. Фақат терма жамоага Ўзбекистонда миллионлар мухлислик қилади, ғалаба кутади. Демак терма жамоа мураббийи бўлдингизми, ўз-ўзидан ўзбек футболидаги энг таниқли, энг эътиборли, энг кўп муҳокама қилинадиган шахсиятга айланасиз. Қизиқроқ бир гап айтиб қўйсангиз-ку, қўяверасиз, узоқ вақтларгача иқтибосларингиз футбол оламида ўзига хос жой эгаллайдики, Ницшедан тортиб, Ҳожибой Тожибоевлар ҳам ҳавас қилган бўлардилар. «Болларда айб йўқ» ёки «Боримиз шу»ни эсланг. 

Инилеев бу ҳолатдан ийманарди, Абрамов кайф қиларди, Қосимов ўрганиб қолганди, Бабаян қочиб кетиб қўя қоларди. Хуллас, футболга обрў эътибор  топаман деб қадам қўйган бўлсангиз-у, сиз Равшан Эрматов бўлмасангиз, миллий терма жамоа бош мураббийлигидан бошқа касб йўқ.  

БОСИМ
Ўз-ўзидан мамлакатнинг энг асосий жамоасини бошқаряпсизми, демак, шунга яраша босимга дуч келасиз. Табиийки, асосий жамоадан мухлислар қандайдир натижа ва ўйин кутадилар. Терма жамоа ўйинлари миллий футболда барча мухлисларнинг эътиборини жалб қиладиган ягона воқеами, демак, бу ўйинлар шунга яраша чиройли бўлиши, кўнгилдаги натижалар қайд этилиши керак. 

Масалан, терма жамоага Осиё чемпионати финали ёки жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилади. Агар бу иш амалга ошмаса, истеъфога ёки мухлисларнинг ғазабига тайёр туришингиз шарт. Япония ёки Кореядан мағлубиятлар-ку, кечирилар, аммо Баҳрайн, Иордания ёки Қатар каби давлатлардан ютқазиб қўйсангиз, тамомсиз. Ўзбек мухлислари бундай терма жамоалардан кучли эканимизни билади ва бунинг аксига ишонтиришдан кўра, уларни ютиш осонроқ, ишонаверинг.

«Бунёдкор» ёки «Пахтакор» навбати билан кучли ва кучсиз мавсумлар ўтказиши мумкин, аммо юқорида айтганимдек, журналистларнинг нигоҳида терма жамоа асосий планда туради. Роналду, Месси ёки Моуриньонинг чиройли расмларини газетанинг биринчи саҳифасига қўйиб юрган нашрлар ҳам, терма жамоа ўйнаганда миллий футболни эслаб қоладилар ва табиий равишда, асосий эътибор Сизга қаратилади. Айниқса мағлубиятга учрасангиз.

БОСИМНИНГ ЙЎҚЛИГИ
Бошқа тарафдан эса, қулоғингиз роса тинч. Европа чемпионати тугаб, кўпгина давлатларда ғалвир сувдан кўтарилаётгани ва мураббийлар фаолияти таҳлил қилинаётганидан хабарингиз бор, тўғрими? Турнир давомида ҳам худди шундай бўлди, мутахассислар, собиқ футболчилар, мураббийлар ўз миллий терма жамоа ўйинини таҳлил қилдилар, керак бўлса, бош мураббийнинг хатоларини кўрсатиб бердилар.

Бу томондан сизнинг қулоғингиз тинч. Ҳеч қайси собиқ футболчи, мураббий, умуман футболга яқин бўлган бирор мутахассис сизни танқид қилмайди. Телевизорга чиққанда ҳам, ҳатто мағлубиятга учраб турсангиз ҳам, яққол хатолар қилсангиз ҳам, улардан ёмон гап эшитмайсиз. Ростанам хатоингизни кўришмайдими ё арзимаган бир кўрсатув учун сиз билан «сан-ман«га боришни истаймайдими ёки сизни танқид қилиш — сизни шу ерга тайинлаган ЎФФ ни танқид қилиш билан, ЎФФ ни танқид қилиш мамлакат сиёсатини танқид қилиш билан баробар деб ўйлашадими, ишқилиб, оч қорним-тинч қулоғим, мақолини афзал кўришади.

Мутахассислар таҳлили ва танқидидан узоқ бўлсангиз, мазза, ҳар қандай ёмон ўйинни аслида яхши эканини матбуот анжуманида исботласангиз бўлади, ҳар қандай ёмон ўйинчини терма жамоага жалб қилишингиз мумкин, ҳеч ким ўша ўйинчининг клублардаги ўйинларини етарлича таҳлил қилиб, арзимаслигини исботлаб бера олмайди.

Турнир тугаб, вазифани уддалай олмасангиз ҳам, сизни нари борса, сайтларда ёки ижтимоий тармоқларда мухлислар танқид қилиши мумкин, холос. Мутахассислар жим тургандан кейин, футболни тушунмайдиган мухлисларнинг танқиди бир пул бўлади-да, нима дедингиз? Баъзи ғаламис журналистлар ҳам танқид қилиши мумкин, аммо шу билан бирга, бу аниқ, сизнинг тарафингизни оладиган, аслида айб сиз эмаслигини, аслида футболимиз тизими, болалар футболининг чириб кетганлиги, миллий чемпионатимизда рақобат йўқлиги, сизнинг ўрнингизга Пеп Гвардиола келса ҳам, бундан ортиқ натижа бўлмаслигини исботлаб, чизиб, бўяб, ясаб, кўрсатиб бера оладилар. Бунақа талатўпда, албатта, фалончи қолиб фалончини таркибга олганингиз-у, аниқ бир ўйинда аниқ бир хатоларни қилганингиз сезилмай ҳам кетади. Ишлайверасиз.

ОДОБЛИ БЎЛИШ КЕРАК

Ҳамманинг эътибори Сизда бўлгани учун, терма жамоа мураббийи имижини сақлай олишингиз керак. Бир пайтлар Глен Ҳоддл ўйламай гапириб юборган гапи учун ишдан бўшатилганди. Бизда у даражада бўлмаса ҳам, сал ошириб юборсангиз муҳокамага қолиб кетасиз.

Бир пайтлар Абрамов «футболчи хотинмидики, истаган пайтда алмаштирвосам« деганига, бир гуруҳ журналистлар «увв, сен хотинларни пастга уряпсанми» деб чиқишганди. Бир куни Қосимов шогирдини экранда сўкиб юборганди, эсингиздадир. Зўрға тинчитгандик. «Ҳой, бу сўз тошкентликлар учун оддий мурожаатда ишлатиладиган сўз, хафа бўлишмайди» десак ҳам мухлислар рози бўлмаган-е. Ахийри, «Ўтган кунлар»ни олиб келиб, «мана, Отабек ҳам Зайнабга шунақа деган, китобий гап бу» дейилгандан кейин сал тўхтаганди гаплар. Хуллас терма жамоага мураббий бўлдингизми, шунга яраша имижни сақлашингиз керак бўлади.

КЎП ОЙЛИК/КАМ ОЙЛИК
Очиғи, сизга қанча ойлик ваъда қилишларини билмайман. Бир пайтлар бош мураббиймизнинг эллик миллион сўм ойлик олиши ҳақидаги гаплар тарқалган, аммо асоссиз эди. Ўн минг доллар оларкан, деб ҳам эшитганмиз. Балки муболағадир. Аммо ишонтириб айтаманки, бир ўқитувчидан, врачдан ёки маъмурий ходимдан кўпроқ ойлик олишингиз аниқ.

Бир йилда нари борса, 7-8 марта йиғин ўтказилади, ҳар бирини бир ҳафтадан десак, ўн икки ой ичида фақат икки ой росмана иш билан шуғулланасиз холос. Бошқа пайтларда ишлайсизми ёки йўқми, уёғи ўзингизнинг виждонингизга ҳавола. Ойликдан ташқари, футболларга кириш ҳам текин, терма жамоалар ўйинини кузатяпман деб, истаган ўйинни вип ложадан томоша қилиб ўтиришингиз мумкин. Зўр-а, одамлар иш вақтига тўғри келиб қолгани учун футболга кира олмай қолса, сиз футбол томоша қилиб ўтириб, ишлаётган бўласиз.

Сал ошириб ҳам юбордим, аслида сиз қилаётган ишингиз дунёда жуда қиммат баҳоланади. Масалан, фақатгина Уэльсни ютиб, кичкинагина Исландиядан ютқазиб қўйган Рой Ҳожсон йилига уч ярим миллион фунт олган экан. Бу дегани бир ойда 300 минг фунт дегани. Ҳатто ойига атиги 25 минг фунт оладиган Исландия терма жамоаси мураббийининг маоши ҳам сизнинг пластигингиздаги тасдиқланмаган эллик миллионнинг олдида жуда катта. Баъзида Сизга алам қилиши табиий.

Афсуски, юртимизда элликдан ортиқ ПРО лицензиясига эга мураббий ҳамкасбларингиз бўлса-да, уларнинг атиги 20 фоизи клубларда ишлаб юрибди холос. Қолганлари бекорчи ва энг ёмони уларга четдан талаб йўқ. Шунинг учун ҳам клубларда дадил янгиликларни, тактик инқилобларни кўрмаймиз, мабодо натижа ёмонлашиб кетса, ишдан кетиб қолишларидан қўрқадилар. Профессионал клубларимиз профессионал мураббийлардан кўра анча кам, рақобат даҳшат.

Сизга эса мазза, кам ойлик бўлсаям, шу ишингизни йўқотмасликка ҳаракат қилсангиз, Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлик курсиси сизники бўлиб қолаверади.   

ЧЕТ ЭЛЛИК РАҚОБАТЧИ
Сизга фақат бир киши рақобат қилиши мумкин. Аниқроғи, кимлиги аниқмас. Чет эллик мураббий деган рақобатчингиз бор. Ҳар сафар натижалар ёмонлашиб кетганда, футбол жамоатчилигида чет эллик мураббийни талаб қилиш бошланиб кетади. Албатта, Анчелотти ёки Фергюсон келмаслиги аниқ, аммо сал бундайроқ сербми, испанми бўлса, «ётволиб ялагани» бўлаверади.

Аслида кимлигини билмай туриб ҳам, чет эллик мураббийни талаб қилишларида хикмат бор. Журналистлар ўйлашадики, чет эллик мураббий келса терма жамоага бўлган муносабатни, тайёргарлик жараёнларини замонавий кўринишга олиб келаркан. Натижа учун жавоб берадиган мураббий ўша натижага яраша шароит талаб қилар экан. Натижага жавобгарликни бўйнига олиб, шароит талаб қиладиган мураббийдан кўра, жавобгарликни ҳам олмайдиган, шароитга ҳам кўнадиган мураббий яхшироқ-да, тепадагиларгаям. Бу футбол, тўп юмалоқ, шу ҳолатда ҳам кимнидир ютиб қўйиш мумкин-да, ўхшаб қолса, зўр бўлади. Демак ҳозирча, Сизга хавф йўқ.

АЖОЙИБ ТАРКИБ
Ихтиёрингизда ажойиб футболчилар бўлади. Терма жамоанинг тажрибали қисмига қаранг — деярли бир вақтда улғайган, анчадан бери биргаликда ўйнаб, бир қанча саралашларни босиб ўтган Осиёдаги энг тажрибали таркибга эгасиз. Уларга футбол ўйнашни ўргатиш ҳам шарт эмас, таркибни тўғри белгилаб, жамоа муҳитини яхшилаб турсангиз, қаторасига ғалабалар қозонишга ҳам қодир улар.

Шу билан бирга, умидли ёшлар ҳам йўқ эмас. Асосийси, уларнинг аксарияти турли ёшлардаги жаҳон чемпионатларида қатнашишган, жа Погба бўлишмасаям, Погбага қарши ўйинларда тажриба орттиришган. Уларга тўғри йўналиш берсангиз, ўз юришларини давом эттира оладилар. Жаҳон чемпионатларидаги тажриба уларга дадиллик беради, муҳим ўйинларда ҳам хаяжонни енгишга ёрдам беради.

САВИЯСИЗ ТАРКИБ

Агар терма жамоада узоқ вақт қолишни ният қилган бўлсангиз, хафа бўлсангиз ҳам айтаман, кейинги йилларда Сизнинг ишингиз янада кўпаяди. Жаҳон чемпионатига чиқиш ёки чиқмаслик ўз йўлига, терма жамоамиз ҳаётида энг масъулиятли давр бошланяпти. Тажрибали футболчилар бирин кетин ёшлари катталашиб, футболни тарк этишни бошлайдилар. Вазифангиз - авлодлар алмашинувини имкон қадр сездирмасдан ўтказиб, ёшларнинг савия борасида ҳам, ўйин борасида ҳам, катталарнинг ўрнини босиб олишларини таъминлаш.

Бу осон бўлмайди. Чунки миллий чемпионатимиз савияси йилдан йилга тушиб бораётгандек. Авваллари терма жамоамизда Россия, Украина, Кореядан легионерлар тўп суришган бўлса, ёш авлод нари борса Хитой, Таиланд ёки Қатарда тўп суришяпти. Бу лигалардаги футболчиларни Бундеслига ёки АПЛ да тўп сурадиган Корея ёки Австралия каби жамоаларга қарши қўйиш қийин. Ҳеч бўлмаса ўйин бобида, тактика бобида уларга қаршилик қила олиш учун тайёргарликка зўр бериш, айнан терма жамоадаги йиғинлар орқали футболчилар савиясини маълум баландликда ушлаб турилишини таъминлашингиз керак бўлади.

Контени қаранг. Авваллари клубда фаолият кўрсатган мураббий терма жамоага келиб ҳам, худди клубда ишлаётгандек тинимсиз меҳнат қилгани Еврода намоён бўлди. Қисқа вақт ичида 60 дан ортиқ номзодларни терма жамоада синаб кўрди, сарагини саракка чиқарди. Натижада «Болонья», «Саутҳемптон», «Торино» клубларида ёки «Ювентус»нинг захирасида ўтирадиган оддий футболчилардан «Барселона» ва «Реал»дан тузилган Испанияни юта оладиган жамоа туза олди. Бунинг барчаси мураббийнинг меҳнати, сизнинг вазифангиздир.

ТАЙЁРГАРЛИК
Бу бўлим сизнинг фойдангизгами, зарарингизгами аниқ айта олмайман. Бу сизнинг қай даражада масъулиятли эканингиз ва белгиланган вазифангизга қай даражада жиддий ёндошишингизга боғлиқ. Қаранг, ҳар қандай ўйинда керакли натижага эришиш учун шунга яраша тайёргарлик талаб этилади, тўғрими? Кучлироқ рақиб ёки муҳимроқ ўйинга яхшироқ тайёрланилади, бундайроқ ҳолатда тайёргарлик қилмасдан ҳам ютиш мумкин. Умуман ҳар қандай жамоани тайёргарликсиз ютса бўлади, агар ўхшаб қолса.

Сизга шароит яратиб бериши керак бўлган марказ кўпинча, ўхшаб қолишидан умид қилади ва кўпинча, кучли рақибларни рўпара қилмайди. Босниянинг учинчи таркиби, «Боруссия»нинг ёшлар жамоаси, маҳаллий легионерлардан тузилган терма жамоа, ўз терма жамоангизнинг иккинчи ярми оқ либос кийиб олган ҳолатда... Шунга ўхшаш рақиблар билан ўйнаб, Япония ёки Эронни ютишга ҳаракат қилишингиз керак. Баъзида ўйинлар бекор қилиниб ҳам туради, ўша пайтда ҳам саросимага тушмасдан, юзингизни ақлли кўрсатиб, ҳаммаси назорат остида эканини айта олишингиз керак бўлади. Сиздан олдин бу лавозимда ишлаган ҳаммадан бирма-бир сўраб кўришингиз мумкин, йигирма беш йил ичида улар ҳеч қачон футболда дунёнинг етакчи давлатлари Ғарбий Европа ёки Лотин Америкаси терма жамоаларига қарши ўйнашмаган. Шунақа.

Юқорида айтдимку, бу ҳолат аслида яхшими ёки ёмонми, бу ўзингизга боғлиқ деб. Тушунтираман шуни. Агар сиз терма жамоамизни мухлисларники деб билиб, мухлислар олдида жавобгарликни ҳис қилган ҳолда қабул қилиб олган бўлсангиз, сизга қийин. Уятдан ерга кириб кетасиз. Ёмон натижага жавоб беришингизга тўғри келади. 

Аммо Сиз терма жамоани федерацияники деб билиб, уларнинг ишончи учун ҳаракат қилган бўлсангиз, бу касбингиз учун улардан ўзингизни қарздор бўлсангиз — айни муддао. Сизга шароит яратиб, натижа сўрайдиганлардан кўра, шароит яратмай, натижа ҳам сўрамайдиганлар яхши эмасми? Ҳа, дейишса, «ўзларинг етарлича шароит қибермадинглар, фалон жамоа билан ўйнайлик, десам гаплашиб бера олмадинглар, мен нима қилай?» дейсиз, жавобгарликдан қутуласиз. Ишлайверасиз. Ўз айблари учун сизни бўшатиб юбормайдиларку, тўғрими?

ХУЛОСА
Аслида четдан хулоса бериш орқали бирор касбга ижобий ёки салбий баҳо беришнинг иложи йўқ. Чунки биз энг муҳимини билмаймиз — ўша касб соҳиби ўз касбини қай даражада севади? Муҳими шу, агар севган касб билан шуғулланилса, унинг қийинчиликлари ҳам инсонга завқ беради. Шундай экан, терма жамоамиз мураббий бўлишнинг энг муҳим талаби — терма жамоа мураббийлиги касбини севиш ва терма жамоага мухлис бўлишдир. Мана шу икки талаб бажарилса, мураббий ўз ишидан завқ олади, виждон ҳам пок бўлади, натижалар ҳам бўлади. Ишонаверинг, агар терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқса, федерация биноси олдида бош мураббийга хайкал қўйишимиз ҳам мумкин.

Ҳам севган иш билан шуғулланиб, ҳам ойлик олиб, ҳам ўз хайкалига эга бўлиш — ажойиб!

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид