Ўзбекистон | 15:10 / 14.09.2017
61199
2 дақиқада ўқилади

«Ўзпахтасаноат» раҳбари туман ҳокимига ўринбосар бўлди

Фото: Kun.uz

«Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти бош директори Яшин Соҳибович Хидиров лавозимдан олиниб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига ҳоким ўринбосари этиб тайинланди. У ҳокимнинг ижтимоий-иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари бўлган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

У шунингдек, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси бошқаруви раиси ўринбосари лавозимини тарк этган.

Айни вақтда Хидиров ҳокимга ўринбосар бўлгани ҳақидаги маълумот Шеробод тумани ҳокимлиги томонидан тасдиқланмади. Бу ноаниқлик Яшин Хидиров аввалги ишидан бўшаб, қисқа муддатлик таътилга чиққани ва янги лавозимига ҳали киришмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Яшин Хидиров 1970 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 1992 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1995 йили Туркия Улуғ-тоғ университетини тамомлаган.

У турли йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Иқтисодий таҳлил департаменти директори, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоб жамғармаси директори ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган. 2015 йилдан буён «Ўзпахтасаноат» АЖ раҳбари эди.

Ҳозирча унинг ўрнига ким тайинлангани ҳақида маълумот йўқ.

Мавзуга оид