Фан-техника | 20:20 / 21.09.2017
8969
2 дақиқада ўқилади

Volvo XC40 кроссовери расман тақдим қилинди

Volvo XC40 кроссовери CMA платформасида қурилган бўлиб, уни швед компанияси ва Хитойнинг Geely компанияси биргаликда яратган. Эслатиб ўтамиз, Volvo Хитой компаниясига тегишли.

Янги машина ташқи томондан ўтган йили тақдим қилинган Volvo 40.1 концептини тўлиқ қайтаради. Машина тақдимоти Миланда бўлиб ўтди.

Машинанинг узунлиги 4 425 мм, эни 1 863 мм,баландлиги 1 652 мм га, ғилдираклар базаси ўлчами 2 702 мм га тенг. Машинанинг юкхонаси ҳажми 460 литрга, орқа ўриндиқ йиғилганда эса 1 336 литрга етади.

Биринчи босқичда Volvo XC40 тўлиқ привод ва иккита 4 цилиндрли, 2 литрли – 190 от кучига эга, дизелда ишловчи D4 ва 247 от кучига эга, бензинда ишловчи T5 турбомоторлар билан таклиф қилинади. Иккала двигатель ҳам 8 поғонали автоматик узатмалар қутиси билан бирга ишлайди. Кейинроқ сотувга машинанинг олд приводли, гибрид ёки тўлиқ электр ҳамда янги 3 цилиндрли моторли версияси чиқади. Машинанинг қолган кўрсаткичлари маълум қилинмаган.

XC40’нинг комплектациясига қараб унинг қурилмаларига симсиз қувватлагич, вертикал тачскринли мультимедиа мажмуаси, Pilot Assist яримавтомат бошқарув тизими, City Safety мажмуаси, айлана видеокўриш тизими, йўлдан чиқиб кетишдан огоҳлантириш, кўндаланг йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳақида огоҳлантириш тизимлари кириши мумкин.

Янги кроссовер ноябрдан Volvo’нинг Бельгиядаги заводида ишлаб чиқарила бошланади.  

Суратлар манбаси:kolesa.ru

Мавзуга оид