Ўзбекистон | 22:28 / 22.09.2017
30254
5 дақиқада ўқилади

Эксперт​: «Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш муддати нега 5 йил этиб белгиланди?»​

22-23 сентябрь кунлари бўлиб ўтаётган «Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ташқи сиёсий фаолияти» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этган Махсус медиаметрик тадқиқотлар маркази эксперти Игорь Николайчук ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳаётидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

«​Мен Россияда ишлаб чиқилган илк Миллий хавфсизлик конц​епциясини тузган жамоа аъзоларидан бириман. Минг афсуски, бу ҳужжат қабул қилинмаган. Бу ўша даврда ҳукумат тепасида бўлган раҳбарларнинг қараши ва мамлакатдаги вазият билан боғлиқ қарор эди.

Шунга қарамай, концепция​сини ишлаб чиқариш мобайнида ҳужжатни амалиётга татбиқ этишнинг кўплаб параметрлари ойдинлашди. Замонавий тилда эса буни имплементация, деб қўя қоламиз.

Аввало, ҳужжат ўзида қандай куч ва иродани ифода этишини аниқлаб олиш лозим. Бу ўринда у жамоатчилик, ҳукумат тартибида ё тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлиши мумкин. Мен учун тушунарсиз ҳолат бу - Ҳаракатлар стратегияси ҳужжати президент қарорими, сиёсий партиялар иродасими ёки халқнинг талабми? Уни кенг жамоатчиликка қандай таништириш керак?!

Унинг қандай номланиши ва тақдим этиш йўлини билиш келгусида ҳужжат бандларида белгиланган ташаббусларни самарали ижро этишда қўл келади. Ҳаракатлар стратегияси президентнинг шахсан танлаган йўл харитаси бўлишида ҳеч қандай салбий нарсани кўрмайман, фақат унинг мақомини аниқлаб олиш лозим»​.

Россия Фанлар Академияси Иқтисодиёт институти Сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Борис Шмелев унинг фикрини мантиқан давом эттирди.

«​Мени ўйлантирган масала бу - муддат. Нега мазкур стратегияни амалга ошириш муддати 5 йил этиб белгиланди? Одатда бу узоқ вақт давом этадиган катта ислоҳотларни амалга оширишда маёқ вазифасини ўтайдиган ҳужжат саналади. Акс ҳолда, айни ташаббус тўпланиб қолган муаммоларни вақтинча бартараф этишга ҳаракат қилиш бўлиб қолади, холос. Сизлар давлатнинг иқтисодиётдаги роли, мамлакат суд-ҳуқуқ тизими ҳақида гаплашяпсиз, бу эса камида 30 йилга мўлжалланган режа бўлиши даркор. Бу жойда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар қай жараёнда амалга оширилади, деган саволни қўйиш ҳақли. Чунки ҳар қандай ислоҳот катта маблағ талаб қилади. Стратегия эса таклиф этаётган ислоҳотларнинг бюджетини асослантириб бориши шарт.

Бундан ташқари, пайдо бўлиши мумкин бўлган ижтимоий норозилик кайфиятини қандай енгиб ўтмоқчисиз? Аҳоли ислоҳотларни қабул қилишга тайёрми? Бу жуда ўринли савол бўлади, деб ўйлайман ва шошилмасликни тавсия этаман. Ҳар бир ҳаракат кутилмаган оқимга олиб боришини унутмаслик лозим. Стратегияни муваффақиятли амалга ошириш учун жамоат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш талаб этилади, аммо бу соҳада Ўзбекистон қайта ишлаб чиқиши керак бўлган вазифа кўп»​.

Буюк Британиядан ташриф буюрган Марказий Осиё бўйича Кембриж Форуми етакчи илмий ходими Ширин Акинер эса масалага сал бошқача ёндашди.

«Мамлакатда бош ислоҳотларни ўтказиш ҳар доим катта маблағ талаб қилиб келади. Айни пайтда Ҳаракатлар стратегиясининг ўзи қабул қилингани катта ғалаба, бу ёрқин ҳаёт сари илк қадам, деб ҳисоблайман. Ахир бу қадамсиз қолганлари ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Шу ўринда мен бутун Ўзбекистон халқини сиёсий-ижтимоий ўзгаришга ирода қилгани билан табриклайман», дейди у.

Ҳиндистондаги Халқаро Вивекананда фонди илмий ходими Рашмини Копакарнинг айтишича, стратегияда кўрсатилган вазифалар, албатта, бажарилиши учун белгиланмаган, балки шунинг сари ҳаракатланади.

«Бир муддат ўтиб ишлар сарҳисоб қилинади ва келгуси режалар тузилади. Ҳиндистонда ҳам шундай: инқилобий йўл билан катта муваффақиятга эриша олмайсиз, биз ҳаммасига тадрижий ривожланиш билан эришдик», дейди у.

«Аввалига демократик сайловлар бўлиб ўтишини мисол қилсам, сўнгра демократик жараёнларнинг ўзи чуқур илдиз отаётганини ҳисобга олсам, бу мен назарда тутган тадрижий ривожланишнинг бир кўринишидир. Бундай Ҳаракатлар стратегияси билан келажакка боқиб турган ўзбекистонликларга омад тилайман», деб қўшимча қилган Рашмини Копаркар.

Мавзуга оид