Фан-техника | 15:55 / 23.09.2017
19571
3 дақиқада ўқилади

Тирнаш, эгиш, ёқиш: iPhone 8 синовлардан ўтказилди

Фото: TechCrunch

iPhone 8 кечагина сотувга чиққанига қарамай, интернетда у билан ўтказилган ўзига хос тажрибалар тасвирланган видеороликлар пайдо бўлди.

JerryRigEverything тахаллусли таниқли блогер янги смартфонни биринчилардан бўлиб чидамлиликка текшириб кўрди ҳамда роликни YouTube’даги каналида жойлаштирди. Янгилик ўтган йилги iPhone 7’дан анча мустаҳкам бўлиб чиқди.
 
Жерри iPhone 8’ни аввалига тирналишга қай даражада чидамлилигини синаб кўрди. Смартфон бу жараёндан муваффақиятли ўтди: уни фақатгина Мооса шкаласи бўйича олтинчи қаттиқлик даражаси бўлган асбоб билан тирнашнинг уддасидан чиқилди. Оддий фойдаланувчига бу шуни англатадики, дисплей учун кичик нарсалар ва калитлар қўрқинчли эмас. iPhone 8 динамики, камералари ва орқа панели ҳам анча мустаҳкам бўлиб чиқди. Ягона минус: асосий камеранинг ёқутли қопламаси металл бўртиққа эга эмас, бу эса унга осонлик билан зиён етказиш мумкинлигини билдиради.

Умуман олганда, бу яхши, аммо жуда зўр натижа эмас. Таққослаш учун: Tissot соатлари ва HTC U Ultra смартфони юқоридаги шкала бўйича саккизинчи даражага қадар чидамлидир.

Бундан ташқари, тест смартфон рамкасидаги бўёқ сифатини кўрсатиб берди: унга ўткир пичоқ ёрдамида зиён келтириш мумкин.

iPhone 8 эгилувчанлик бўйича синовдан ҳам яхши ўтди. Блогер уни қўллари билан зарар келтирадиган даражада бука олмади. Таққослаш учун: iPhone 7 шундай синовдан ўта олмаганди. 

Шунингдек, iPhone 8 зажигалка билан синовга ҳам бардош берди. Экрандаги шиша 10 сония давомида қиздириб турилганида унда қора доғ пайдо бўлди (бироқ қурилма ишлашда давом этган). Совутилганидан сўнг эса доғ бутунлай йўқолди.

Шу билан бирга, ZeroHedge нашрининг таъкидлашича, iPhone 8 савдоларининг илк кунида Apple дўконларида умуман навбатлар бўлмаган.

 

Мавзуга оид