Спорт | 15:40 / 26.09.2017
29803
11 дақиқада ўқилади

Халоскор Дани. «Реал»нинг навбатдаги қаҳрамони ким?

Испания чемпионатининг 6-турида «Реал» - «Алавес» ўйинида жамоанинг ёздаги харидларидан бири Дани Себальос илк марта бошланғич таркибда ҳаракат қилди. Испан футболидаги талантлардан бири илк ўйинидаёқ жамоасига ғалаба келтирган голларга муаллифлик қилди.

Себальос Мадрид клубида Тони Кроос ва Лука Модрич билан рақобатни енгиши керак. У мавсумни қандай ўтказиши келажакка савол. Қуйида унинг ўтмишини кўриб чиқамиз.

Ёшлик эликсири

Исми: Дани Себальос
Клуби: «Реал»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Фуқаролиги: Испания
Туғилган куни: 1996 йил 7 август
Асосий оёғи: ўнг оёқ
Бўйи: 176 см

Икки йил муқаддам Испаниядаги нашрлар Дани Себальосни нафақат мамлакатнинг, балки Европа ва жаҳоннинг энг истиқболли футболчилари сафига қўша бошлади. У охирги мавсумларда ёш бўлишига қарамай «Бетис»нинг асосий етакчисига айланди. 2017 йил ёзида, 21 ёши арафасида эса Польшада бўлиб ўтган Европа чемпионатида энг яхши футболчи сифатида тан олинди.

Себальос Испания ёшлар терма жамоасида 12 учрашув ўтказиб, 10 гол урди.

Дани Себальос Севилья шаҳри яқинида туғилган, шу туфайли Андалусиянинг асосий клуби унинг иқтидорини тезда пайқаган. Дани 8 ёшида «Севилья» академиясида пайдо бўлган, аммо клубдагилар Себальосда хроник бронхит аниқлангач, ундан воз кечишди – мураббийлар, бу келгусида унинг жисмоний машқларни кўтариши ва кучли футболчи бўлишига халал беради, деб ҳисоблашди. Шу туфайли 13 ёшида Дани «Севилья»ни тарк этади ва муниципалитет жамоаси – «Утрер» сафида пайдо бўлади. 

Бронхит якунда асоратли бўлиб чиқмади. Икки йилдан кейин Себальос «Севилья»нинг асосий душмани – «Бетис»да ўйнай бошлади. Айнан шу ерда у испан футболининг кейинги ўн йилликдаги талантларидан бирига айланди. 

Ўз фаолиятнинг илк даври ҳақида эслар экан Себальос шундай дейди: «Менда «Севилья» билан нохуш хотиралар бор. «Бетис» фанатлари эса менинг меҳнатларимни қадрлашди. 

Ўтган мавсумда «Севилья» Испания Кубоги ярим финалига етиб борди. Ҳамма финал қизиқарли бўлишини кутди, ғалаба эса «Барселона»ники бўлди — Дани Себальос журналистлар қаршисида бундан жуда хурсандлигини яширмади. У ҳамиша «Севилья»га муваффақиятсизлик тилаб келган. Андалусияликлар клубининг қарори 9 ёшли Дани хотирасида шундай чуқур из қолдирганди.

18 ёшида «Бетис»нинг асосий футболчиси

Себальос 2014 йили «Бетис» таркибидан мустаҳкам жой олди, ўша мавсумни жамоа сегундада ўтказганди. У ёшлар жамоасида кўп қолмади, асосий жамоа захирасида ўтирмади, ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, мавсумда 5 гол урди ҳамда клубга Примерага қайтишда катта ёрдам берди. «Бетис» хўжайинлари эса дарҳол у билан 2020 йилгача шартнома имзолади ва унинг бадал пули миқдорини 15 миллион евро этиб белгилади.

Примерадаги биринчи мавсумда кўрсатган ўйинларидан кейин Себальос учун «Наполи», «Арсенал», «Ливерпуль» ва «Атлетико» клублари даъвогар бўлиб чиқди, «Реал» скаутлари уни кузатишни бошлади. Аммо Себальос «Бетис»да бахтиёр эканини маълум қилди.

Иккинчи мавсумда эса унга «Реал», «Барселона» ва «Ювентус» клублари жиддий қизиқишни бошлади, якунда Дани пойтахт жамоасини танлади.

Испания ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида етакчилик

Себальос Марко Асенсио ва Хесус Вальехо билан бир қаторда Испания ёшлар терма жамоасининг асосий умиди эди. Бу учлик аввалига Евро U-19 турнирида ғалаба қилди, кейин Евро U-21 турнири финалига етиб борди, финалда Германия ёшлари ғолиб чиқди.

Европа чемпионатида Себальос фақат 3 ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди, битта ҳам гол урмади, лекин турнирнинг энг яхши футболчиси деб тан олинди, у «Атлетико» футболчиси, Евронинг тўпурари Саулни ортда қолдирди. 

Бунга Дани кўрсатган фантастик даражадаги томошабоп ўйин сабаб бўлганди. Германияга қарши кечган ва мағлубиятга учралган финал ўйинида ҳам у майдондаги энг фойдали футболчи бўлганди.

Себальос Италияга қарши жуда юқори савиядаги ўйинни намойиш этганди: тўпни майдон бўйлаб олиб юрар, кўплаб хавфли вазиятлар яратар, финтлари билан мухлисларни хурсанд қилар эди.

Ўйин услуби билан Иньеста ва Пирлони эслатади

Себальос – марказий яримҳимояни мустаҳкам ушлай олади, ҳимояга ёрдам беради, ҳужумда плеймейкерлик қилади. «Бетис»да Дани ҳужумларга қўшилишдан кўра, майдон марказини назорат қилиш билан шуғулланар, мураббий уни аҳён-аҳёнда қанотларда ўйнатарди.

Себальос ўйин давомида кучни тенг тақсимлайди ва қора ишдан қочмайди. У ўзини ҳужумларда ишончли тутади. Себальоснинг ўзи бу ҳақда шундай деган: «Мен учун идеал позиция - марказий ҳужумчи ортида ҳаракат қилиш. Мен яратувчиман».

У ўзи ҳақида нималар дейди?

«Менга Андрес Иниеста ва Искога ўхшаб ўйнаш ёқади. Улар майдонда эркин ҳаракат қиладиган футболчилар. Улар тўп қаерда бўлишини ҳал қиладиган футболчилар», - дея қайд этган Себальос.

У ҳам Иниеста каби баланд бўйли бўлмаган, лекин битта пас билан ўйиндаги вазиятни ўзгартириб юбора оладиган футболчи.

«Буюк ярим ҳимоячига айланиш учун майдонни яхши кўра билишнинг ўзи етарли эмас, жарима майдонига ёриб кириш ва гол уришни ҳам уддалаш керак. Шунингдек, рақибдан тўпни тортиб олиш, жамоадошларга ёрдам бериш ва бор куч билан ўйнаш талаб этилади».

«Ўтган мавсумда [2015/16] мен ўз ўйинимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Буни ота-онам билан муҳокама қилдим, улар менга фақат футбол ҳақида қайғуришни, ундан бошқа барчасини унутишни тавсия қилишди, улар айтганидек қилдим ва энди ҳаммасидан мамнунман».

«Мен учун ўзимга ишонч муҳим. Мен ҳаммаси яхши кетаётганини сезсам, ўзимни тўлқиндаги каби эркин тутаман. Лекин шу билан бирга диққатни йўқотмаслик керак».

У ҳақида нималар дейишади?

«Бетис»нинг собиқ мураббийи Пепе Мель: «Дани катта клубга ўтишга тайёрлигини кўрсатиб бўлган. У жуда жасур, уни ҳеч нарса қўрқитмайди».

«Бетис»нинг собиқ мураббийи Виктор Санчес: «У жуда талантли, ўзига жуда ишонади ва ўйинни ўз зиммасига ола олади, унинг ўйини рақиб футболчиларини довдиратиб ташлайди. Унда заргарона паслар бериш маҳорати бор, у майдонни жуда яхши кўради. У янада кучли бўлишга қодир».

«Бетис»даги собиқ жамоадоши Рубен Пардо: «Дани майдонда шерикларига осон бўлиши учун жуда кўп иш қила олади. Унинг паслари жуда аниқ чиқади, у ҳар қандай вазиятда тўпни ўзига бўйсундира олади. У истаган ишини қилади».

Испания терма жамоасининг собиқ мураббийи Висенте дель Боске: «Дани Себальосда «Реал»нинг асосий футболчисига айланиш учун барча нарса етарли. У ўзида шикоят қилишга ўрин қолдирмайди».

Себальоснинг энг яхши финтлари

 

Себальос ажойиб техникага ҳам эга. У тўп билан жуда яхши муомала қилади ва тўпни йўқотмайди.

Себальоснинг универсализмини статистика кўрсатиб турибди. У қора ишларни кўп бажаради: бир ўйинда ўртача 2,05 марта ҳужумни тўхтатган ва 3,30 марта тўпни олиб қўйган.

Данининг бугунги вазифаси – орқароқдаги плеймейкер. «Бетис» мураббийлари унинг узоқ масофага тўпни аниқ етказиб бериш қобилиятидан унумли фойдаланишган, унинг тўпсиз ақлли ҳаракат қилиши ва курашувчанлигига ишонч билдиришган.

Айёр футболчи
Себальос кўпчилик испан футболчилари каби айёр футболчи. У симуляция қилади, рақибга провакация қилишдан қайтмайди, у бундай ҳаракатлари билан мухлисларнинг кўнглини қолдиришдан чўчимайди.

Себальос рақибнинг жаҳлини чиқариб, уларнинг жазоланишига эришади. Бир сафар у «Хетафе» футболчисига қуйи лигага тушиб кетишни тилаганидан кейин мураббийи томонидан қатъий огоҳлантирилганди.

Пикенинг давомчиси

Твиттерда у ўзини жуда эркин тутади, айтиш мумкинки, Себальос кўпчилик нафратланадиган навбатдаги испаниялик футболчига айланиши мумкин. Мисоли Жерар Пике.

«Реал»га ўтишдан аввал Дани твиттердаги эски ёзувларни ўчирди. Масалан, у бир вақтлар Икер Касильяс ва унинг рафиқаси Сара Карбонерога ҳужум қилганди, «Атлетико»ни «Реал»га қарши ўйинларда қўллаб-қувватлаганди, Испания мадҳияси чалинаётган вақтда ҳуштакбозлик қиладиган каталонлар ва баскларга ўлим тилаган. (У «каталон кўппаклари» жойлашган стадионни портлатган яхши бўлиши ҳақида ёзганди). 

Бу твитлар 2-4 йил олдин ёзилган, шу туфайли Испанияда буни ўсмирнинг безорилиги сифатида қарашади, уни радикал миллатчи деб билишмайди. 

Дарвоқе, Себальос Лионель Месси ҳақидаги ижобий твитларини ўчириб юборган. Масалан, кимдир «Месси Хави ва Иньестасиз ҳеч кимлиги» ҳақида ёзганида, Дани унга жавобан Леонинг 4та «Олтин тўп» билан тушган суратини кўрсатганди. 

«Реал» ва «Барселона» танлови
«Барселона»нинг мавсумдаги илк мағлубияти Себальосни асосий рақобатчисига бой бергани бўлганди. Жамоага марказ учун шундай футболчи жуда керак эди (Иньестанинг ёши ўтди ва унга муносиб ўринбосар ҳали топилмади). Данини қўлга киритиш учун «Барса» футболчининг Каталония ҳақидаги нафратомуз сўзларига кўз юмишга ҳам тайёр эди. 

Аммо «Реал»нинг таклифи ишонарлироқ чиқди. Себальосга қатъий ультиматум қўйилди, унга 8 июлга қадар жавоб қайтариш талаби қўйилди ва футболчи тезда ўз розилигини билдирди. 21 ёш арафасидаги футболчи камида 15 миллион евро эвазига трансфер қилинди, у билан 6 йиллик шартнома тузилди.

Хамес бу трансфер ҳақида эшитгач, «Реал»дан кетиш бўйича якуний қарор қабул қилди. Энди Мадридда Испаниянингэнг ёш юлдузлари тўпланди: Асенсио, Льоренте, Вальехо ва Себальос. 

Мавзуга оид