Ўзбекистон | 11:50 / 26.09.2017
104270
12 дақиқада ўқилади

Тилхат асосида пахтага чиқариш қонунийми?

Ўтган ҳафтада талабалар, ўқитувчилар ва шифокорлар пахта далаларидан қайтарилди. Шу пайтгача бу тоифадаги фуқаролар мажбурий-ихтиёрий тарзда пахта теримига жалб қилиб келингани сир эмас. Мажбурий меҳнат муаммосининг ҳам бир кунда ҳал бўлиб қолишини кутиш қийин. Барча фуқаролар огоҳ бўлишлари ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши таниб олишлари лозим. Шу мақсадда биз талабаларнинг пахта далаларига тилхат асосида, яъни гўёки ихтиёрий тарзда олиб чиқилиши қанчалик қонуний эканини кўриб чиқмоқчимиз.

Агар улар шу асосда яна пахта далаларига олиб чиқиладиган бўлса, нима қилиш керак? Қуйида шундай ҳолатда кўриш лозим бўлган чоралар ҳам келтирилган.

Талабалардан ёзиб олинадиган тилхатларнинг қисқача мазмуни шундай:
Тилхат муаллифлари «Республикамизнинг миллий бoйлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватан, халқ ва ота-она олдидаги бурчини бажаришлари» ҳақида айтадилар. Талабалар, шунингдек, агар бу тилхатда берилган ваъдалар бажарилмаса, «курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чоралар қўлланишига розиман» деб ёзиб беради. 

2017 йилда ҳам худди шу каби мазмунда тилхатлар коллеж, институт ва давлат идоралари ходимларидан ёздириб олингани тўғрисида маълумотлар бор.

Талабалар пахтага ўз ихтиёри билан чиқиши ҳақида бундай тилхат ёзиши қандай ҳуқуқий мақомга эга? Талаба тилхатда берган ваъдасининг устидан чиқмаса, пахта теришдан воз кечса, маъмурият мазкур тилхат асосида талабани «жазолаши» мумкинми?

Тилхат нима?
Аввало, шу тушунча ҳақида бироз маълумот берсак.
Кундалик ҳаётимизда тилхатлардан жуда кўп фойдаланилади. Қонунчиликда тилхатнинг таърифи берилмаган бўлса ҳам, уни битим турларидан бири деб айтиш мумкин. Тилхатлар бир тарафлама тузилган битим ҳисобланади. Чунки, уни тузиш учун бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлади. Битимлар баъзи ҳолатларда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Масалан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битимлар (ФК, 116-модда), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битимлар (ФК, 117 модда) ва ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар битимларни ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари розилигисиз (ФК,118-модда) тузган ҳолатда ҳақиқий ҳисобланмайди. Шу билан бирга, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, шунингдек, фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қoлган битим (асоратли битим) жабрланувчи даъвоси билан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.  Битим ҳақиқий бўлмаганда, тарафларнинг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши керак. Олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса,  унинг қийматини пул билан тўлаши шарт бўлади.

Қонунчиликда тилхат таърифи берилмаган бўлса ҳам, унга нисбатан битим қоидаларини қўллаш мумкин. Тилхатнинг асосий мазмуни шундаки, у мажбуриятларни тартибга солади. Бир томон иккинчи томонга нисбатан маълум мажбуриятлар бажаришни ўз зиммасига олади (масалан, мулкни топшириш, ишни бажариш, хизмат кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо). Масалан, Фуқаролик Кодексининг 257-моддасига кўра, кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятларнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олгани ҳақида тилхат бериши шарт.  Бунда, тахминан, тилхатнинг матни қуйидагича ёзилиши мумкин: «Қарздор мендан шу куни шу миқдорда олган қарзини шу куни тўла қайтарди».

Тилхат Жиноят-Процессуал Кодексида ҳам тилга олинган. Кодекснинг 250-моддасига биноан, айбланувчи суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суддан яширинмаслик ҳақида берган ёзма мажбуриятни тилхат билан ифодалайди.

Тилхатнинг кундалик ҳаётда жуда кўп қўлланиладиган яна бир тури мавжуд. Бундай тилхатлардан, кўпинча, хўжалик юритишда фойдаланилади. Масалан, далада қўшимча чопиқни амалга ошириш учун тракторчи деҳқон хўжалигидан «фалончи рақамли тракторни чопиқ учун 2 кунга қабул қилиб олдим ва шу куни қайтараман», деб тилхат ёзиб бериши мумкин. Бу каби ҳолатларда тилхат бир томонлама тузилган ҳужжат бўлиб, маълум маъмурий-ҳуқуқий мажбуриятлар юзага келганини тасдиқловчи асос бўлиб хизмат қилади.

Пахта теримига чиқиш учун ёзилган тилхат қонунийми?
Пахта теримига чиқишни ваъда берувчи тилхатларга келадиган бўлсак, бундай тилхатлар ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга эмас. Тилхатни ёзиб берган талаба тилхатда тилга олинган «бурч ва мажбуриятлар»дан, қуйидаги сабабларга кўра, истаган вақтида бир тарафлама воз кечиши мумкин.

Биринчидан, фуқароларнинг бурч ва асосий мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган. Конституциянинг ХI боби «Фуқароларнинг бурчлари» деб номланиб, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир, дейилган (52-модда). Бундан ташқари, мазкур бобда асосий мажбуриятлар ҳақида ҳам гап кетади ва улар орасига Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва солиқ тўлаш каби мажбуриятлар санаб ўтилган (48–51-моддалар). Булар орасида, табиийки, мажбурий меҳнатга чиқиш ёки пахта териш мажбурияти белгиланмаган. Шунинг учун, Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, мактаб ўқувчилари, коллеж ва университет талабалари, пахта теришга мажбур эмаслар. Бундай мажбурият Ўзбекистон Республикасининг биронта қонунчилигида назарда тутилмаган. Бундай мажбуриятни ўқувчилар ёки талабалар тилхат ёзиш орқали ҳам ўз зиммаларига олишлари мумкин эмас. Аксинча, тилхат зўрлик ёки қўрқитиш билан ёздирилган тақдирда, коллеж маъмуриятини мажбурий меҳнатда айблаб, тегишли давлат органларига шикоят қилиш керак.

Иккинчидан, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар битимларни, мазкур мавзуда, пахта териш ҳақидаги тилхатларни, ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари розилиги билан беришлари керак. Мазкур талабга риоя этилган тақдирда ҳам, пахта териш ҳақидаги тилхатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мажбуриятларни яратгани учун ҳақиқий ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 33Қ/Б 13-сонли қарорига Илова сифатида «Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари» Рўйхати қабул қилинган бўлиб, ундаги тақиқланган меҳнат турлари қаторига «пахтани қўлда териш» ҳам киритилган (ХХХVIII бобга қаранг).

Демак, пахтани қўлда териш ишларида 18 ёшдан кичик бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади. Бундай ҳолатда 18 ёшга тўлмаган киши ўз хоҳиши билан пахта теримига чиқиши мумкинлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, 2008 йил 12 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни 2012-2013 йиллларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги Қарорининг мазмунидан келиб чиқиладиган бўлса, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва бундай меҳнатдан фойдаланиш тақиқланади.

Аксинча, агар шундай тилхатлар коллеж талабаларига мажбурлаб ёздирилаётган бўлса, талабалар коллеж раҳбариятини Ўзбекистон қонунларида тақиқланган мажбурий меҳнатга мажбурлашда айблаб, тегишли давлат органларига (масалан, прокуратура ва судга) мурожаат қилишлари керак. Шу мазмунда ёзилган тилхат талабани курсдан-курсга ўтказмасликка асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Агар коллеж раҳбарияти талабани шундай деб қўрқитаётган бўлса, бу ҳам ўз хоҳишига қарши меҳнат қилишга мажбурлаш тури бўлиб, талаба зудлик билан тегишли давлат органларига шикоят қилиши керак. Бунинг учун қуйидаги мажбурий меҳнат устидан шикоят аризаси намунаси билан танишиб чиқишингизни тавсия қиламиз.

[Коллеж ўқитувчисининг пахта теришга мажбурлаши устидан намунавий шикоят аризаси;
Аризадаги жой ва исм номлари тўқима

Бухоро Eнгил саноат касб-ҳунар
коллежи директори Усмон Турдиевга
Бухоро шаҳри,  Мустақиллик кўчаси
1991-уйда яшовчи Отабек Фарҳодовдан

АРИЗА

Бухоро енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси бўлмиш Олима Сатторова мазкур коллежнинг 1-босқич талабаси ўғлим Ҳамид Фарҳодовни пахта теримига чиқишга мажбур қилмоқда. Ўқитувчи Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб биламан ва сиздан бунга қарши тегишли чоралар кўришингизни илтимос қиламан.

Мазкур йилнинг сентябрь ойида Олима Сатторова фарзандимга курсдошлари каби пахта теримига чиқиши шарт эканлигини айтган. Фарзандим пахта теримига чиқишни хоҳламаслигини, унинг ўрнига дарсларни уйда мустақил равишда ўқишини айтган. Сатторова бунга жавобан фарзандим пахта теримига чиқишни хоҳламаса, ўрнига бошқа кишини юбориши кераклигини ёки бўлмаса 300 000 сўм пул тўлаши кераклигини айтган. Акс ҳолда, уни кейинги курсга ўта олмаслик билан қўрқитган. Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатлари қуйидаги сабабларга кўра, меҳнатга мажбурлаш бўлиб,  амалдаги қонунчиликка кўра, ноқонуний ҳисобланади:
1. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида меҳнат қилишга мажбурлаш тақиқланган. Хусусан, Конституциянинг 37-моддаси мажбурий меҳнатни ман этади. Меҳнат Кодексининг 7-моддасида ҳам шундай қоида белгиланиб, бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш мажбурий меҳнат экани айтилган;
2. «Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига биноан, ҳар бир ўқувчига билим олиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади. Фарзандимнинг пахта теришга мажбурланиши мазкур ҳуқуқнинг, давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 33Қ/Б 13-сонли қарорига Илова сифатида «Ўз саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари» Рўйхати қабул қилинган бўлиб, ундаги тақиқланган меҳнат турлари қаторига «пахтани қўлда териш» ҳам киритилган (ХХХVIII бобга қаранг).

Юқорида кўрсатилган сабабларга асосланиб,  фарзандимни пахта теришга мажбурлаш ҳолатлари тўхтатилишини сўрайман. Олима Сатторова ёки коллеж ўқитувчиларидан бошқаси томонидан фарзандимни пахта теришга мажбурлаш ҳолати қайтариладиган тақдирда, шикоят аризаси билан тегишли юқори турувчи давлат органларига, хусусан, вазирликларга, Прокуратура ва судга мурожаат қилишимни билдираман.

Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига асосланиб, шикоят аризамга 15 кун ичида жавоб беришингизни сўрайман.

2013. 22. 09                                      [имзо]                                                 Отабек Фарҳодов

Мавзуга оид