Ўзбекистон | 22:20 / 03.10.2017
10702
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Тошкентда халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Фото: KUN.UZ

2017 йилнинг 3-5 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” да “Ипак йўлида туризм” номли 23-Тошкент халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. 23-Тошкент халқаро туризм кўргазмаси (ТХКТ) туризм соҳасидаги энг йирик анжуман бўлиши билан биргаликда, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ҳудуди мамлакатлари учун муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. 

ТХКТ 1995 йилдан бери БМТнинг Жаҳон Туризм Ташкилоти (ЮНВТО) расмий ёрдами билан ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили кўргазмада дунёнинг барча мамлакатларидан келган туристик бизнес соҳасидаги таниқли мутахассислар йиғилишади.

KUN мухбири ушбу кўргазманинг биринчи кунидан махсус фоторепортаж тайёрлади. 

ТХКТ 2017 кўргазмаси мобайнида “Ўзэкспомарказ” павильонларида “Ипак йўли таъми” номли Миллий таомлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Очиқ майдонда 10 дан ортиқ тематик мавзуларда турли таомлар намойиши ўтказилиб, уларнинг ҳар бирида Ўзбекистон ҳудудларининг гастрономик маҳсулотларини таътиб кўриш имконияти яратилган.

Жорий йилда “Hosted Buyers” дастурига мувофиқ 28 та хорижий мамлакатлар, жумладан – Озарбайжон, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Индонезия, Испания, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Қувайт, Латвия, Литва, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Оман қироллиги, Покистон, Польша, Россия Федерацияси, Сингапур, Тайланд, Тожикистон, Украина, Франция ва Япония туризм компаниялари ва ОАВларнинг 60 дан ортиқ вакиллари иштирок этишмоқда. Хорижий ҳамкорлар ва туристик компаниялар билан ўзаро мустаҳкам алоқалар ўрнатиш мақсадида B2B учрашувлари ўтказилиши режалаштирилиб, уларга мувофиқ 100 дан ортиқ маҳаллий компанияларнинг иштироки белгилаб қўйилган.

 Халқаро туризм кўргазмаси 5 октябргача давом этади.

Мавзуга оид