Жамият | 22:20 / 04.10.2017
24249
14 дақиқада ўқилади

Мўъжизалар излаб Мисрдан Иорданиягача. Иккинчи мақола

Инсон ақл заковати билан яратаётган технология туфайли замонни соат сайин ўзгартириб бормоқда. Ҳамма нарса ўзгаряпти. Аввало турмуш тарзи. Аммо асрлар давомида «ўзлиги»ни сақлаб келаётган халқлар ҳам бор. Кўчманчи араб – бедуинлар шулар жумласидандир. Мен кўрган бедуинлар ҳалигача электр қувватидан фойдаланиш ўрнига мойчироқ ёки гулхан ёқадилар. Машинадан кўра туя ва отларни афзал биладилар. Фармацевтика маҳсулотидан умуман фойдаланмай, чўл ўсимликлари, унинг томир ёки гулидан тайёрланган дори–дармонни қўллайдилар. Асосан чой ичадилар. У қандай чойлигини билсангиз эди...

Бедуинлар Миср, Иордания, Сурия, Ливан каби араб мамлакатлари ва қисман Исроилда яшайди. Улар қайси давлат худудида бўлмасин, қабила бўлиб умргузаронлик қилишади. Миср бедуинларнинг кўплаб қабилаларини бағрига олган. Уларнинг қанчалиги аниқ маълум эмас. Лекин расмий маълумотларда Миср бедуинлари 100-150 минг нафар, деб келтирилади.

Мўъжизалар излаб Мисрдан Иорданиягача. Биринчи мақола

Бедуинлар ўзига хос ҳаёт тарзи ва қоидалари асосида яшайди. Улар билан юзма–юз бўлиш учун Қоҳирадан Синай ярим оролидаги Шарм ал-Шайх шаҳрига самолётда учиб келдим.

Шарм ал-Шайхни ер юзидаги жаннат мисол шаҳарларга қиёслагим келди. Шаҳарда атиги 24 минг аҳоли бор. Лекин уларнинг ҳеч бири бу ерда муқим яшаш ҳуқуқига эга эмас. Улар Қизил денгиз бўйидаги ўнлаб курорт – меҳмонхоналар ҳамда шаҳардаги сайёҳларга хизмат кўрсатиш тармоқларида ишлайдилар ва бу ерда вақтинча яшайдилар.

Қизил денгиз сувининг шаффофлиги, сув остидаги афсонавий коралл олами ва минг турфа рангли балиқларни кўрмай кетиш «гуноҳ» эди. Савдолашиб юриб 550 фунт (31,2 доллар)га кўриш ойнали, сув остида нафас олиш мосламаси бўлган «маска» сотиб олдим. «Concord» меҳмонхонасининг хусусий чўмилиш ҳудудида денгиз остига шўнғиб, бир умр унутилмас ҳайратомуз манзарага дуч келдим. (Мавзудан четламай...)

Дарвоқе. Миср бедуинлари икки катта уруғга бўлинган. Бири Синай ярим ороли чўлларидаги кўчманчи қабилалар. Иккинчиси, Қизил денгиз ёқалаб кўчиб юрувчи, баъзида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи араб қабилаларидир. Шарм ал-Шайхдан машинада иккинчи уруғ қабилаларини излаб Даҳаб шаҳри томон йўлга тушдим.

Синай ярим ороли ўтган асрнинг иккинчи ярмида маълум муддат Исроил тасарруфида бўлган. Аниқроғи, Исроил қўшниси Мисрнинг бу олис ҳудудини босиб олган. Фақат 1974 йилдагина Анвар Саодатнинг тинчлик сулҳи уни яна Мисрга қайтарган. Шарм ал-Шайх – Даҳаб автомобил йўли ўша йиллари қурилган экан. Икки томонлама, икки қаторли текис, равон йўлдан роҳат қилиб юради машина.

Шарм ал-Шайх – Таба йўли бўйида бир неча кичик – кичик аҳоли яшаш ҳудудларини учратдим. Уларнинг ойна ва эшиклари очиқ турар, ҳеч ким йўқ эди. Йўлбошчининг айтишича, 2007 йилда Ҳусни Муборак фармони билан бу ерларда бедуинлар учун 2-3 хонали ихчам уйлар қурилган ва бепул берилган. Агар кўчманчилар шу уйларда муқим беш йил яшаса, уларга паспорт ва фуқаролик бериш ваъда қилинган. Лекин сахрои хаётга кўниккан бедуинлар бу уйларда бир ой ҳам турмаганлар ва яна тоғ этаклари, қум барханлари узра чодирларини тикиб кетаверганлар. Шундан буён 20-25 уйдан иборат мавзелар ҳуввилаб ётарди.

Ниҳоят яна 80-90 километр йўл юргач, чап томондаги тоғлар бағрида бир неча чодир тикилган текислик кўзга ташланди.

- Бу ерда ёз бўйи бедуин қабилаларидан бири истиқомат қилади, - деди ҳамроҳим Абдулла. У Шарм ал-Шайхга келган россиялик сайёҳларга хизмат қилавериб рус тилини бир мунча ўрганиб олганди. – Ёлғиз кирмайлик. Бирон бир сайёҳлар автобусини кутайлик.

Абдулланинг хавотир олиши бежиз эмасди. Даҳаб ва ундан шимолда, Исроил чегарасидаги Табе шаҳарчалари атрофида бедуинлар хорижлик сайёҳларни ўғирлаш, сўнг уларни наркотик моддалар савдоси билан қамалган қабиладошларига алмаштириш ҳоллари рўй бериб тураркан.

Ниҳоят, сайёҳлар тушган автобус катта йўлдан бедуинлар қароргоҳи томон қайрилди. Биз уларга эргашдик. Уч томони баланд–баланд тоғлар, ўртада чамаси 1-1,5 гектар келадиган ясси сатҳ. Бу ерда бир неча чодир, чўлнинг тиканак новдаларидан ўраб олинган қўрғон турарди. Узоқ–узоқларда қўра–қўра қўй боқаётган кишилар кўзга ташланади. Бизни бошида оқ салла, устида узун оқ кўйлак кийган, юзи қотма, кўзлари чақнаган лекин очиқ кўнгил бир бедуин кутиб олди.

Қўрғон ичига айлана қилиб кўй жунидан тўқилган шолча ташлаб қўйилган. Биздаги каби лўла болишлар ҳам бор. Энди ўтирган ҳам эдикки, бир ўспирин йигит келиб олдимизга чой қўйиб кетди.

- Улар бизни сийлаяпти, - деди Абдулла. – Сиз тортинмай ичаверинг. Бу чой минг дардга даво.

Мен эҳтиёткорлик билан чойни хўпладим. Унинг таъми бир оз тахирроқ бўлсада, қайсидир, мен илгари учратмаган гиёҳ ҳиди келарди. Шу пайт ҳалиги сайёҳлар бедуинлар оиласини «қуршов»га олди. Ҳали у ёқдан, ҳали бу ёқдан суратга олишар, тош ва гиёҳ новдасидан қўлда ясалган билак, қулоқ ва бўйин тақинчоқларини талашиб–тортишиб сотиб олар эдилар.

Ниҳоят бизга ҳам навбат келди. Аввалига у–бу сотиб олган бўлдик. (Бу мулоқот қилиш учун керак эди) Кейин оила бошлиғини саволга тутдим.

- Биз Ал Аббад уруғининг Жабал қабиласиданмиз, - дейди у. Гарчи асосий машғулотимиз, яъни тирикчилигимиз қўй боқишдан бўлсада, қисман денгиз бўйида балиқ овлаймиз, сайёҳлар сув остига тушишида ёрдамлашамиз. Сиз сув остига тушишни истамайсизми? Ўғлим Иброҳим ҳозир “мовий ўра”да. Бориб унга айтинг. Отанг буюрди, бизни “мовий ўра”га олиб туш, денг. Мана кўрасиз, ҳеч афсусланмайсиз.

Мен Абдуллага қарадим. У Даҳабдан 20-25 чақирим нарида миллион йиллар муқаддам Қизил денгиз қирғоғидан вулқон отилиб чиққани, унинг ўрнида 1800 метр чуқурликдаги ўра ҳосил бўлгани, ҳозирда бу ўра сув остида қолгани ва коралл дунёсининг такрорланмас ва ноёб манзарасини айнан шу ердагина кўриш мумкинлигини айтди.

Бедуинлар оиласида аёллар туяларга қарар ва бола тарбиясига масъул. Қариялар эса болаларга диндан сабоқ берадилар. Бедуинлар қайси қабила ёки уруғдан бўлмасин, сунний мазҳабига мансуб.

- Ўғлим уйланадиган. Қўшни қабиладан қиз ҳам топганмиз. Энди қалин пули тўплашимиз керак.

Бедуинларда тўй куни келинга бир товоқда олтин тақинчоқлар ва унинг ота–онасига қалин (туя, от, қуй) бериши лозим экан. Оила бошлиғи бу удумга биз ҳам озгина бўлсада “улуш” қўшишимиздан умидвор эди.

- Биз Иброҳимнинг олдига албатта борамиз, дедим мен уни бироз хотиржам қилиб. Бу гап унга маъқул келди шекилли, ўрнидан туриб гулхан ёқди. Эски, қорайган мис идишда сув қайнатиб турли гиёҳлардан солиб астойдил чой дамлади. Кейин Абдулла билан нималар ҳақидадир тортишган бўлди.

- Чойга бироз ... қорадори (чўл гиёҳлари ичида шундай хусусиятли ўсимликлар ҳам бўлар экан) қўшайми, деб сўради. Мен сизни кўнмайди, у ҳожи, дедим. Тўғри қилибманми?

Мен Абдулланинг сўзларини маъқуллаб, бедуинга “но-но” дедим. Биз кулишдик. Шундоғам чой ичганим сари баданим қизиб бораётгандек эди.

Биз Даҳаб шаҳарчасидан ўтиб яна денгиз бўйлаб “мовий ўра” томон кетардик. Тахминан 30 километрлар юргач, асфалт йўл тугаб ёлғизоёқ сўқмоқ бошланди. Шу ерда 10-12 чоғли оқтуялар пишқириб ётарди. Бизни кўрган йўлбошчилар бир-бирига сўз бермай баравар гапира кетди. Абдулла бир бақирган эди, ҳаммаси тинчиди. Сўнг уларнинг бири билан савдолашди. Йўлбошчи бизни “мовий ўра”га туяларда олиб борадиган бўлди.

Рости, туя миниб ўрганмаганман. Қоҳирада, пирамида ёнида туяда бир неча бор сайр қилгандим. Аммо у қисқа муддатли эди. Энди эса оёқда узангиси йўқ туяда унинг лўка–лўк тебраниб юришига манзилга етгунча чидаш лозим.

Мана, узоқда, бир томони қояли тоғ ёнида, денгизнинг қоқ қирғоғида сув рангидан ўзгача, тиниқ ва мовий доира кўринди. Во ажаб! Қизил денгиз–ку, бошқаларидан саёз эмас, ичкариси 1500-1600 метргача чуқур экан. Лекин денгиз қирғоғида 1800 метр чуқурликдаги диаметри чамаси 50 метр бўлган мовий ўра – ҳақиқий мўъжиза эди.

Иброҳимни топиш қийин бўлмади. У эндигина бир гуруҳ сайёҳларни денгиздан олиб чиқиб турган экан. Абдулла унга отасидан салом айтди.

- Яна бироз ишласам, қабилага қайтаман. Денгиз жонга тегди. Қуёш ботаётганда қум ва тоғлар қандай рангга киришини биласизми? Ҳақиқий камалак рангига. Шу дақиқада уни кузатиш қанчалар ёқимли?!

Иброҳим ёш, лекин қомати роса келишган, билагида мускуллари бўртиб чиққан, қўнғир сочларини ортга бойлаган, доим кулиб турадиган йигит эди. Унинг кўчманчи араблар учун муқаддас манзаралардан бири - қуёш ботиши ҳақидаги ҳайрат ва завқ билан айтган гаплари ҳам қалбининг тўридан чиқарди. Иброҳим ҳақиқий бедуин эди.

- Мана буларни кийиб олинг, - деди у менга сузиш осон бўлиши учун оёқ ластаси ва пўкак камзул бериб. Мен маскамни ҳам тақиб олдим. – Энди аста-секин ҳув анави ердан сувга тушамиз. Мен ёнингизда сузаман.

Шу пайт довюраклигимни исботламоқчи бўлиб Иброҳимнинг таклифини рад этдим.

- Шарм ал-Шайхда ҳам сузиб кўрганман. Денгизга ўзим тушаман.

Мен сувга тушган жой мовий ўрадан 150 метрлар нарида эди. Қирғоқдан 15-20 метрлар ичкарига сузиб боргач юзимни сув остига бурдим. Ё алҳазар?! Денгиз ости минг бир рангда ва шаклда тобланадиган кораллдан иборат эди. Оқ, қора, қизил, сариқ, кўк, чипор ранг балиқлар тўда–тўда сузиб юрарди. Мен улар ортидан қуваман лекин етолмайман. Яна такрорланмас меъморий мўъжизаларни кузатаман. Ие, анавилар, ҳов узоқда, денгиз тубига қараб сузиб кетаётганлар акваланглар–ку! У ерларда қандай манзаралар бор экан-а? Сув юзасида бўлсамда, улар кетидан қолмасликка ҳаракат қиламан. Шу пайт ёнимдан каттагина қоп– қора балиқ ўтиб кетаётиб тиззамга урилди шекилли, жазз этгандек бўлди. Сув юзасига чиқиб, бошимни кўтардим.

- Воой, воой! - Бирдан ток ургандек сесканиб кетдим. Мен “мовий ўра”нинг қоқ ўртасида эдим. Остимда 1800 метрли чуқурлик! Қирғоқ олисда. Камида 100 метр сузиб бориш керак. Атрофимда ҳеч ким йўқ. Қўрқувдан юрагим ёрилаёзди. Бошимни сувга тиқдим. Энди балиқларни ҳам, коралларни ҳам кўрмасдим. Тублик. Чексиз тублик эди холос остимда. Суза бошладим. Лекин оёқ қўлларим гўё ишламаётгандек, қанча ҳаракат қилмай жойимда тургандек эдим.

- Ё раб, гуноҳларимни ўзинг кечир, наҳотки жасадим шу денгиз остида қолиб кетса?! – Миямга келган бу фикрдан янада қўрқиб кетдим. – Ҳали қанча қиладиган ишларим, ёзадиган хотираларим бор эди-я!...

Шу тариқа қанча вақт ўтди, қандай қилиб суздим, билмайман. Фақат қирғоқни мўлжалга олганимга амин эдим холос. Бир пайт бақувват қўл билагимдан тутди. Бошимни сувдан кўтардим. Қарасам, Иброҳим. Хайрият, қирғоққа яқин келиб қолибман. Мени кузатиб турган Иброҳим сузишимдаги пала-партишликни кўриб ўзини денгизга отибди. Қирғоққа 15-20 метр чамаси қолгада у мени шатакка олган.

Қирғоқдаги турфа рангли тошларга, демакки ерга, она тупроққа оёғим текканида қанчалар қувониб кетганимни билсангиз эди...

Мендан маска, камзул ва ласталарни ечган Иброҳим чодирга қараб югуриб кетди. Абдулла нималардир дер эди. Лекин гўё қулоқларим том битганди. Лабларимни қайноқ чой куйдирганида ҳушимга келдим. Абдулла ва Иброҳим ташвиш билан менга тикилиб туришар эди.

Айб ўзимда. Мақтанчоқлик қилдим. Лекин на Абдулла, на Иброҳим буни юзимга солди. Аксинча, мени бўлиб ўтган воқеадан чалғитишга ҳаракат қилардилар. Чодирга келганимизда Иброҳим дўмбирани қўлига олиб бир оҳангда чала бошлади. Қирғоқдаги 5-6 нафар бедуин дўмбира овозини эшитиб кела солиб ўйинга туша кетдилар. Ҳаракатлар куй шаштига мос эди. Биз қарсак чалардик. Улардан бири келиб мени даврага тортди. Мен энди ҳаммасини унутиб бедуин ёшлари билан дўмбира садоларига мос тебраниб рақс тушардим.

Кун кеч бўлди. Гулхан оловида тоблаб пиширилган балиқ еб ҳордиқ чиқардик.

- Дам олиш керак, эрта тонгда Қизил денгизни паромда кесиб ўтасиз. Сизни Иорданиянинг Ал Ақаба шаҳрида кутишяпти, - деди Абдулла.

Биз яна туяларга миндик. Иброҳим машинамиз қолган жойгача мен минган туяни етаклаб борди.

Туни билан йўл юриб дастлаб Нувейба шаҳарчасидан ўтдик, сўнгра Исроил билан чегарада жойлашган Таба шаҳарчасидаги денгиз портига етиб келдик. Қирғоқда турган “Петро” номидаги паром бир пишқириб қўйди. Тоғлар ортидан қуёшнинг кучсиз нурлари мўралай бошлади.

Муҳаммаджон Обидов
Миср, Шарм ал Шейх-Дахаб-Таба

Мавзуга оид