Жаҳон | 17:00 / 05.10.2017
37460
3 дақиқада ўқилади

Колхоз раислигидан президентликкача. Имомали Раҳмон 65 ёшда

Тожикистоннинг учинчи президенти Имомали Раҳмон бугун 65 ёшни қаршиламоқда. У 1994 йилнинг 16 ноябридан бери қўшни давлат раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда. «Миллат пешвоси» титутига эга. Тўлиқ титули «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат пешвоси» сифатида янграйди.

Фото: NM.tj

Имомали Раҳмон ҳозирги Хатлон вилояти Данғара қишлоғида 1952 йилнинг 5 октябрида таваллуд топган. Оилада учинчи ўғил бўлган Имомали ўрта мактабни тугатгач, Қўрғонтепадаги ёғ заводида электрчи бўлиб ишлаган. 1971 йилдан 1974 йилгача Тинч Океани флотида матрос бўлиб хизмат қилган, хизматдан сўнг яна заводга қайтган, кейинроқ сотувчи бўлиб ишлаган.  

Фото: 24smi.org

1982 йилда Имомали Раҳмонов Душанбе давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган.

1976 йилдан 1988 йилгача Кўлоб вилояти Данғара туманидаги колхозлардан бирида касаба уюшмаси раиси сифатида ишлаган, сўнгра коммунистик партиянинг турли органларида лавозимга эга бўлган. 1988 йилнинг июнида Имомали Раҳмонов Данғара туманидаги Ленин номли совхоз директори этиб тайинланади ва шу лавозимда 1992 йилгача фаолият юритади.

1992 йилда Раҳмонов Тожикистон ССР 12-чақириқ Олий Совети депутати этиб сайланади. 1992 йилнинг 2 ноябридан 19 нобярига қадар Кўлоб вилоят ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлайди. 1992 йил 27 ноябридан 1994 йил 16 ноябрига қадар Тожикистон Олий Кенгашини раиси. 1994 йил 16 ноябридан Тожикистон президенти лавозимида ўзгармасдан ишлаб келмоқда.

1994 йилда Тожикистонда янги конституция бўйича референдум ва президентлик сайловлари ўтказилган ва унда Имомали Раҳмонов 58,7 фоиз овоз тўплаб, ғолиб чиққан (янги конституция учун 95,7 фоиз сайловчи ёқлаб овоз берган).

2007 йилнинг 21 марти куни Имомали Раҳмонов тожик зиёлилари вакиллари иштирокидаги йиғилишда чиқиш қила туриб, «маданий қадриятларга қайтиш, миллий топонимикадлан фойдаланиш зарурияти» ҳақида сўз очади. Хусусан, у ўз исм-фамилиясини ўзгартиришга қарор қилади, ўзини Имомали Раҳмонов эмас, бундан кейин Имомали Раҳмон деб аташлари таклиф этади.

Фото: sputnik.tj

Имомали Раҳмоннинг 9 нафар фарзанди бор: етти қизи (Феруза, Озода, Рухшона, Тахмина, Парвина, Заррина ва Фарзона) ва икки ўғли (Рустам ва Сомон).

Фото: rferl.org

У Тожикистон ва хорижий давлатларнинг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган. «Тожикистон қаҳрамони» унвонига эга.

Мавзуга оид