Жаҳон | 00:07 / 07.10.2017
31582
2 дақиқада ўқилади

Владимирдаги автоҳалокатдан кейин ноқонуний миграция бўйича жиноий иш қўзғатилди

Фото: РИА Новости / ГУВД по Владимирской области

Россиянинг Владимир вилоятида юз берган йирик йўл-транспорт ҳодисасидан кейин россиялик терговчилар ноқонуний миграция бўйича жиноий иш қўзғатдилар. Бу ҳақда Москва ҳудудлараро транспорт прокуратураси сайтида маълум қилинди.

6 октябрга ўтар кечаси Владимир вилояти, Петушинск туманидаги "Покров" станцияси яқинидаги темир йўл переездида "Петербург – Нижний Новгород" йўловчи поезди ва автобус тўқнашиб кетган. Автобусда ўзбекистонлик фуқаролар бўлган. ЙТҲ оқибатида 17 киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган. 4 киши, жумладан 2 ёш бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Прокуратура хабарида таъкидланишича, номаълум шахслар Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киришини миграция ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ташкиллаштиришган. Улар бу "хизматлари" эвазига ҳар бир кишидан 5 минг рублдан олишган.

"Шу тариқа, Ўзбекистон фуқароларининг Россияга ноқонуний кириши, у ерда бўлиши, транзит ўтишини ташкиллаштирган шахслар ҳаракатларида жиноят – "ноқонуний миграцияни ташкиллаштириш" аломатлари мавжуд", деб айтилган хабарда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид