Жамият | 11:20 / 13.10.2017
14606
5 дақиқада ўқилади

Таманинг охири вой

Фото: KUN.UZ

Гап-сўзларидан ёлғон гапираётганга ўхшамайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари-ю соғлиқни сақлаш вазирликларида таниш-билишлари сероблигини, бир оғиз гап билан хоҳлаган коллежга ўқишга жойлаши ёки бир бир ўқишдан бошқасига кўчириб бериш унинг учун арзимаан иш эканлигини айтиб турибди. Қолаверса, тиббиёт коллежида шунча йил ишлагандан кейин танишлари кўп бўлиши мумкин-ку! Менимча, шунинг учун ҳам унга бемалол ишониш мумкин.

Шоҳруҳдан эшитганлари Муҳиддин (исм-фамилиялари ўзгартирилган)га қанот бағишлагандек бўлди. Ахир Қорателпак қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқийдиган укасини Шаҳрисабз тиббиёт коллежига ўтказиш масаласида анчадан бери бош қотириб келаётган бўлса-да, ҳеч иложини қилолмаётган эди. Шу сабабли Шоҳруҳ орқали унинг таниши Қамариддин билан учрашди. Қамариддин Шоҳруҳнинг айтганларини такрорлади. Укасининг ўқишини кўчириш масаласини вазирликдаги танишлари орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилди ва хизматига 800 АҚШ доллари сўради, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Яхши хабар ҳам, нохуши ҳам тез тарқайди. Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга кириш иштиёқидаги ёшларга ёрдам берувчи ёки ўқишни бошқа йўналишдаги касб-ҳунар коллежидан тиббиёт коллежига кўчириш масаласини ҳам зумда ҳал қилиш қўлидан келадиган “ҳожатбарор домла” ҳақидаги миш-мишлар зумда урчиб, шунга яраша талабгорлар ҳам пайдо бўла бошлади.

Хуллас, “ҳожатбарор”га Китоб туманида яшовчи бир фуқаро учрашди. Қамариддин унинг ўғлини тиббиёт коллежига танишлари орқали киритиб қўйишга сўз берди ва эвазига аввал 1000, икки ойдан кейин яна 800 АҚШ долларини олиб, ваъдани қуюқ қилди. Кўп ўтмай эса Муҳиддин орқали ўзи билан танишган яна бир фуқаронинг ўғлини Шаҳрисабз тиббиёт коллежига жойлаб қўйишни ваъда қилди. Бу билан у 700 АҚШ долларини қўлга киритди.

Кейинчалик яна бир фуқаронинг ишончига кирди ва унинг қизини Пастдарғом тиббиёт коллежига киритиб қўйиши ҳақида лоф уриб, ундан 1000 АҚШ долларини ундирди. Кейинчалик эса худди шундай ваъдалар билан Чироқчи туманида истиқомат қилувчи фуқарога қизини ўқишга жойлаш қўлидан келишини айтиб, бунинг эвазига 1100 АҚШ долларини тамагирлик билан қўлга киритди...

Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Умумий ҳисобда эса Қамариддин Бойзоқов 30 нафарга яқин фуқародан турли ваъдалар бериш орқали 17 минг 450 АҚШ долларига яқин валюта ҳамда 3 млн. 300 минг сўм пул маблағларини тамагирлик йўли билан ундиради.

Афсуски, унинг жиноий қилмишлари шулардангина иборат эмас экан. Аниқланишича, Қамариддин Бойзоқов 2014-2017 йиллар давомида 24 нафар фуқаронинг фарзандларини ўқишга киритиш мақсадида, уларнинг ўқишлари бошқа таълим муассасаларидан тиббиёт коллежларига кўчирилганлиги тўғрисида Ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази директорининг биринчи ўринбосари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғининг номидан расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаларига ижро этиш учун юборган экан. Шунингдек, уч нафар абитуриентни Қарши тиббиёт коллежига ўқишга киритиш мақсадида уларнинг бошқа таълим муассасаларида таълим олганликлари ва ўқишларини кўчириш билан боғлиқ расмий ҳужжатлар, яъни буйруқ, рейтинг дафтарчаси ҳамда муҳрларни қалбакилаштириб, тиббиёт коллежига тақдим қилишнинг ҳамда шу йўл билан уларнинг ўқишга қабул қилинишларининг ҳам уддасидан чиққан.

Бундан ташқари, Қ.Бойзоқов жорий йилнинг февраль ойи бошида Пастдарғом туманида жойлашган умумий овқатланиш жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, ҳеч бир сабабсиз билан фуқаро билан жанжаллашиб қолади. “Рақиб”ини уради ва соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган енгил шикаст етказиб, безорилик қилади.

Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман суди ЖКнинг бир нечта моддаси билан айбланган Қамариддин Бойзоқовга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, у фуқаролардан олган пуллар пора предмети ҳисоблангани сабабли давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Мавзуга оид