Жаҳон | 23:34 / 13.10.2017
14612
2 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКОга янги бош директор сайланди

Франциянинг собиқ маданият вазири Одри Азуле 13 октябрда ЮНЕСКОнинг янги бош директори этиб сайланди. Азуле 30 та овоз тўплаган ва бу миқдор унинг сайланиши учун етарлилик қилган.    

Фото:AFP 2017 / Thomas Samson

Ташкилот ижроия кенгаши овоз беришининг охирги турида Азуле билан бирга қатарлик дипломат Абдулазиз Ал-Каварий кураш олиб борди. Унинг номзодига 28 овоз берилди.

Ғалаба қилган номзод ЮНЕСКОнинг кеч кузда бўлиб ўтадиган бош конференцияси 39-сессиясида бош директор лавозимига тасдиқланади. ЮНЕСКОнинг амалдаги бош директори болгариялик Ирина Бокова ташкилотни 2009 йилдан бери бошқариб келади. 

ЮНЕСКО БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган ташкилоти ҳисобланади. У давлатлар ва халқларнинг таълим, фан ва маданият соҳасида ҳамкорлигини кенгайтириш ҳисобига тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериш; ирқи, жинси, тили, динидан қатъий назар барча халқлар учун адолат ва қонунга амал қилишликни, БМТ низомида баён қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишни таъминлаш каби вазифаларни олдига мақсад қилиб қўйган.

Ташкилот 1945 йил 16 ноябрда ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Парижда жойлашган. Ташкилотга 195 та давлат аъзо ҳисобланади, 2 давлат кузатувчилик қилади ва ташқи сиёсати учун жавобгарликни зиммасига олмайдиган 10 та ҳудуд киради.

Мавзуга оид