Ўзбекистон | 16:49 / 17.10.2017
8540
2 дақиқада ўқилади

Давлат рақобат қўмитаси Чинозда 30 та бўш турган объектни ишга туширмоқчи

Фото: Uz24

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан ўтказилган хатловлар Чиноз тумани ҳудудида аввал хусусийлаштирилган ҳамда бугунги кунда бўш турган 41 та объектлар мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур объектларнинг жами қурилиш майдони 52,3 минг кв.м.ни, эгаллаган ер майдонлари 48,2 гектарни ташкил этади. Ушбу объектлар қаторига собиқ «Керамзит шағал корхонаси», «Мебель фабрикаси» ва «Чиноз бош пиллахонаси» каби йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралда қабул қилинган ПҚ-2796 сонли қарорига мувофиқ, жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида Идоралараро комиссиялар тузилган.

Ушбу комиссияларга аввал хусусийлаштирилган корхона ва объектларнинг қайтадан тўла қувватда ва самарали ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилиб, тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишида амалий ёрдам бериш бўйича кўплаб ваколатлар берилган.

Давлат рақобат қўмитаси

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг маълум қилишича, ҳозирда Чиноз туманидаги бўш объектлардан 30 таси негизида мулкдорлар томонидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифи берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февральдаги ПҚ-2796 сонли қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминламаган мулкдорларга нисбатан солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш белгиланган.

Мавзуга оид