Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одинахон Муҳаммад Юсуф: Ҳозирда нафақат фарзандларимиз, балки бутун жамият она меҳрига муҳтож
15 октябрь куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида «Муслимаат.уз» сайтининг 10 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида сайтнинг асосий ташкилотчиси ва раҳбари, олима Одинахон Муҳаммад Юсуф ўзбек аёл-қизларининг жамият тараққиётидаги роли ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:
«Ҳозирда нафақат фарзандларимиз, балки бутун жамият она меҳрига муҳтож. Она парваришига муҳтож. Келинг, ҳаммамиз бир бўлиб, иноқ-иттифоқ бўлган ҳолда ватанимизга меҳр мурувват кўрсатайлик. Унинг учун ихлос ила саъй-ҳаракат қилайлик. Халқимиз учун фидойи бўлайлик, унинг равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшайлик. Уламолар бешиги бўлмиш бу юртимизга буюк аждодларимиз каби авлодларни етиштириб, тақдим қилайлик. Юртбошимиз, пешволаримиз, уламоларимиз сиз билан биздан яна Бухорий, Термизий, Самарқандий каби буюк алломалар етиштиришимизни кутишмоқда».
Тадбир давомида Одинахон Муҳаммад Юсуф падари бузургвори Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари хотирасини ҳам ёдга олди. Шунингдек, «Муслимаат.уз» сайти ҳам айнан Шайх ҳазратлари кўмаги остида яратилгани қайд этилди.
«Ливияда билим юртига эндигина қадам қўйган кезларим ҳазрат билан билим юрти боғида сайр қилиб юрардик. Шунда у киши мендан ўқиш ҳақидаги фикримни сўраб қолдилар. Шунда мен: «Келажакда ўз юртимизда аёллар учун мадраса очаман», деб жавоб бердим. Мен у пайтда жуда ёш эдим. Аллоҳ таолонинг иродаси билан қалбга тушган ният дея аталмиш уруғни ҳазратимиз йиллар давомида сув қуйиб, парваришладилар. Иноят ила ундириб, ўстирдилар. Мана, бугунги ««Муслимаат.уз» сайтини ўшанда биз орзу қилган аёллар мадрасаси десак, адашмаган бўламиз», дея таъкидлади Одинахон Муҳаммад Юсуф тадбирдаги ўз нутқида.