Жамият | 19:33 / 21.10.2017
6181
2 дақиқада ўқилади

DHL компанияси робот-почтачиларни синовдан ўтказмоқда

Фото: New Atlas

Яқин келажакда робот-почтачилар инсон почтачилар ортидан изма-из юриб, мактуб, газета ва жўнатмалардан иборат 150 кг гача юкни олиб юради, деб ёзмоқда New Atlas.

Жўнатмаларни етказиш хизмати келажаги ҳақида ўйланганда, биринчи бўлиб ўйимизга учар дронлар келади. Дунёдаги энг йирик почта компанияларидан бири DHL’нинг фикрича, бунда роботлар катта роль ўйнаши мумкин. Немис компанияси бу мақсадда робот-почтачини синовдан ўтказа бошлади. Бу робот почта хизматлари ходимларини оғир сумкалар кўтариб юриш заруратидан халос этади ва уларга мактуб ва жўнатмаларни тезроқ етказишга имкон беради.

Синов доирасида электр почта роботлари яқин 6 ҳафта ичида Германия кўчаларида фаолият кўрсатади. Робот-почтачи 150 см баландликка эга, ғилдиракларда ҳаракатланувчи контейнер кўринишида бўлиб, соатига 6 км тезлик билан ҳаракатлана олади, бу тезлик одам қадамига мосдир. Робот 150 кг почта олиб юра олади. Датчиклар тўплами роботга йўлдаги тўсиқларни четлаб ўтишга ёрдам беради. Қурилманинг асосий вазифаси инсон почтачи ортидан ҳаракатланиш ҳисобланади.

"Биз ходимларимиз кексайиб қолганларида ҳам бу жисмонан оғир ишни бажара олишларини истаймиз. Уларнинг меҳнатини енгиллаштириш учун биз почтани етказиш учун электробайклар қўлламоқдамиз, ҳозир эса робототехника соҳасидаги қайси инновациялар бизга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқдамиз. Почта роботлари билан тажриба биз келгусида қайси йўналиш бўйича кетишимизни тушунишимизга имкон беради", деб тушунтирди Deutsche Post DHL Group вакили Юрген Гердес.

Компания анчадан бери почта жўнатмаларини етказишнинг инновацион методларини синовдан ўтказиб келади. DHL бунгача Parcelcopter дронини синовдан ўтказган ва ҳайдовчисиз почта автомобиллари лойиҳасини бошламоқда. 

Мавзуга оид