Ўзбекистон | 15:13 / 22.10.2017
37393
2 дақиқада ўқилади

Вазир: «Бошқаларга ўқишга халақит қиладиганлар бўлса, улар билан хайрлашишга тўғри келади»

Фото: ИНҲА университети

Жорий йилнинг 21 октябрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2017-2018 ўқув йили учун 5-синфга кириш имтиҳонини ўтказди. Мазкур қабул имтиҳонлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг ҳар томонлама шаффоф ва сифатли бўлишига катта урғу берилмоқда. Аввал математика фанидан имтиҳон ўтказилган бўлса, унда 190 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этдилар.

Бугун, 22 октябрь куни улар инглиз тили фанидан имтиҳон топширадилар. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов мазкур қабул жараёнига қуйидаги ўз муносабатини билдирган:

Фото: ИНҲА университети

"Президентимиз қарори билан ташкил этилган Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологияларига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб олдига қўйилган улкан мақсадларга эришиш учун энг муҳим вазифалардан бири бу қабул имтиҳонларини тўлиқ объектив ва шаффоф ўтказишдир. Шунинг учун бу йилги биринчи қабул имтиҳонлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети жамоаси томонидан ўтказилди.

Мактаб фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш учун олдимизда кўп вазифалар бор, жумладан, моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, юқори савияли педагогик кадрларни ўқув жараёнига жалб этиш ҳамда соҳамиз олий таълим муассасалари билан ўзвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш. Шу билан биргаликда, АФИДУМдан ўтган мавжуд ўқувчилар контингентига ҳам талаб ортиб боради. Фақат ўқишга интилувчан ўқувчиларгина ушбу мактабни муваффақиятли битира оладилар. Ўзиям ўқимайдиган ва бошқаларга ўқишга халақит қиладиганлар бўлса, улар билан хайрлашишга тўғри келади".

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид