Спорт | 12:25 / 24.10.2017
35166
13 дақиқада ўқилади

Криштиану Роналду: Қиролнинг «туғилиши»

Роналду ва Месси. Икки ўзга сайёралик. Олов ва муз. Улар ҳақида айтилмаган гаплар қолмади ҳисоб, уларнинг фаолиятида ўрганилмаган, ҳисоб-китоб қилинмаган соҳа йўқ. Улар ўртасидаги асосий фарқ ҳақида гап борганида, аввало, Мессининг кўпроқ иқтидор, Роналдунинг эса, меҳнат маҳсули эканини айтишади. Албатта, бу ерда Роналдуни «меҳнаткаш эшак»ка ўхшатиш ноўрин, унақа футболчилар бошқа. Роналдуда ҳам етарлича иқтидор бўлганки, буни айниқса, унинг илк мавсумларини кузатган мухлислар яхши билишади. Муҳим нуқта бошқа ерда, Роналду худди шундай иқтидорли, чиройли, ўз мухлисларига эга бўлган дриблёр бўлиб қолиши мумкин эди. Футболчининг меҳнат маҳсули эканини айтишаётганда, шу назарда тутилади, яъни, Роналду ўз меҳнати, қолаверса, мураббийларинг тўғри кўрсатмалари ёрдамида, йилдан-йилга яхши томонга ўзгара борди, янги қирраларини очди, такомиллаштирди ва оқибатда, дунёнинг, шубҳасиз, футбол тарихининг энг яхши, ўхшаши йўқ футболчилардан бирига айлана олди.

FourFourTwo портали айнан ўша ўзгариш йилларига эътибор қаратди:

«Қаранглар, у кимгадир кўзини қисдими?» - 2006 йилнинг 1 июлида Ян Райт ВВС студиясида сочларини юлмоқда.

«Йўқ, унақа эмас деб айтинглар менга илтимос», - деб хўрсинади Алан Хансен.

Криштиану Роналдунинг жинояти? Уэйн Руни, Англия терма жамоаси футболчиси, жаҳон чемпионатининг чорак финали 62-дақиқасида Рикардо Карвальонинг оёғини босиб олади ва кейин, унга ҳакам томонидан қизил карточка кўрсатилиб, футболчи учун энг қадрли бўлган дақиқаларда майдонда футбол ўйнаш бахтидан мосуво бўлади. Айнан шу пайтда Криштиану захира ўриндиғига қараб кимгадир кўзини қисаётган эди. 

«Ўйлайманки, Руни «Манчестер Юнайтед»нинг машғулот базасига борганида, бу ишни Роналду билан ҳам такрорлайди», - деб тишларини ғичирлатганди Алан Ширер.

Ҳақиқатан ҳам, Португалия терма жамоаси вингери ўша вазиятга ҳакам Горацио Элизондонинг эътиборини қаратганди, бу майли, аммо Роналдунинг кейинги иши, содда инглиз футболчилари учун янада жирканчроқ туюлди - у пенальтилар сериясида тўпга яқинлашаётганда, гўёки инглизлар устидан кулаётгандек эди.

The Sun қандайдир номаълум манбадан Уэйн Рунининг сўзларини топди - «рўпарамдан яна чиқса иккига бўлиб ташлайман» деган экан у клубдаги шериги ҳақида. Журналистлар бу воқеани етарлича катталаштиришди, турли тахминлар, карикатуралар, таҳлиллар. Гўёки, ҳамма Англия терма жамоаси мағлубиятини унутгандек эди. Ёки унутмагандек.

Орадан ўн кун ўтиб, яна бир хабар -  ҳаммаси Роналдунинг жонига тегибди. 137 ўйинда 27 гол урди, Англия кубоги ва Лига кубогини қўлга киритди, уч йил «Олд Траффорд»да жуда яхши мавсумлар ўтказди - аммо якуний натижа яхши эмас. Уч йилдан буён «Юнайтед» лигани юта олмаяпти, Англияда Жозе Моуриньо ўзининг «Челси»си билан ҳукмронлик қилмоқда.

«Мен «Манчестер Юнайтед»да қолмоқчи эмасман», - деб у Португалия нашрига интервью берди - «Руни билан содир бўлган воқеадан сўнг, мен у ерда ўйнамайман. Шу кунларда ўз келажагим ҳақида бир қарорга келаман, Англияда ўйнашни давом эттириш ниятим йўқ».

Бир йил ўтиб, Криштиану Роналду Англия Премьер Лигасини ютади, турли талқинларга кўра лиганинг энг зўр ўйинчиси, лиганинг энг зўр ёш ўйинчиси, «Манчестер Юнайтед»нинг топ даражадаги юлдузи.

Ўша 2006 йилнинг ёзида медиа нафақат 21 ёшли Роналду, балки унинг мураббийи Алекс Фергюсонни ҳам тинч қўймаганди.

Криштианунинг ҳолатини кўриб чиқамиз: Фергюсон жаҳон чемпионатидан кейин Роналду билан гаплашмаганини айтди. Таниш манзара, ўша «ҳамма бизга душман» принципини ушлаб олганди шотландиялик мураббий. Худди 1998 йилда Давид Бекҳэм билан бўлган воқеа сингари.

Аслида, бу шарт ҳам эмасди. Уэйн Руни ўзини эркакларча тутди ва мураббийнинг масъулиятини ҳам ўз зиммасига олди. Улар ўша Гельзенкирҳендаги йўлакда гаплашиб олишган, кейинроқ эса, Руни жамоадошига қўнғироқ қилиб, ҳаммаси жойида эканини айтганди. «МЮ» ва Англия терма жамоаси бўлажак сардори ҳатто Роналдуга биргаликда интервью бериш ва барча гап-сўзларга чек қўйиш таклифини ҳам берган экан.

Каррингтондаги клуб базасига Роналдунинг қайтишидан ҳам кўра, унинг қандай аҳволда келиши барча учун кутилмаган бўлди. «Болакай эркакка айланганди», - деб эслайди ўша дақиқаларни Гари Невилл, - «енгил вазндан ўрта вазнга ўтганди». Руни ҳам бунга эътибор берди ва Роналду ёз бўйи ўз мушакларини ўстириш билан шуғулланганини тахмин қилди.

Аммо Роналдунинг кетиши ҳақидаги гаплар тинмас, масалан «Валенсия» президенти Хуан Солер футболчини қўлга киритишга қаттиқ бел боғлаган, инглиз мухлислари эса ҳали ҳам Роналдуни ёмон кўришаётганди. Бу «Юнайтед»га халақит бермади ва жамоа мавсумни «Фулҳэм» устидан қозонилган йирик ғалаба (5:1) билан бошлади. Роналду ўйинни ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнади, ҳаводан ажойиб зарба билан гол урди ва дарвозабон Франку Кедруни тинмай безовта қилиб турди.

«Ўзингиз кўриб турибсиз, Роналду ва Руни - ажойиб дўстлар. Одамлар доим айбдор қидиришади, аммо жамоамизнинг муҳити ташқарида айтилган бир икки гап билан издан чиқадиган даражада эмас. «Фулҳэм» мухлислари ўйин бошидан охиригача Криштиануга ҳуштак чалдилар, аммо улар ҳам ичларида унинг нақадар иқтидорли футболчи эканини билиб турибдилар», - деди ўйиндан кейин Фергюсон.

Мана шундай ҳуштаклар ва норозиликлар ёмғири остида «Рединг» жамоаси сардори Грэм Мурти Роналдунинг ўзгариб бораётганини тасдиқларди. Ҳисобда орқада бораётган «Манчестер Юнайтед»нинг тинимсиз ҳужумлари фойда бермаётган бир пайтда, Криштиану вазиятни ўз қўлига олади ва Муртини алдаб ўтиб, дарвозабонни доғда қолдиради - 1:1.

«Уни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ эди» - деганди Мурти, - «у ҳар томонга ҳаракат қила олади, тўпни сизнинг ўнг томонингиздан ҳам, чап томонингиздан ҳам, бошингизнинг устидан ҳам олиб ўтиши, устингиздан кулиши мумкин. Унга қарши ўйнаб, унинг нақадар тез ва шу билан бирга, чайир эканини сезишингиз мумкин».

«Болтон»га қарши ўйинда, 2003 йилда, ярим соатга тушиб, ҳаммани ўзига ром этган болакай кетган, ўрнига, ғалабаларни тўп билан рақслар эмас, голлар келтириши мумкинлигини англаб етган Криштиану Роналду пайдо бўлганди.  

Ҳатто, доимо Кришни ҳимоя қилиб келган Фергюсон ҳам унинг илк мавсумларда кўпроқ ўз иқтидорини намойиш қилмоқчи бўлаётган болакайдек ҳаракат қилганини тан олганди. Ноябрь ойига келиб, ниҳоят ҳовурлар босилди. «Порстмут» дарвозасига жарима зарбасидан урилган голдан сўнг, у лигада ҳақиқий маънода «уча бошлади».

Кейин, «Челси» ва «Эвертон»га қарши ўйинларда энг яхши ўйинчи мақоми, кейин эса АПЛда ойнинг энг яхши футболчиси соврини Роналдуга тегди.

«У «Манчестер Юнайтед»га янги келганида, циркчига ўхшарди», - деб эслайди Рио Фердинанд - «у одамларга ўз финтларини кўрсатмоқчи бўлар, ўзининг нақадат иқтидорли эканини намойиш қилишга уринарди. Ҳимоячиларни ерга ётқизиб қўйиш севимли машғулоти эди. Кейин эса, якуний натижага кўпроқ эътибор бера бошлади, голлар уриш, голли узатмалар амалга ошириш, ўйин тақдирига таъсир қилиш муҳимроқ эканини ҳис қилди, бошқача ўйнай бошлади. У ўзини ўзи ўзгартира олди».

Балки илк маротаба, Роналду ўйиндан-ўйинга яхшироқ ўйнай бошлаганди. Ноябрь ойида ҳамма унинг салоҳиятига тан берган бўлса, декабрь ойи ҳақиқий «портлаш даври» бўлди. Ойни Манчестер дербисида гол ва ассист билан бошлаган Роналду боксинг-дейлар олдидан, қаторасига уч ўйинда дубль қайд этди. Бу голлар ёрдамида «МЮ» турнир жадвалида пешқадам бўлиб олди. Роналду бу сафар ҳам ойнинг энг яхши футболчиси бўлди ва Денис Бергкамп ва Робби Фаулердан сўнг, қаторасига икки марта ойнинг энг яхшиси деб топилган учинчи футболчига айланди.

Роналду бу билан тўхтамасди. 2003 йилда 12.7 миллион фунтга «Спортинг»дан келган Криштиану ҳар йили мураббий билан 100 фунтдан ўзига хос гаров боғлашарди. Илк мавсумда у 10та гол уриши лозим эди - ютқазди. 2004/05 йилги мавсумида энди 15 гол талаби қўйилди, яна Криш ютқазди. Кейинги мавсумда ҳам мураббий гаровни ютди. Фергюсон ютуқларини олишдан бош тортган бўлса-да, Роналду бу мавсумда 400 фунтдан ўйнашни таклиф қилди ва февраль ойидаёқ ниҳоят гаровда ғолиб чиқди. 

Унинг 15-голи «Фулҳэм»га қарши ўйиннинг 87-дақиқасида рўй берди. Ҳисобда ортда борган «иблислар» ўша гол туфайли 2:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Роналдунинг голи худди мавсум бошида «Рединг» дарвозасига урилган голга ўхшарди - чап қанотдан марказга кириб бориб, дарвозабонни доғда қолдирди.

Бу сафар Роналду Фергюсонни «кечирди» ва ютуқни олишдан воз кечди. 

Апрелда Роналду жамоадаги ўзининг 50-голини уришга муваффақ бўлди. «Манчестер Сити» дарвозасига пенальтидан урилган голдан сўнг, жамоа чемпионликни нишонлади. Кейинги куни «Арсенал»ни енга олмаган «Челси» соврин учун курашиш имкониятидан назарий тарафдан маҳрум бўлганди. Бу португалиялик футболчи учун илк чемпионлик эди.

Ажойиб мавсум ва бир қатор индивидуал совринларга қарамасдан, Роналду ўзидан қониқмасди. Ўтган мавсум катта йўлнинг бошланиши эди холос. 2007 йилнинг бошида «Юнайтед»га бир муддат танаффусдан сўнг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Рене Меленстен қайтганди. Ҳеч қайси мураббий Роналдуни Меленстенчалик «қийнамаганди».

«Криштиану, мен сенинг ўтган мавсумдаги голларингни кўрдим. Сен доим мукаммал, чиройли голлар уришга ҳаракат қиласан, шунинг учун атиги 23та урдинг холос. «Менга қаранглар, қандай чиройли гол урдим» - шуми сенинг мақсадинг? Энг муҳим футболчилар доим ўзининг эмас, жамоа манфаатларини юқори қўяди. Йўқ, сен ўйлаганингдек эмас, сен жамоага ишласанг, жамоа ҳам сенга ишлайди» -  дерди Рене.

Бу жуфтлик тинмай шуғулланар, Роналдунинг ўйин услубида ранг-баранглик учун Алан Ширер, Тьерри Анрининг видеоларини ўрганиб чиқишарди. Улар асосан уч зона бўйича ишлашди. Биринчиси - дарвоза атрофи, иккинчиси - жарима майдончасининг икки ёни, учинчиси - жарима майдони ташқариси. Ва Роналду ҳақиқий қотилга айланди - ким айтганди, голеадор бўлиб туғилиш керак деб? Бўлмаган гап!

Меленстен Роналдудан янги мавсумда нечта гол урмоқчи экани билан қизиқади. «30 ёки 35та» деб жавоб берди футболчи. «Йўқ, сен 40та гол уришга қодирсан» - деб сўзини бўлади Рене.

2008 йилнинг июнида Роналду иккинчи АПЛ чемпионлигини, шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасини қўлга киритган, мавсумда барча мусобақаларда 42 марта рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Кейинги тўққиз мавсумнинг еттитасида ҳам Роналду 40тадан кам гол урмади. 

«Унинг «Юнайтед»даги даври, айниқса, 2006-2008 йилларда, менимча, футболчининг ўйинга, жамоа ютуғига қўшадиган ҳиссаси бўйича ўлчанганда, Криштиаунинг энг яхши даври эди» - дея эслайди Гарри Невилл, - «Мадриддаги фаолияти ҳам ўта ёрқин, у ерда қўлга киритилган ютуқларда унинг беқиёс ҳиссаси бор, аммо «Реал»да у асосан эътиборни маълум вазиятлар учун қаратарди, «Юнайтед»да эса, у бутун 90 дақиқа ўйинда бўларди».

Мавзуга оид