Жаҳон чемпионатида «кутилмаган» меҳмонлар
Келаси йили Исландия ва Панама терма жамоалари ўз тарихларида илк бор мундиалда иштирок этади, мисрликлар эса, 28 йиллик танаффусдан сўнг, бундай шарафга муносиб бўлмоқда. Forbes.ru аксарият футбол мухлислари учун бироз бегона бўлган ушбу терма жамоаларга яқиндан назар солди ва бу терма жамоалар қўйидаги маълумотларни ҳавола қилди.
ИСЛАНДИЯ
Терма жамоа футболчиларининг умумий қиймати – 59 миллион евро (Transfermarkt.com асосида)
Юлдуз футболчи: Гульфи Сигурдссон – 25 миллион евро
Бош мураббий: Хаймир Хадлгримссон.
Исландия терма жамоаси Евро-2016 финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганида, аксарият мутахассислар бу ҳолатни турнир қатнашчилари сони ошиши билан боғлашганди. Европа чемпионати ташкилотчилари иштирокчилар сонини 16тадан 24тага кўтаришган эди. Аммо Франция майдонларида исландияликлар аксини исботладилар ва деярли барча бетараф мухлислар уларни яхши кўриб қолишди. Терма жамоа гуруҳдан чиқиб, 1/8 финалда Англияни енгишни уддалашди ва чорак финалдагина майдон эгаларига имкониятни бой бериб, турнирни тарк этишди.
Буларнинг ҳаммасини мураббийи стоматолог, дарвозабони турли реклама роликлари ва мусиқий клиплар режиссёри, сардори эса, 15 йил ҳандбол билан жиддий шуғулланган жамоа уддалаганди.
Шундай бўлса ҳам, Исландиянинг жаҳон чемпионатига чиқишига кўпчилик ишонқирамаганди. Исландлар билан бир гуруҳда Хорватия, Туркия ва Украина каби жамоалар жой олганди, тўғридан-тўғри йўлланма эса, фақат бир дона. Аммо бу сафар ҳам қаҳрамонлар вазифани уддалашди – ҳимоядаги интизом, самарали қарши ҳужумлар ва албатта, маҳаллий мухлисларнинг (ҳал қилувчи ўйинда мамлакат президенти ўйинни стадионда, оддий мухлислар қаторида томоша қилди) қўллаб-қувватлашлари Исландиянинг асосий қуролига айланди. Турнирдаги жамоа тўпурари эса, ярим ҳимоячи Гульфи Сигурдссон бўлди.
МИСР
Терма жамоа футболчиларининг умумий қиймати – 78 миллион евро (Transfermarkt.com асосида)
Юлдуз футболчи: Муҳаммад Салоҳ – 35 миллион евро
Бош мураббий: Эктор Купер (Аргентина)
Мисрликлар 1990 йилдан буён жаҳон чемпионатида иштирок этмаганди. Шу туфайлими, бу натижани бутун мамлакат байрам қилди, давлат бошлиғи эса ҳар бир футболчига 85 минг евродан мукофот пуллари ваъда қилиб юборди.
«Мен бу барча футболчилар билан фахрланаман», – деди тантанали қабул маросимида Миср президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий – «аммо Муҳаммад Салоҳни алоҳида таъкидлайман – ундан ҳал қилувчи пенальтини тепишга жазм этиш учун улкан жасорат талаб этиларди».
Ўшанда, Конго билан ўйинда ҳисоб 1:1 бўлиб турганида, ҳакам меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади. Ёзда «Ливерпуль»га 42 миллион евро эвазига ўтган ярим ҳимоячи пенальтини аниқ амалга оширди ва шу гол туфайли Миср муддатидан олдин мундиал йўлланмасини қўлга киритди.
Бу натижа эса, ўз навбатида 2015 йилдан буён мисрликлар бош мураббийи Эктор Купер учун ҳам яна бир муваффақиятдир. Аргентиналик мутахассис ўз вақтида «Валенсия»нинг икки марта Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиққан, шунингдек, «Интер» жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган.
Жамоанинг асосий юлдузлари, юқорида тилга олинган Муҳаммад Салоҳ (5 гол ва 2 голли узатма), шунингдек, «Арсенал» ярим ҳимоячиси Муҳаммад Эл-Ненни ва «Астон Вилла»да тўп сурадиган Аҳмад Ал-Муҳаммадини алоҳида қайд этиш лозим. Жамоа асосини эса, Миср Лигаси вакиллари ташкил қилади. Россиядаги мундиал улар учун ҳам дунё скаутларини ўзларига қаратиш ва яхши клублар билан шартномаларга эга бўлиш учун имкониятдир.
ПАНАМА
Терма жамоа футболчиларининг умумий қиймати – 8 миллион евро (Transfermarkt.com асосида)
Юлдуз футболчи: Габриел Торрес – 750 минг евро
Бош мураббий: Эрнан Дарио Гомес (Колумбия)
Шимолий Америка минтақасидаги саралаш ўйинларининг сўнгги тури триллерга айланиб кетди. Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун, америкаликлар гуруҳ аутсайдери Тринидад ва Тобаго терма жамоаси билан дуранг ўйнашлари кифоя эди, аммо мағлуб бўлишди. Шу билан бирга, Ҳондурас ва Панама терма жамоалари мос равишда Мексика ва Коста-Рика устидан ғалаба қозонишди. Натижада, 32 йилдан бери биринчи марта АҚШ мундиал ташқарисида қолиб кетди.
Ҳондурас ўтиш ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда, Панама эса, йўлланмани нақд қилди ва ўша кунни расмий байрам куни сифатида эълон қилди.
Эрнан Дарио Гомес учун бу муваффақият биринчиси эмас, у 1998 йилда Колумбияни, 2002 йилда Эквадорни жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиққан. Жамоа сардори 33 ёшли Габриел Гомес фаолияти давомида 15 клубда ва уч қитъада ўйнаб улгурган. У жамоанинг яққол етакчисидир – Панама либосида 136 ўйинда майдонга тушган – бу мамлакат футболи учун рекорд натижа. Гомеснинг уч йил Португалиянинг «Белененсеш» клубида ўйнаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тўғри, у қадар машҳур жамоа эмас, лекин панамалик футболчилар ўлчовларида Португалия чемпионатининг баҳоси юқори ва бу тажриба Гомесга мундиалда қўл келиши турган гап.
Панама терма жамоасининг иккинчи муҳим футболчиси ҳужумчи Габриел Торресдир. Transfermarkt бекорга уни 750 минг еврога баҳолаётгани йўқ – саралаш ўйинларида у 3 гол муаллифи бўлди, хусусан ўша машҳур бўлиб кетган гол-фантом ҳам унинг ҳисобига ёзилган. Эсингизда бўлса, Коста-Рикага қарши ўйинда такрорий лавҳалар тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтмаганини кўрсатган, аммо ҳакам голни ҳисоблаган эди.
Мавзуга оид
15:34 / 18.11.2024
Миср Ўзбекистонда қурилаётган кимё кластери лойиҳасида иштирок этмоқчи
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
12:32 / 06.11.2024