Жамият | 11:10 / 25.10.2017
11407
2 дақиқада ўқилади

Она ўз қизини ўғирликка бошлади

Аёл - муқаддас зот, шу сабаб у тўғрисида бирон-бир салбий сўзни айтишга инсоннинг тили бормайди. Она, нафақат фарзандларни дунёга келтириши билан, балки уларни тарбиялаб, комил инсон қилиб вояга етказиши билан ҳам келажак давомчиси сифатида эътироф этилади. Афсуски, гоҳида айрим аёлларнинг қилмишлари тўғрисида эшитганингда, ҳайратдан ёқа ушлайсан.

Хоразм вилояти ИИБнинг хабар беришича, Шовот туманида яшовчи, 1965 йилда туғилган Ш.И. тез-тез бозорга тушиб туради, “Нима бозорга тушса тушар, у-бу харид қилмоқчидир”, - дерсиз. Йўқ у бозордаги савдогарларнинг кўзини шамғалат қилиб, растада турган сотиладиган молларни ўғирлаш пайида бўлади. Ана шундай қилиғи сабаб, 2012 йилда суднинг “қора курси”сига ўтирган бўлсада, бундан ўзига хулоса чиқармасдан, эски ҳунарини қўмсаб, 2017 йилнинг 17 октябрь куни Урганч шаҳрида жойлашган савдо мажмуасидаги  расталарни оралаб қолди. 

Аянчлиси шундаки, бу сафар у ўзининг жирканч ишига 1995 йилда туғилган қизини ҳам жалб қилди. Олдиндан жиноий тил бириктириб олган она-боланинг бириси сотувчини чалғитиб туриб, иккинчиси растада турган нархи 600.000 сўмлик матони ўғирлаб кетаётганида ушландилар.

Халқимиз “Онасини кўр - қизини ол”, деб бежиз айтмаган шекилли.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид