Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди
25 октябрь куни Анқарада Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунига кўра икки давлат ўртасида ҳамкорликнинг турли соҳалари бўйича 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
ЎзА хабарига кўра, президентлар музокарлар чоғида минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар.
Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўрмон хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, тупроқ деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш борасида тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолайди. Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда ташкил қилинаётган Ислом цивилизацияси маркази бу борада улкан аҳамият касб этади. Олимлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар, маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганишга қаратилган лойиҳалар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар.
Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024