Жаҳон | 23:40 / 27.10.2017
79248
9 дақиқада ўқилади

Аср сири. АҚШ Кеннедининг ўлдирилишига оид қандай махфий ҳужжатларни ошкор этди?

Reuters / Scanpix / LETA

Америка ҳукумати президент Жон Кеннедининг ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни ошкор этди.

АҚШ миллий архивида мамлакатнинг 35-президенти бўлган Жон Кеннедининг ўлдирилишига оида 3 мингга яқин ҳужжат махфий сақланиб келинаётганди. Аммо ошкор этилиши «АҚШ хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги» туфайли айрим ҳужжатлар махфийлигича қолди.

Йигирманчи асрнинг энг шов-шувли қотиллиги

АҚШнинг 35-президенти Жон Фицджеральд Кеннеди 1963 йилнинг 22 ноябрида Далласда отиб ўлдирилди. Бу вақтида Кеннеди ўз рафиқаси Жаклин ва Техас губернатори Жон Конналли билан кабриолетда кетаётганди.

Президент мерган винтовкадан отган ўқ бошига тегиши оқибатида жон берди. Унинг ёнида ўтирган губернатор яраланди, лекин омон қолди. Бироз вақт ўтгач полициячи Жей-Ди Типпит ҳам ҳалок бўлди.

Президентга суиқасд қилган шахс - Ли Ҳарви Освльд йўл четидаги бинонинг олтинчи қаватида жойлашганди. У қотилликни содир этгач, кўп ўтмасдан пастга тушиб келди. У қўлга олинди, 12 соат ичида унга Кеннеди ва Типпитнинг қотиллиги юзасидан айблов қўйилди. У ўз айбига иқрор бўлди.

Ли Ҳарви Освальд / Getty

Воқеадан икки кун ўтиб, 24 ноябрь куни Освальдни полиция маҳкамасидан Даллас қамоқхонасига олиб ўтишади. Аммо Далласдаги тунги клуб хўжайини Жек Руби уни йўлда отиб ташлайди. Освальднинг кўчирилиши телевидениеда намойиш этилаётганди, унинг ўлимига миллионлаб томошабинлар гувоҳ бўлишади.

Фото: AP

Руби Освальдни ўлдиришига икки изоҳ келтирди: президент учун қасос олиш ва Жаклин Кеннедини суд оворагарчиликларидан халос этиш. Унга қотиллик айби қўйилди ва қатлга маҳкум этилди. У ҳукмга эътироз билдирди, аммо апелляция жараёни бошланишидан аввалроқ, 1967 йилда саратондан вафот этди.

Олий суд раиси Эрл Уоррен бошчилигидаги махсус комиссия Кеннедининг ўлдирилиши ёлғиз ҳаракат қилган Освальд томонидан содир этилган, деган хулосага келди. У уч марта ўқ узган, биринчи ўқ Кеннедининг баданига, иккинчи ўқ губернаторга, учинчи ўқ президентнинг бошига теккан.

10 ойлик ишлардан кейин Уоррен шундай хулоса берди: Кеннедига мактаб биносининг олтинчи қаватидан туриб ўқ узилган, милтиқ Ли Ҳарви Освальдда бўлган. Аммо Освальд ва Жек Руби бир-бирини таниганига далил топилмади.

Ҳисоботда 1959-1962 йилларда Освальд Минскдаги радиозаводда ишлагани айтилади. 1961 йилда у советларга мансуб Марина Прусаковага уйланади. Уларнинг оиласида қиз фарзанд туғилади. Освальднинг махсус хизматлар билан алоқалари ҳақида ҳам маълумот топилмади.

Комиссия хулосалари танқидга учради. Аммо Кеннедининг ўлими бўйича бошқа версия ҳам йўқ эди. Америкаликларнинг 60 фоизи Кеннедининг ўлими сири очилмаган деб ҳисоблашарди, Освальд бу қотилликка алоқадор эмаслиги ҳақида том-том ёзилди.
 

Трамп сўзида турди

Октябрь ойи охирида Кеннедининг ўлдирилиши ҳақидаги ҳужжатлар махфийлигининг 25 йиллик муддати якунланди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ваъдасини бажарди: марҳум президент Жон Кеннедининг ўлдирилишига оид ўтказилган тергов баёноти - 2,800 саҳифадан иборат ҳужжатлар тўплами оммага эълон қилинди.

Трамп жамият Кеннедининг ўлдирилиши ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишга ҳақли эканини айтган. Шу билан бирга Трамп миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан тегишли идораларга ҳужжатлар матнининг баъзи жойларини ўзгартиришга рухсат беришдан бошқа иложи йўқлигини таъкидлаб ўтди.

Миллий архив базасида 50 йилдан ортиқ вақт давомида сақланган ҳужжатлар матни пайшанба куни оқшомида интернет тармоғига жойлаштирилди. Эълон қилинган ҳужжатларнинг ҳеч қайси сўзи умумий ишни ўрганишга фойда бермайди ёхуд қотиллик сирини очишга путур етказмайди.

Унда кўпроқ Кеннедининг қотили Ли Ҳарви Освальдни бу ишга қўл уришга нима ундагани ҳақида сўз боради. Шунингдек, ФҚБ терговчилари Освальднинг ҳаракатларига қандай баҳо бергани, собиқ Совет разведкачилари бу ишга аралашиб қолгани тўғрисидаги гумонлар ўрганилган.

Освальд Жек Руби томонидан ўлдирилганида, бу воқеа бутун тергов жараёнини шубҳа остида қолдирган. Кеннедини ўлдиришда айбланиб турган асосий жиноятчини Даллас полицияси ўз пайтида сақлаб тура олмади. 

Ҳужжатларда нима яширинган?

Қайд этиш керакки, ҳужжатлар федерал амалдор томонидан федерал амалдор учун тайёрланган. Унда кўп жаргонлар, тушунарсиз иборалар учрайди. Ҳатто гап муҳим фактлар тўғрисида кетаётган бўлсада.

«Ишнинг оёғи осмондан келишини ким ўйлабди. Бунда 3 ёки 4 отишма аниқлангач», деди CNN телеканали эфирида Гералд Познер («Иш ёпилган: Ли Ҳарви Освальд ва JFK қотиллиги» номли китоб муаллифи).

Ҳужжатларнинг катта қисми - сирли аксилкоммунистик лойиҳалар ва Лотин Америкасига қурол етказиб бериш бўйича молиявий ҳисоботлардан иборат.

Ҳужжатлардан бирида (Фактлар жамланмаси) МРБ томонидан бир неча хориж давлатлари раҳбарларини йўқ қилиш ҳақида гапирилган.

«Комиссия МРБ агентлари Куба раҳбари Фидель Кастрога суиқасд қилиш учун жалб этилгани ҳақида маълумотга эга бўлган...», дейилган унда.

Бундан ташқари, МРБ Кубадан Доминикан Республикасига қурол етказиб берилишига алоқадор бўлган. Бундан мақсад «генералиссимус Трухильони йўқ қилиш» эди.

Ҳужжатда конголиклар етакчиси Патрис Лулумбу ва Индонезия президенти Сукарнога суиқасд ҳақида гап боради.

Шунингдек, КГБ майори, АҚШга қочиб ўтган Юрий Носенконинг жавоблари келтирилган проктокол бор. У Освальднинг СССРдаги ҳаёти ҳақида гапириб берган. Унинг айтишича, КГБ америкалик бу шахсга у СССРдан кетишга қарор қилганида эътибор қаратган.

Ҳужжатлардан бирида МРБнинг Совет Иттифоқи ҳудудидаги жосусидан иқтибос келтирилган.

«Президент Кеннедига уюштирилган суиқасд совет кишиларини ларзага солди. Улар шок ҳолатига тушишди ва черковларда президент Кеннедининг хотираси ёд қилинди», дейилган ҳужжатда.

Совет ҳукумати Кеннедининг ўлдирилиши АҚШдаги ўнг кучлар томонидан пухта ишлаб чиқилган режа бўлгани иддао қилинган. Манбада СССР Освальдни «руҳий маньяк, на ўз давлатига ва на бошқа давлатга керак бўлган шахс» дея тариф қилинган.

Освальд қотилликдан бир неча ҳафта аввал Мексикага 6 кунлик сафар уюштиргани маълум эди. Ҳужжатларнинг асосий қисми аввалдан МРБнинг маҳаллий бўлимлари томонидан махфийлаштирилганди ва бошқа тафсилотлар маълум эмасди.

Аммо энди очиқланган файллардан шу маълум бўлдики, Освальд сафар вақтида СССР ҳамда Куба элчихоналари билан алоқа ўрнатган. Баъзи маълумотларга кўра, у президентга суиқасд ҳақида очиқ гапирган.

Ҳужжатларнинг эълон қилинган янги қисмида СССРнинг Мехикодаги элчихонаси билан телефон алоқаси 1 октябрь куни тутилгани ҳақида айтилади. Бу кундан 3 кун муқаддам элчихонага Освальд келганди.

Телефон қилувчи ўзини таништирмаган ва рус тилида бузиб гапирган. У «Вашингтонга телеграмма бўйича янгилик» сўраган. Навбатчи эса сўров юборилгани, аммо жавоб келмагани ҳақида айтган.

Ҳужжатларда консул Костиков «КГБ зобити» сифатида келтирилган. Уни «саботаж ва суиқасд учун жавоб берувчи», 13-бўлим ходими дея аташган. 

Аммо ФҚБ катта терговчисининг хулосасига кўра, рус айғоқчиси (Валерий Костиков) ҳеч қачон элчихонада туриб, АҚШ фуқаросининг президентга суиқасд қилиш борасидаги режаларини муҳокама этмаган бўларди.

Очиқланган материалларда ФҚБ Освальдни қотилликдан аввалроқ кузата бошлагани, аммо улар изни йўқотишгани айтилади.

«Президент Жонсон (Кеннедидан кейин АҚШ президентлигига сайланган шахс - таҳр.) кўп бор Кеннедининг ўлимида унинг ўзи айбдор эканини такрорлаган. Унинг айтишича, Жон Вьетнам раҳнамоси Диемнинг ўлдирилишини бошқариб турган. Вьетнам разведкаси бунинг учун муносиб жавоб берди», деб хотирасини ёзган ўша пайт МРБ бошқарган Ричард Ҳелмс.

Ҳужжатлар орасида, Кеннедининг президентлик даврида вице-президент лавозимини эгаллаган Линдон Жонсон сиёсий фаолиятининг илк йилларида Жон ўлдирилган Техас штатидаги Ку-Клукс-Клан аъзоси бўлгани айтилади.

Ҳужжатлар билан деярли бир сутка тинимсиз ишлаган Washington Post нашри жамоаси унинг мустақил тергов жараёнига фойда бермаслигини тахмин қилмоқда.

Қаршиев Азиз

Мавзуга оид