Ироқ Курдистонининг кўп йиллик етакчиси истеъфога чиқади
2005 йилдан бери Ироқ Курдистонини бошқариб келаётган Масъуд Барзаний истеъфога кетишга қарор қилди. Барзаний ушбу қарорни мухториятнинг мустақиллиги бўйича ўтказилган референдум туфайли Бағдод билан юзага келган кескинлик ортида қабул қилди.
Таъкидланишича, Барзаний ўз лавозимини 1 ноябрда тарк этади. Мухторият етакчиси бу режасини мухторият парламентига йўллаган мактубида баён қилган. Барзаний мактубда президентлик ваколатларини мухторият ҳукумати, парламенти ва суд органлари орасида тақсимлашни таклиф қилган.
Барзанийнинг президентлик муддати айнан 1 ноябрда поёнига етади. Шу кунга президентлик ва парламент сайловлари ўтказилиши белгиланганди. Бироқ ўтган ҳафтада сайловлар Бағдод билан вужудга келган кескинлик сабабли номаълум муддатга қолдирилгани эълон қилинганди.
25 октябрда мухторият ҳукумати ҳудудда юзага келган кескинликни юмшатиш учун мустақиллик референдуми натижаларини музлатишни таклиф қилган.
Барзаний курд мухториятига 2005 йилда президент бўлган, 2009 йилда эса бу лавозимга қайта сайланган. 2013 йилда Барзаний иккинчи президентлик муддати якунланганига қарамай, ўз лавозимини тарк этишдан бош тортган. Унинг ваколатлари парламент томондан дастлаб 2015 йилгача, сўнгра яна икки йилга узайтирилган.
Мавзуга оид
22:40 / 19.03.2018
Суриядаги мақсадига эришган Туркия энди Ироқда ҳарбий амалиёт бошлаш билан таҳдид қилмоқда
17:45 / 14.03.2018
Ироқ Курдистонида халқаро аэропортлар фаолияти тикланди
17:30 / 02.01.2018
Бағдод Эрон ва Туркия билан чегара ҳудудларида назорат ўрнатди
15:00 / 02.01.2018