Зулматдаги иш. КХДРдан хавотирли хабарлар
Ўтган ҳафтада бутун Шимолий Корея бўйлаб электр токи ўчирилди ва аҳолини эвакуация қилиш ишлари машқ қилинди. North Korea News нашри Шимолий Кореяда бундай машғулотлар охирги марта 2003 йилда ўтказилгани, бу машғулотлар мамлакатнинг урушга тайёргарлик кўраётганини англатувчи сигнал экани ҳақида ёзди.
Ҳарбий ҳолат даврига хос ҳаракатлар Пхенянда ўтказилмаган. Машғулотлар асосан шарқий қирғоқдаги шаҳарларга тааллуқли бўлган.
Машғулотларда ёруғлик маскировкаси режими қўлланган. Бунда потенциал рақибни мўлжалдан оғдириш мақсадида бутун бошли аҳоли пунктларида чироқлар ўчириб қўйилган.
Бу машғулотлар Сеулга Пентагон раҳбари Жеймс Мэттиснинг келиши фонида ўтказилгани эътиборни тортди. Шунингдек, ноябрь ойида Жанубий Кореяга АҚШ президенти Доналд Трамп келиши кутилмоқда. Унинг ташрифи давомида Корея яриморолига америкаликларнинг стратегик қуроллари жойлаштирилиши масаласи муҳокама қилиши кутилмоқда.
«Мен ҳеч қачон Шимолий Кореяда бундай кўламдаги машғулотлар ўтказилгани ҳақида эшитмагандим. Улар вазият қанчалик жиддийлигини тушунишлари керак», — дея жанубий кореялик зобитнинг сўзларини келтирган Daily Mail.
Бундай кўламдаги машғулотлар охирги марта 14 йил муқаддам, Ким Чен Ир бошқаруви вақтида ўтказилганди. Ўшанда КХДРда ҳаво ҳужумига тайёргарлик кўрилганди.
Америкалик меҳмонлар
27 октябрь, жума куни АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис Жанубий Кореяга келди, 7-8 ноябрь куни Сеулда Қўшма штатлар президенти Дональд Трамп ташрифи кутилмоқда.
Музокаралар чоғида Мэттис АҚШ ва Жанубий Корея альянси яриморолдаги вазиятни барқарорлаштиришни мақсад қилгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари, икки давлат Мудофаа вазирлари хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашув ўтказишди ва якундаги қўшма баёнотда Вашингтон яқин вақт ичида Жанубий Корея ҳудудига стратегик қуролларини жойлаштиришни режалаштиргани ҳақида маълум қилинди.
Мэттис АҚШ ҳеч қачон Шимолий Кореяни ядровий держава сифатида тан олмаслигини таъкидлади. Пентагон раҳбари янги ядровий синовлар фақатгина КХДР хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида қўшимча қилди.
«Шимолнинг атом бомбаси ва қитъалараро ҳаракатланувчи ракеталарни яратиш йўлидаги ҳаракатлари фақат унинг хавфсизлиги даражасини пасайтиради», — дея маълум қилганди Мэттис.
Кейинроқ Мэттис Жанубий Корея президенти Мун Же Ин билан музокаралар ўтказди, улар Корея яриморолидаги инқирозни дипломатик йўл билан ҳал қилиш имкониятларини муҳокама қилишди.
«Улар Шимолий Кореяга босим ўтказишда халқаро ҳамжамият дипломатик ҳамкорлик қилиши зарурлигини таъкидлашди. Ким Чен Ин режими ҳаракатлари изоляцияни кучайтиради холос», — дейилган Пентагон матбуот хизмати хабарида.
Корея яриморолидаги урушнинг илк кунлари юз минглаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин
Янги босқич
Шимолий Корея жаҳон ҳамжамияти томонидан босим ўтказилаётганига қарамасдан, ўзининг ракета ва ядровий дастурини давом эттирмоқда. Пхеньян 3 сентябрда водородли жанговар каллакни муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилганди. Япония ва Жанубий Корея ҳарбийларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу заряднинг кучи 160 килотоннани ташкил қилган. Бу эса 1945 йилда Ҳиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларидан 10 марта кучлироқдир.
Токио технология институти профессори Тэцуо Савада КХДР ядро қуролини синовларсиз, илмий-техник ривожлантириш даражасига чиққани ҳақида гапирмоқда.
«Шимолий Корея ўз технологияларини тинимсиз ривожлантириб бормоқда ва янги босқичга чиққан. Менинг баҳоларимга кўра, улар энди ўз ишланмаларини текшириш учун синов ўтказиши шарт эмас, уни портлатмасдан ҳам текшира олишади», — дея экспертнинг сўзларини келтирган ТАСС.
Унинг сўзларига кўра, шимолликларнинг охирги, олтинчи синови (сентябрь ойи бошида) жуда муваффақиятли чиққан.
Нуфузли мутахассислар унинг заряди кучини 250 килотоннага баҳолашмоқда, бу классик атом бомба эмас, водород бомбаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Савада 1998 йилда Ҳиндистон ва Покистон ядровий синовлар сериясини ўтказишганини эслаб ўтган, кейин бу давлатлар синовлар ўтказишни тўхтатиб, янги технологик босқичга ўтишганди. Шу билан бирга мутахассис Пхеньян Тинч океани устида, очиқ шароитда янги ядровий портлашларни амалга ошириши мумкинлигини истисно этмаяпти.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг ноябрь ойида Жанубий Кореяга амалга оширадиган ташрифи вақтида Корея ярим оролига THAAD тизимлари жойлаштирилиши масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Россия ва Хитой бу режага қарши турибди, улар минтақадаги куч баланси бузилишидан хавотирга тушишган. Бундан ташқари, Оқ уй хўжайини икки давлат чегарасига, ҳарбийлардан холи ҳудудга бориши мумкин.
«Шимолий Корея ракеталари НАТО ва Европа давлатларигача етиб бора олади»
Мавзуга оид
18:59 / 19.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Шимолий Корея билан ўйинда 10 киши қолиб, қийин ғалабага эришди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024