Жаҳон | 08:55 / 02.11.2017
32916
2 дақиқада ўқилади

Сайфулло Соиповга ўлим жазоси берилиши мумкин

АҚШ прокуратураси Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида теракт содир этган Сайфулло Соиповга қандай жазо белгиланиши масаласини ҳал қилмоқда. Бу ҳақда Нью-Йорк штатининг Жанубий  округи прокурори вазифасини бажарувчи Йон Ким матбуот-анжуманда айтиб ўтди.

Террорчига ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин. 

"Гумонланувчига қўйилаётган айбловнинг иккинчи банди бўйича ўлим жазоси берилиши мумкин. ИШИДга моддий кўмак кўрсатиш банди учун умрбод қамоқ кўринишидаги максимал жазо берилиши белгиланган", деб айтган Ким.

Кимнинг айтишича, прокуратура айбланувчига ўлим жазоси берилишига эришишга тайёрлиги борасидаги савол ҳозирча очиқ қолмоқда. "Биласизки, жараён ўз навбати билан бормоқда. Фожиадан кейин бор-йўғи 24 соат ўтди",  деб айтган Ким.  

"Унга натижада қайси бандлар бўйича айбловлар қўйилишини кўрамиз. Улардан баъзиларига ўлим жазоси белгиланган", деб қўшимча қилган Ким.

Соипов 31 октябрда Нью-Йоркда ўзи бошқарган пикапда одамларни босиб кетган. Оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳат олган. 

Ҳукуматнинг фикрича, у ИШИД номидан ҳаракат қилган. Унга шунингдек террорчилик бўйича айбловлар қўйилган. 

Прокуратуранинг айблов хулосасига кўра, Соипов терактга 2 ой тайёргарлик кўрган ва ҳужумни амалга оширишни 22 октябрда ижарага олинган пикапда машқ қилган. Соипов сўроқ вақтида қилган ишидан пушаймон эмаслигини кўрсатган.

Мавзуга оид