Жаҳон | 12:40 / 04.11.2017
66548
6 дақиқада ўқилади

9 марта узилган ўқ: Соиповни қўлга олган полициячи ва 8 нафар қурбон тарихи

Фото: Reuters

31 октябрь куни ИШИДга содиқлик келтирган 29 ёшли Сайфулло Соипов Манҳэттендаги велосипедчилар йўлагида 8 кишининг умрига зомин бўлди. Ҳужум террористик ҳаракат деб тан олинди, Соипов радикалларнинг тарғибот фильмларидан илҳомланиб, бир неча ой давомида ҳужумга тайёргарлик кўрган. «Медуза» теракт қурбонлари ким эканлиги ва оддий полициячи Райан Нэш террорчини қандай тўхтатишга муваффақ бўлгани ҳақида маълумот берди.

31 октябрь, сешанба куни Нью-Йорк полицияси ходими Райан Нэш ва унинг шериги Жон Ҳэсиотис Манҳэттендаги Стайвезент мактабига қўнғироқ бўйича келишади. Полициячиларни мактаб ҳамшираси чақиртирган - ўқувчилардан бири ўз жонига қасд қилмоқчи эди. Нэш ва Ҳесиотисга яна икки полициячи ёрдам бериш учун етиб келган. Улар ўқув даргоҳида бўлиб турганларида, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов Чамберс-стритда саккиз кишининг умрига зомин бўлди; Стайвезент мактаби ҳам худди шу кўчада жойлашганди.

Фото: AP

Тўрт нафар полициячининг барчаси мактабдан югуриб чиқиб, яширинишга ҳаракат қилаётган Соиповни таъқиб қилишган. Соиповнинг ёнида иккита тўппонча бор эди, у кўча бўйлаб югурар ҳамда «Оллоҳу акбар» деб бақирарди. Нэш террорчига энг яқин масофада бўлган. У Соиповга тўхташни буюрган, бироқ жиноятчи бунга итоат этмади; Нэш хизмат тўппончасини олиб, югуриб кетаётган жиноятчига тўққиз марта ўқ узган. Ўқлардан бири Соиповга теккан, у унча оғир бўлмаган ҳолда яраланган ва ҳозир касалхонада. Унинг қўлидаги қурол эса жанговар бўлмаган – улар пейнтбол ва пневматик тўппонча бўлган. Нэшнинг шериклари ўқ узишмаган, улар ўткинчиларни яралаб қўйишдан чўчишган.

28 ёшли Нэш, The New York Daily Post’нинг ёзишича, шифокорларга қулоғидаги шовқин бўйича шикоят қилган. У жароҳат олмаган. Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо Нэшни қаҳрамон деб атаган бўлса, шаҳар ҳокими Билл де Блазио полициячи ўзини жуда жасур тутганини маълум қилди.

Нью-Йоркдаги велосипедчилар йўлагига ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди. Қурбонларнинг беш нафари бир-бирини яхши таниган.

Фото: AP

Хернан Мендоза, Диего Ангелини, Алехандро Пануччо, Ариэль Эрлий ва Хернан Ферручи коллежни битиришганига 30 йил тўлганини нишонлаш мақсадида Нью-Йоркка келишган. Уларнинг барчаси Росарио шаҳридан бўлиб, 1987 йилда битта коллежни тамомлашган ва ўшандан бери дўст бўлиб қолишган. Америка Қўшма Штатларига сафарни Аргентинада анча таниқли бўлган тадбиркор Эрлий ташкиллаштирган, у шунингдек, чипталар учун пули бўлмаганларга чипта ҳам олиб берган, дея ёзади The Washington Post.

Умуман олганда, Нью-Йоркка аргентиналик саккиз курсдош жўнаб кетган. 31 октябрь куни улар Манҳэттен бўйлаб велосипедда ҳаракатланишган ва Марказий боғга бориб, сўнг Бруклин кўпригини кесиб ўтишни режалаштиришганди. Дўстлардан икки нафари орқада бироз қолиб кетган – улар айнан шу сабаб туфайли омон қолишди. Олти нафар дўстни эса Сайфулло Соипов ўз машинасида уриб кетган. Улардан беш нафари, жумладан, сафарни ташкиллаштирган Эрлий ҳам ҳалок бўлди; яна бир аргентиналик жароҳат олган ва айни дамда касалхонада қолмоқда, унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Аргентиналикларнинг она шаҳрида ҳалок бўлганлар хотирасига атаб байроқлар туширилди, уч кунлик мотам эълон қилинди. Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп Аргентина президенти Маурисио Макри билан суҳбатда аргентиналикларни «беш нафар фахрли ва ажойиб инсон» деб атади.

Фото: The Telegraph

Теракт натижасида ҳалок бўлган 31 ёшли Анн-Лаура Декад Нью-Йоркка Бельгиядан онаси ва икки синглиси билан келган. Уч ой олдин у иккинчи фарзандини дунёга келтирганди ва яқинлари билан саёҳатга кетишни қарор қилган, эри эса Бельгияда қолди. Декад велосипедчилар йўлаги бўйлаб велосипедда ҳаракатланиб кетаётганида Соипов ҳужумига учраган; у воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди, онаси ва сингиллари жабрланмади. Декаднинг уч ойлик чақалоғидан ташқари, уч ёшли ўғли ҳам бор эди.

Америкалик Даррен Дрейк эса Moodyʼs’да, теракт жойидан унча узоқ бўлмаган ердаги Халқаро савдо марказида менежер сифатида ишлаган. Унинг ота-онаси 32 ёшли ўғли ҳалок бўлганлар орасида бор ёки йўқлиги юзасидан ташвишланишган - у телефон қўнғироқларига жавоб бермаган. Даррен ота-онаси билан бирга яшаган, отаси эса уни ҳар куни Хобокендаги темир йўл станциясига олиб келиб қўяр, эркак бу ердан иш жойига қараб кетарди. Тушлик вақтида, дея ёзмоқда The Washington Post, Даррен велосипедни ижарага олар ҳамда ён-атрофда сайр қилиб, аудиокитобларни тингларди. 31 октябрь куни у европалик мустамлакачиларнинг келишидан аввал Америка ҳиндуларининг тарихига оид китобни тинглаган. Ҳужумнинг кейинги куни Даррен ота-онаси у қурбонлар орасида эканини билишган.

Фото: AP

Николас Кливс – терактда ҳалок бўлганлар орасидаги энг ёши ва ягона нью-йорклик шахсдир. У 23 ёшда эди, Кливс дастурчи бўлиб ишлаган ва Вест-Виллижда машҳур бўлган «Архив» номли уйда яшаган. Николас Саратога-Спрингс шаҳридаги коллежда таълим олаётганида Unified Digital Group компаниясида ишлай бошлаган. Коллежни битирганидан сўнг уни дарҳол штатга олишга; у сунъий идрок, ўйинлар назарияси ва криптография билан қизиқарди.

Мавзуга оид