Ўзбекистон | 14:50 / 07.11.2017
59893
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бир муддат интернетдан узилди

Бугун, 7 ноябрь куни Ўзбекистонда соат 13:50-14:40 оралиғида интернет ишламади.

Интернетдаги «авариявий ҳолат» бутун Ўзбекистон бўйлаб кузатилган, ўзбекистонликлар бу вақт оралиғида на мобил қурилмалар орқали ва на компьютердан интернетга улана олишди.

Ҳозирча бу вазият юзасидан барча провайдерларга интернет узатувчи «Ўзбектелеком» томонидан расмий изоҳ берилмади.

Ўзбекистонда бундай ҳолат охирги марта 2014 йилнинг 16 январида кузатилган, ўшанда ярим соатдан ортиқроқ вақт давомида интернетга киришнинг имкони бўлмаганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий оператори интернетни Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи оптик толали кабел орқали Россиядан олади. Шу оптик толали кабел магистралида эҳтимолий авария Ўзбекистонни интернетдан узиб қўйиши мумкин.

Ўзбекистонда бугун 15 миллиондан зиёд интернет фойдаланувчиси, 21 миллиондан зиёд мобил алоқа фойдаланувчиси мавжуд. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун 18 мингга яқин мобил алоқа база станциялари ўрнатилган ва уларнинг сони ошиб бормоқда.

Лекин Ўзбекистонда интернет сифатли ҳам эмас, мобил интернет тезлиги рейтингида Ўзбекистон 106-ўринда, симли интернет рейтингида 126-ўринда қайд этилган.

 

Мавзуга оид