Иқтисодиёт | 09:40 / 08.11.2017
9953
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар Финляндия бизнеси тарихидаги энг қиммат харидни амалга оширишди

Хитойнинг Tencent интернет-холдинги Финляндиядаги видеоўйинлар яратувчи энг йирик компания – Supercell акцияларининг назорат пакети (73 фоизи)ни харид қилди. Аввал Supercell’нинг асосий эгаси Япониянинг SoftBank телекоммуникацион гуруҳи ҳисобланган.

Харид қиймати 7,4 млрд еврони ташкил қилган. Бу Финляндия тарихида тижорат компаниясини сотиб олиш бўйича энг қиммат битим бўлди. Аввалги рекордни 2013 йилда Microsoft компанияси Nokia’ни 5,44 млрд долларга сотиб олиб ўрнатганди.

Supercell’нинг бош қароргоҳи Финляндияда қолаверади. Акцияларнинг харид қилиниши Tencent’га жаҳон ўйинлар бозорида етакчиликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Tencent платформасининг ўйин ишқибозлари аудиторияси миллиард ва тахминан 300 млн фаол фойдаланувчига етади. Компанияда 30 мингдан кўпроқ одам ишлайди.

Хитойнинг “Хужунь” тадқиқот агентлигининг баҳолашича, Tencent асосчиси Пони Ма (Ма Хуатэн) Хитойдаги иккинчи рақамли энг бой одам ҳисобланади. Унинг бойлиги охирги бир йил ичида 1,5 баробарга ошиб, 37 млрд долларга етган.

Мавзуга оид