Жаҳон | 22:38 / 10.11.2017
111609
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони тарихида илк бор малика ҳибсга олинди

Фото:arabi21.com

Саудия Арабистонида ҳокимиятнинг юқори доираларида коррупцияга барҳам бериш бўйича ўтказилаётган кампания доирасида маликалардан бири Рим бинт ал-Волид ибн Талал 8 ноябрда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Arabi21 нашри хабар бермоқда.

Аввалроқ коррупция ва пул ювиш айби билан маликанинг отаси, халқаро инвестор, дунёнинг энг бой одамларидан бири Ал-Волид ибн Талал ибн Абдулазиз ол Сауд ҳибсга олинганди.    

Саудия Арабистонида қироллик оиласи аъзоларининг ҳибсга олиниши коррупцияга қарши кураш билан тушунтирилаётган бир вақтда, ғарбда бу кампания валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг сиёсий рақибларини бартараф этиш билан боғланмоқда.  

Шаҳзода Ал-Волид ибн Талал қирол Салмоннинг жияни ҳисобланади. У ўзининг бойлигини инвестиция лойиҳалари ва акциялар харид қилиш орқали тўплаган. Шаҳзода уч марта ажрашган бўлиб, ҳибсга олинган малика унинг биринчи турмушидан қизи ҳисобланади.

Шаҳзода Ал-Волид Саудия Арабистони асосчисининг набираси бўлганига қарамасдан, сиёсатдан четда юрган ва барча эътиборини халқаро корпорациясига қаратган. Ўтган йили қирол Салмон уни Саудия Арабистонининг Исроилдаги элчиси қилиб тайинламоқчилиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлган.

Шаҳзода 4 ноябрда яна 10 нафар шаҳзода ва бир неча амалдаги ва собиқ вазирлар билан бирга, валиаҳд шаҳзода аксилкоррупцион қўмита бошлиғи этиб тайинлангандан бир неча соат ўтиб ҳибсга олинган. 

Саудия Арабистони маликалари ҳақида гапирилса, улар аввал хорижда бир неча марта жавобгарликка тортилганлар. Мисол учун, 2013 йилда Калифорния штати ҳукумати томонидан шаҳзода Абдулраҳмон бин-Насир Ол Сауднинг рафиқаси, малика Машаэл Алайбан уйида африкалик хизматкорни қулликда сақлаганликда айбланганди. Ўтган йил бир парижлик рассом яна бир саудиялик малика устидан полицияга шикоят қилган. Рассом таъкидлагандек, маликанинг қўриқчилари унинг буйруғи билан рассомни боғлаб, маликага тиз чўкишга мажбур қилишган. Маликанинг номи ошкор қилинмаган, бироқ шуниси маълумки, у Саудия Арабистонини 1975 йилдан 1982 йилгача бошқарган собиқ қирол Холиднинг яқин қариндоши бўлган. 

2001 йилда АҚШнинг Орландо шаҳрида Саудия Арабистонининг яна бир собиқ қироли Фахднинг жияни Бинах Ол Сауд панжара ортига тушган. Унга индонезиялик хизматкорига зўравонлик қўллагани туфайли 15 йиллик қамоқ жазоси хавф солган. Хизматкорнинг айтишича, малика уни мунтазам дўппослаб келган. Малика бир кеча панжара ортида ўтказгач, 5 минг доллар гаров эвазига озодликка чиқарилган.

Массачусетс штатида яшаган малика Хана ал-Жадар 2006 йилда хизматкорларига ойига 300 доллар тўлаб, уларнинг меҳнатидан деярли узукун фойдаланишда айбдор деб топилган. Шу сабаб малика шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум этилган ва АҚШдан депортация қилинган.  

Мавзуга оид