Самарқандда халқаро конференция ўтказилди. Нималар ўзгарди, қандай натижалар қўлга киритилди?
10-11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва Эрон Ташқи ишлар вазири, Покистон Бош вазири Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, АҚШ президенти ёрдамчисининг Хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, Евроиттифоқ Ташқи сиёсий масалалар бўйича олий вакили ҳамда турли давлатлардан 500га яқин соҳа мутахассислари иштирок этди.
Конференция нима ҳақда ва нима учун ўтказилди? Унда нималар муҳокама этилиб, қандай натижалар қўлга киритилди? Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида, Kun.uz нигоҳидаги таҳлил ҳавола этилади.
Таъкидлаш жоизки, конференция Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун платформа вазифасини бажарди. Унда «Марказий Осиё ва Евроиттифоқ» кўринишидаги Ташқи ишлар вазирларининг анъанавий йиғилиши ҳам ўтказилган. Шунингдек, турли давлат вакиллари иккитомонлама ўзаро мулоқотга киришди.
Ўзбекистон конференцияни уюштириш орқали нимани англатмоқчи?
Аввало, унда президентнинг нутқига диққат билан эътибор қилиш лозим. Шавкат Мирзиёев «БМТ мутахассисларининг маълумотига кўра, сўнги 10 йил ичида минтақа ЯИМ икки баробар» ошиши мумкинлигини айтиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини билдирди. Президент Марказий Осиёда транспорт-логистика йўналишида амалга оширилаётган ва бажарилган бир нечта лойиҳаларга тўхталиб, чегара ва божхона соҳасида яқиндан ҳамкорлик зарурлигини эътироф этган. Шу ўринда, минтақа хавфсизлиги олдида якка ҳаракатланиш самарасиз экани айтилиб, кучларни бир жойга жамлаш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
Шунингдек, конференция ўзида иккита характерни аниқ ифода этиб турди: 1) Ўзбекистон минтақада ҳамкорлик юзасидан ислоҳотларга тайёр ва қўллаб-қувватлайди; 2) Ўзбекистон хорижий шериклар билан ишлашга ва сармояларни жалб қилишга қулай шароитларни яратади.
10 ноябрь куни Хитойдан Финляндия томон жўнаб кетган илк юк поезди денгиз орқали юк ташувда сарфланадиган 30 кун муддатни тежашга имкон беради. Поезд Қозоғистон орқали Россияга ўтиб, кейинроқ Финляндияга етиб боради. Бу эса мажозий маънода Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғига қиёс бўла олади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам айнан Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир ва автомагистрал йўлига урғу бериб ўтди. Унинг айтишича, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошишига таъсир кўрсатади.
Евроиттифоқ билан муносабатларда нима ўзгаради?
Конференциянинг бир қисмида «Марказий Осиё ва Евроиттифоқ» кўринишидаги Ташқи ишлар вазирларининг анъанавий йиғилиши бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида европаликлар минтақа мамлакатлари қисқа муддатда улкан ютуқларга эришаётгани, энг асосийси ижобий ислоҳотларга юз бураётганини эътироф қилди.
Шунга кўра, минтақа ва Евроиттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик стратегияси келгуси 18 ойда ишлаб чиқиш режаси келишиб олинди. Шунингдек, жорий йилнинг 7 декабрь куни Брюссель шаҳрида «Марказий Осиё ва Евроиттифоқ» кўринишидаги Адлия вазирларининг йиғилиши ўтказилиши эълон қилинди.
Марказий Осиё бешта давлат Ташқи ишлар вазирлари Иттифоқнинг 2020 йилга қадар минтақадаги лойиҳа ва дастурларини муваффақиятли давом эттириш учун 1 миллиард евро ажратишини маъқуллади.
Иттифоқ минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш, Афғонистонда тинчликка эришиш учун малака мутахассислар гуруҳини муайян лойиҳаларга жалб этишини билдирди. Шунинг билан келгуси учрашув 2018 йил Брюсселда ўтказилиши эълон қилинди.
Мавзуга оид
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024